Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 8 ноябрь куни соат 23:12 да тумандаги «Навбаҳор» МФЙ Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра 2 та ёнғин-қутқарув экипажи 23:14 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 23:38 да бартараф этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида кийим-кечак, маиший техника, чинни-чиновор ва бошқа дўконларнинг 120 кв.м майдонда дўкон жиҳозлари, маҳсулотлари, шифт ва том қисми ёниб зарарланган.

«Қутқарувчилар ҳаракатлари натижасида ёнғиндан иморатларининг 1500 кв.м. майдони сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.