Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни маҳаллий саноатни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Биз ёзган тўқимачилик ва заргарлик саноатидан ташқари, қурилиш ва мебель саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган «саноат ипотекаси» дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилган. Бунда, биринчи босқичда 50 миллион АҚШ доллари ажратилади, икки йиллик имтиёзли давр билан 7 йилга кредитлар берилади.

Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналарини, Испания, Италия ва Туркиянинг етакчи корхоналари билан музокара ўтказиб, Ангренда чинни идишлар ва сантехника буюмлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилинади.

Шавкат Мирзиёев келгуси йилда Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион долларлик 10 та лойиҳани ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Қурилиш материаллари экспортини 2023 йилда 900 миллион долларга етказиш, ички бозор учун 5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Хоразмдаги юзга яқин маҳалла мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Президент мазкур маҳаллалар атрофида мебель саноати марказларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 15 та мебель зонаси инфратузилмаси учун 55 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, мебель ишлаб чиқарувчилар учун божхона имтиёзларини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш, бу соҳада 250 та янги лойиҳа ва қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берди.

Келгуси йилда мебель ишлаб чиқариш ҳажми 5 триллион сўмга, экспорт ҳажми эса 50 миллион долларга етиши кутилмоқда.