Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда уй-жой шароитларини яхшилашда яшил ипотека кредитларини кенгайтиришга ёрдам бериш учун 150 миллион доллар миқдорида кредит ажратади, деб хабар қилди банк матбуот хизмати.

Осиё тараққиёт банкининг ипотека бозори секторини ривожлантириш дастури доирасидаги кредит маблағи Ўзбекистон ипотека кредитларини қайта молиялаш компаниясининг уй-жой ипотекаси, турар-жойларни ободонлаштириш ва «яшил» молиялаштиришга йўналтирилади.

Ўзбекистонда қарз олувчилар «яшил» ипотека кредитларидан иситиш ва совутиш тизимларини таъмирлаш ёки ўрнатиш, қуёш панелларини ўрнатиш, гидроизоляцияни яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш учун фойдаланишлари мумкин.

«Хавфсиз ва фаровон уй — инсоннинг асосий ҳуқуқи ва биз Ўзбекистонда ҳамёнбоп ипотека кредитлари имкониятларини оширишга ёрдам берганимиздан мамнунмиз», деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Эвгений Жуков. «Биз, шунингдек, ушбу дастур уй эгаларига ўз уйларининг энергия самарадорлигини оширишга ёрдам бериши ва иқлим ўзгаришини юмшатишга ҳисса қўшишидан хурсандмиз».

ОТБ кўмагида ипотека кредитини қайта молиялаш компанияси яшил ипотека маҳсулотлари учун мувофиқликни баҳолаш ва энергияни тежаш ҳисоб-китобларини ўз ичига олган «яшил» ипотека воситалари тўпламини ишлаб чиқади ва амалга оширади. ОТБ дастури доирасида кредитларнинг камида 32,5 фоизи аёлларга берилиши керак.