Чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида террористик ташкилот аъзоси бўлган эркак хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, 1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган Х.М. хорижда мавсумий ишлаган даврида интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан доимий алоқада бўлган. Уларнинг таъсирида 2019 йилда Сурияга бориб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 10-моддасида назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига мувофиқ, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди», — дейилади хабарда.