Эндиликда ҳоким ёрдамчилари суҳбат асосида ОТМга қабул қилиниши мумкин. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг иқтисодий таълим йўналишларига ҳокимнинг тавсияси билан давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Уларнинг ўқитиш харажатлари Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Қарор лойиҳасини қабул қилишнинг зарурати сифатида, ҳоким ёрдамчиларини тайинлаш жараёнида иқтисодий билимларни эга бўлган кадрлар етишмовчилиги юзага келгани кўрсатилган.

«Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши намуна кўрсатиб келаётган олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларига олий таълим бериш, уларни иш сифатини ошириши ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада ошириш имконини беради», — дейилади қарор таҳлилида.

Қарор муҳокамаси 19 ноябрга қадар давом этиши белгиланган.