Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади. Кейинги бекат Тошкент метроси!

Еростида ҳаёт қандай кетмоқда?

Роппа-роса 45 йил аввал Тошкент метрополитени вестибюли шаҳарликлар учун илк бор очилганди. Юбилей муносабати билан «Газета.uz» тизимни ичидан кўрсатади: поездлар қаерга кетади, уларнинг қандай турлари мавжуд ва йўловчилар нима учун охирги поезд қачон кетганини билиши керак?
Роппа-роса 45 йил аввал Тошкент метрополитени вестибюли шаҳарликлар учун илк бор очилганди. Юбилей муносабати билан «Газета.uz» тизимни ичидан кўрсатади: поездар қаерга кетади, уларнинг қандай турлари мавжуд ва йўловчилар нима учун охирги поезд қачон кетганини билиши керак?
1977 йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент метрополитенининг тўққизта бекати ўз эшикларини барча учун очди. Биринчи Чилонзор линиясининг узунлиги ўшанда 11,7 кмни ташкил этганди. Бугун эса мавжуд тизимнинг умумий узунлиги 58,5 кмгача кўпайди. Ҳар куни 64 та поезд 550 мингдан ортиқ йўловчини ташийди, 43 та станция ва электр депосида 5 минг ходим навбатчилик қилади.

Поездлар қаерда тунайди ва даволанади?

Чилонзор метросининг 9 бекатдан иборат биринчи линияси қурилиши 1968 йилда бошланган. Унинг яратилишига 1966 йилдаги ҳалокатли зилзила сабаб бўлган, шундан сўнг ерости транспорти Тошкентнинг янгиланган бош режасига киритилган. Метро очилгунга қадар Москвадан тўрт вагонли 20 та поезд келтирилди. Келган поездлар бугунги кунгача йўловчи поездларига хизмат кўрсатаётган Чилонзор ТЧ-1 электродепосига жойлаштирилди.
Депонинг техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш мажмуаси ер усти устида жойлашган. У ерусти темир йўл билан боғланган. Бу янги поездларни етказиб бериш ёки уларни бошқа линияга олиб кетишда қўл келади.
Депонинг таъмирлаш-сақлаш мажмуаси 25 та таркибга мўлжалланган бўлиб, улардан иккита ўрин таъмирлаш учун ажратилган. Ҳар куни Чилонзор линиясининг 23 та поезди депога кўздан кечириш, ювиб-тозалаш, керак бўлса, таъмирлаш учун келади.
Николай Малигин
Учинчи тоифали чилангар
Тошкент радиотехника ва автоматика касб-ҳунар коллежини тамомлаб, узоқ вақт енгил ва юк машиналарини таъмирлаш билан шуғулланган. У метрода ишлаш учун метрополитенда қайта малака оширди.
«Мен машиналар билан машғул бўлишни яхши кўраман. Поезд ҳам машина, фақат гайкалари каттароқ. Шунинг учун бир неча ойнинг ичида таркиб конструкциясини тезда ўзлаштириб олдим ва барча деталларни ягона механизмга бемалол йиға олдим», — дея сўзлаб берди Николай Малигин.
У кун давомида йўналишга қараб 4 тадан 6 тагача таркибга хизмат кўрсатади, кечаси эса мавжуд барча 8 та поездни текширади. Унга кўпроқ замонавий «Москва» (81-765/766/767 модель) поездлари билан ишлаш ёқади. Улар 2019 йилда ерусти линияси учун сотиб олинган.
«”Москва” бузилмайди. Фақатгина механизмларга тегиниб чиқамиз, мойларини алмаштирамиз», — дея таъкидлади Николай Малигин.
Тошкент метрополитени рамзи ҳисобланмиш 81-717/714 модель поезди механик текширувларга тайёрланмоқда. Ушбу ҳаворангли таркиб биринчилардан бўлиб, метрополитенга кирган. Депода Ҳарфли индекси бўлмаганлиги сабабли уни «рақамли» деб номлашган.
Поезднинг кейинги модернизация қилинган талқинлари қизил ҳошияли оқ ва кўк рангларга бўялди, бош вагонлар эса «ниқоб»ларга эга бўлди. Салонларга залғалдоқ рангли эшик ва тутқичлар, тортиб очиладиган ойналар (аввалгилари пастга суриб туширилган) ҳамда кўк рангли йўловчилар ўриндиқлари ўрнатилди. Кейинчалик айрим таркибларда бош вагонларнинг шакли бир оз чўзилди, шу сабабли машинистлар уларни ҳазиллашиб «ўрдакбурун» ва «покемон» деб аташади.
реклама
реклама
Николай Малигин поезд тагига тушиб, вагонларни болғача ва чироқ билан текшириб чиқади. Ҳаракат темир йўл станцияларидаги вазиятдан фарқ қилмайди: «тук-тук-тук» — мутахассис ғилдиракларга уриб чиқади. Агар улар жарангдор бўлмаса, демак, нуқсони бор.
Бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисобот диспетчерлик хизматига топширилади. У депо ишчиларининг ҳар бир қадамини назорат қилиб туради. Агар таркиб текширувдан муваффақиятли ўтган бўлса, у йўналишга чиқади.

Диспетчерларнинг топшириғи билан иккинчи 81-718/719 модели йўлга отланади, у шунингдек, «ТИСУ» деб ҳам аталади. Давлат байроғи рангларига бўялган поездлар илк бор 2001 йилда Юнусобод йўналиши очилишида йўлга қўйилган. Поезд деподан чиқиши учун унга ишчилар тилида «қармоқ» («удочка») деб аталадиган ҳамда 186 Вольт қувватли кучланиш жўнатиладиган махсус кабель уланади.

Агар поезд станцияда тўхтамасдан ўтиб кетса, билингки, бу махсус хизматга тегишли ёки таъмирлашга олиб кетилаётган, қолаверса, рельсда синовдан ўтказилаётган таркиб бўлиши мумкин. Бундай поездларни захирадагилар алмаштиради. Улар депода, ҳар доим йўналишга чиқишга шай ҳолатда туради.
Замонавий моделларда бошқарув автоматлаштирилган, шунинг учун ҳатто носозлик бўлса ҳам, поезд ўз депосига хавфсиз етиб боради. Носоз таркиблар деподан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қошидаги Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводига юборилади. У ерда улар қисмларга бўлинади ва иложи бўлса, қайта йиғилади. Акс ҳолда, бошқа таркибларни созлаш учун ишлатилади.

Поездларни ким бошқаради?

Тошкент метроси ҳар куни 19 соат ишлайди. Айрим байрам кунлари эса транспорт ишни 1 соат вақтлироқ бошлаши ёки тугатиши мумкин.
Поездлар қатнови жадвали ва йўналиши метро диспетчерлик маркази томонидан тузилади. Бу жой ерости транспорт тизимини бирлаштирувчи бўғин бўлиб, бутун иш жараёни ва ходимларни реал вақт режимида, кечаю кундуз бошқаради.

Машинист Мўмин Ғуломовнинг сўзларига кўра, ҳар куни тонгда диспетчерлик маркази операторлари машинистларнинг таркиби қайси «канава» (назорат нуқтаси)да тургани ҳақида маълумот беради. Шаҳар автобуслари ҳайдовчилари каби улар ҳам сменадан олдин тиббий кўрикдан ўтади ва йўналиш варағини олишади. Ҳайдовчиларнинг жадвали мослашувчан, аммо улар ҳафтасига олти кун ишлашади.
Мўмин Ғуломов
Машинист
15 йилдан бери Чилонзор депосида ишлайди. Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Механизатор сифатида 3 йил ишлаган. Метрополитен техникумида бир йил давомида машинистликка ўқиган.
«Ҳар бир машинист поезд бузилган тақдирда мустақил равишда таъмирлаш учун муҳандислик ва техник кўникмаларга эга бўлиши керак, — дея сўзлаб берди Мўмин Ғуломов. — Бу мактабда ҳамма нарсамиз бор: компьютер, проектор, электрон дарсликлар, симуляторлар, ҳайдовчи пульти ва кўргазмали қуроллар. Ҳар 6 ойда линия ва ҳаракат таркиби бўйича билимимизни тасдиқлаш учун имтиҳондан ўтамиз. Бир ёки икки йилда бир марта малака ошириш имтиҳони ўтказилади».
Машинистларнинг тўртта тоифаси мавжуд, улар формасидаги юлдузчалар сони билан фарқланади.
1
Бошланғич ёки учинчи тоифа машинисти
2
Иккинчи тоифа машинисти
3
Биринчи тоифа машинисти
4
Инструктор-машинист
«Тиғиз соатларда ҳаракат оралиғи қисқаради. Линияда 20 та поезд ҳаракатланади, — деди Мўмин Ғуломов. — Агар олдинги поезднинг жўнаш жадвали ўзгарса, орқадаги барча поездлар кутиб туради. Туннелларда поездларнинг тез-тез бундай тўхтаб қолиши йўловчилар ёпилаётган эшиклардан ичкарига киришга ҳаракат қилиб, поезднинг жўнашини кечиктириши натижасидир. Оқибатда, машинист эшикларни яна очишга мажбур бўлади ва поезднинг тўхташ вақти узаяди, унинг ортидан бораётган поезд жой бўшашини кутиб туннелда туриб қолади».
Туннелга киришдаги соат таблосига қараб, балки сиз сўнгги поезд қачон кетганлигини билиш нима учун кераклиги ҳақида бош қотиргандирсиз.
Бу соат йўловчилар учун эмас, балки ҳайдовчилар учун мўлжалланган, деди Мўмин Ғуломов. Агар станциялардаги узоқ туришлар оқибатида поездлар ҳаракати жадвали ўзгарадиган бўлса, ушбу соатлар ёрдамида машинист сўнгги поезд қачон кетганини билиб олади.
реклама
реклама
Сўнгги станцияга етиб боргандан сўнг, поезд туннелнинг охирига, тупикка йўл олади. У ерда машинист сўнгги вагонга ўтиб олади, диспетчер эса стрелкани (бир изни иккинчисига ўзгартирувчи мослама – таҳр.) алмаштиради ва таркиб платформанинг нариги томонидан ортга ҳаракатлана бошлайди. Ортга қайрилиб олиш функциясидан ташқари тупик поездлар учун «тунаб қолиш» жойи ҳамдир. Улар смена тугагач, депога қайтмайди ва эрта тонгда линияга биринчи бўлиб чиқади.

Поездларни ким кутиб олади ва кузатиб қўяди?

Ҳаракат таркиби платформага етиб келиши билан уни Тошкент метрополитенининг ўзига хос ташриф қоғози ва «чиройли чеҳра» деб ҳам аталадиган ҳаракат хизмати кутиб олади. Чунки ушбу хизмат ходимларининг аксарияти — аёллардир. Улар йўловчиларни дўстона табассум билан кутиб олади ва кузатиб қўяди, энг муҳими — уларнинг хавфсизлиги учун жавоб беришади.
«Мустақиллик майдони» бекати навбатчиси Даяна Жерлова касбининг нозик жиҳатлари ҳақида 1991 йилдан бери метрода навбатчилик қилган онасидан билиб олган.
Даяна Жерлова
«Мустақиллик майдони» бекати навбатчиси
Даяна Жерлова Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежи ўқиши давомида метрода амалиёт ўтаган. 2014 йилдан бери метрополитенда ишлайди.
«Бу ерга биринчи марта келганимда 18 ёшда эдим. Эсимда, биринчи кун озроқ қўрқдим, лекин кейин кўникиб кетдим. Ишим жуда қизиқ, ҳар куни турли одамлар билан мулоқот қиласиз. Йўловчилар ёрдам сўрашади ва ишимиз учун раҳмат айтишади, иккинчиси айниқса ёқимли. Бир-икки марта улар ҳатто шоколад бериб кетишган», — дейди Даяна Жерлова.
Охирги станцияларда навбатчилар вагонларда унутиб қолдирилган нарсалар бор-йўқлигини текширади ва ухлаб ётган йўловчиларни уйғотади.
«Навбатчи ҳамма нарсага тайёр туриши керак. Агарда йўловчи қисилиб қолса ёки вагонда кимнингдир тоби қочса, икки томонли диск ёрдамида машинистга махсус сигнал бераман: қизил томони «тўхта», ўртасида қора доира бор оқ томони эса «юриш мумкин» дегани. Сўнг биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатаман», — дейди Даяна Жерлова.
Унинг сўзларига кўра, ишидаги энг хавфли вазият — йўловчиларнинг поезд остига йиқилиши. Кўп ҳолларда бу тутқаноқ тутиши ёки ҳушдан кетиш билан боғлиқ. Баъзида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.
реклама
реклама
«Бир марта ёш бир йигит рельсга сакраб тушди, туннелда эса яқинлашиб келаётган поезд кўриниб турарди. Мен дарҳол ҳайдовчига ишора қила бошладим, шунда у мени кўрди ва поездни тўхтатди. Диспечерлик маркази билан боғланиб, рельсдаги кучланишни ўчиришларини сўрадим. Сўнгра, ён томондаги эшикни очиб, тушиб кетган йўловчининг олдига бордим, — деб эслайди Даяна Жерлова. — Йигит буни «шунчаки шундай қарорга келгани» учун қилганини айтди. Яхшиямки, ўз вақтида шу каби фожиаларнинг олдини олишга муваффақ бўламиз».
Мукамбар Умарова
Эскалатор оператори
2001 йилдан буён «Мустақиллик майдони» платформасида экскалатор кузатувчиси сифатида ишлаб келмоқда.
«Бизнинг “Мустақиллик майдони” станциямизда «Ленинград» русумидаги эскалаторлар ўрнатилган, улар соатига 8-12 минг йўловчини ўтказиш имкониятига эга. Бизда иккита эскалатор доимо ишлайди, биз уларни сменадан кейин фақат тўрт соатга ўчирамиз, учинчиси эса захира. Биз уни иккаласидан бири ишламай қолса, диспетчернинг рухсати билангина ёқамиз», — дейди Мукамбар Умарова.
Баъзи йўловчилар эскалаторга чиқишдан қўрқишади, бундай ҳолларда диспетчер билан келишилган ҳолда уларга захира эскалатордан ўтишга рухсат берилади. Операторнинг сменаси 12 соат давом этади. Мукамбар Умарованинг тан олишича, бир хилда ўтириб ишлаш чарчатади. Зарурат туғилганда унинг ўрнини станция бўйича навбатчи эгаллаб туриши мумкин. Лекин у кузатув будкачасини узоқ вақтга ташлаб кетолмайди.
«Будкачамда соат йўқ. Лекин йўловчиларга қараб вақтни аниқлайман. Агар талабалар чиқса, демак, тушлик вақти. Айрим таниш чеҳралар эса кечки соат 5-6 ларда ўтиб кетишади» — деб кулади Мукамбар Умарова.
реклама
реклама
Ярим тунда станциялар йўловчилардан бўшаб, поездлар депога қайтгач, линияларда иш қайнашда давом этади. Навбатчилар смена алмашади, диспетчер рельслардан кучланишни ўчириш буйруғини беради ва туннелларга «темир йўлларнинг кўзу қулоқлари» — йўлчилар, электрчилар, алоқачилар, чилангарлар ва бошқа ишчилар йўл олади. Улар йўллар ва туннелларни диққат билан текшириб, муаммоларни бартараф этишади.
Бригадаларда кўздан кечириш ва муаммоларни бартараф этиш учун 5 соат вақт бўлади. Тонгга яқинроқ диспечерлик маркази туннелнинг ёритиш чироқларини ўчириб-ёқиш орқали сигнал беради. Бу иш вақти тугаганини англатади. Ишчилар туннелларни тарк этишади, поездлар эса илк йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.
Материални Фарзона Хамидова тайёрлади.
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг