«Майли, имконият берманг, лекин халақит ҳам қилманг!» — Ўзбекистондаги ёш оилалар билан суҳбат
Бугун оила борасидаги муайян стереотиплар ўзгаряпти: аёл рўзғоридан ортиб, танлаган соҳа, касб-корида, жамоасида ютуқларга эришяпти, турмуш ўртоғи ҳам уни қўллаб-қувватлаяпти. Яна ёш оилаларнинг кўпи орзу-ниятига биргаликда – қўш қанот бўлиб, эр-хотин бир ёқадан бош чиқариб олдинга интиляпти. Аммо икки ёшнинг мақсадини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга халал берадиган тўсиқлар, жамиятдаги чегаралар анча-мунча. Буни яшириб бўлмайди.
Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми 30 ёшгача бўлган ёшлардан ташкил топган муҳим демографик босқичда турибди. Келгуси 20 йилликда бугунги ёш авлод мамлакат меҳнат ресурсларининг асосий кучига айланади. Уларнинг ривожланишига тўғри сармоя киритилса, таълим нисбатан янги иқтисодий даражага чиқиши мумкин.
Жамиятдаги стереотиплар, аввалдан ўрнатилган, бугунги воқеликка ҳеч қандай алоқаси йўқ анъаналарни бузиб ташлайдиган кичик, эркин фикрли ёшлар қатлами пайдо бўлгани сезилмоқда. Ижтимоий тармоқлар, таълим платформалари орқали ХХI асрнинг муҳим ва зарур йўналишлари очиқ ва фаол равишда тарғиб қилинмоқда. Масалан, таълимнинг аҳамияти ва зарурлиги, чет элда ўқиш, феминизм ҳақида гапириш, касбий тажриба алмашиш кабилар. Фикримча, бу жуда зўр! Энг муҳими, шу қадар қизғин воқеалар орасида жасур, ақлли ва гўзал қизларнинг кўплиги мени хурсанд қилади.
Саволни жавобсиз қолдирди.
Саволни жавобсиз қолдирди.
Ислоҳотларнинг натижасини интернет, телевизор ёки ҳисоботларда айтилаётган гаплардан эмас, оддий ўзбекистонлик ёшларнинг ҳаётидан қидириш керак. Ўзим ва атрофимдагиларнинг ҳаётига боқсам, яхшигина ижобий ўзгаришлари топишим мумкин.
Мисол учун, авваллари жуда кўп вилоятлик иқтидорли ёшлар «прописка» сабабли пойтахтдаги марказий давлат идораларида фаолият юритиш имкониятига эга бўлишмаган. Университетни битириб давлат ишига кириш учун суҳбатга борганимда паспортимдаги муҳрга эмас, кўпроқ қўлимдан келадиган ишга эътибор берилганда ислоҳотларнинг натижасини ҳис қилганман.
Яна тенгдошларимиз, ука-сингилларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикрларини билдираётгани, лоқайдликни йиғиштириб, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар тўғрисида тасаввурга эга бўла бошлаганини ҳам ижобий жараён деб баҳоласак бўлади.
Бугун ёшларга кўп имкониятлар яратилган. Аммо ҳаммаси қоғоздан амалга ўтиши керак. Йигит-қизлар ўзга юртлардан нажот изламасликлари учун ҳам шунчаки тенгликка риоя этилса бўлди.
Аниқ бир соҳадаги ислоҳотлар ҳақида фикр билдириш учун ўша соҳанинг мутахассиси бўлиш керак деб ўйлайман. Фактлар билан гапирганда ҳаммаси ойдинлашади. Менга умумий кўринган манзара: ҳаммаси яхши томонга ўзгариши учун ҳаракат бор. Аммо бу ҳаракат жадаллашиши керак. Бир маромда давом этса ҳам майли, орқага қараб кетмаса бўлгани.
Ҳар бир тизимда ёш кадрлар кўрина бошлаяпти. Ўйлайманки, жуда кўп ҳолатларда ёшларга имконият бериш шарт эмас, шунчаки халал берилмаса, бас. «Олдини қайтарма», деган гап бежиз айтилмаган. Ёшликка «ғўрлик» сифатини тақамаслик лозим деб биламан. Бир жойда турган сув кирланиб қолади. Дарё доим оқиб туриши керак.
2017 йили Республика цирк коллежига ўқишга киргандим. Ўшандан ҳозиргача кузатувларим асосидаги хулосаларим ижобий.
Ислоҳот таълимда кўпроқ сезиляпти. Бу тизимда хусусий тармоқ кенгая бошлади. Мактаблар, ўқув марказлари, университетлар очилмоқда. Рақобат бор жойда, албатта, ўсиш бўлади. Авваллари Тошкентда бу даражада кўп ўқийдиганларни кўрмас эдик. Камчиликлар йўқ эмас. Аммо жараён шундай давом этса, хусусийлаштириш кенгайса, улар билинмай ҳам кетади.
Энг кўзга кўринадиганлари сифатида доимий яшаш жойи – «прописка»нинг енгиллаштирилгани, хусусий тадбиркорликка имтиёзлар берилаётгани, ўқув муассасалари сонининг ортиши кабиларни кўрсатишим мумкин.
Охирги 5-6 йилликда Ўзбекистонда кўп нарса ўзгарди. Албатта, яхши ва ёмон томонга. Айнан ёшларга билвосита таъсир қилган ислоҳотлардан бири олий таълимга кириш имтиҳонларида очиқдан-очиқ ўйинларга чек қўйилгани дея оламан. Бошқа томондан, билим даражаси етарли бўлмаган абитуриентлар учун суперконтракт тизими жорий қилиниб катта хатога йўл қўйилди. Имтиҳонлардан кейинги таълим сифати ҳақида гапираётган биринчи одам бўлмасам керак.
Ортга назар ташласак, бир неча ўн йиллар давомида олийгоҳлар тайёрлаган юз минглаб педагоглар эндиликда қайсидир мактабда фарзандларимизга дарс ўтмоқда. Ушбу тизимни «тозаламаслик» бизга ҳали анча қимматга тушиши мумкин. Умуман, олий таълимга кириш осон, 4 йил ўқиб, курсдан қолиб кетмасдан битириб олиш эса катта машаққат талаб қиладиган тизим бўлсагина кўп муаммолар барҳам топади деб ўйлайман.
Биз кўпинча бутун Ўзбекистон ва унда яшовчи одамларни фақат пойтахт аҳолисининг фаровонлигига қараб баҳолаймиз. Лекин Тошкент – бутун бошли мамлакат эмас. Ишончим комилки, таҳририятингизнинг кўплаб ўқувчилари Маслоунинг «Эҳтиёжлар пирамидаси» ҳақида билишади. Унга кўра, барчамизда эҳтиёжлар иерархияси мавжуд. Асосий эҳтиёжлар қондирилмаса, бошқа нарса ҳақида ўйлаш қийин. Агар ишда сизга кам маош тўланса ва кечаси ухламасдан оилангизни қандай боқиш ҳақида бош қотирсангиз, ўзингизни англаш ҳақида ўйлашингиз даргумон.
Хуллас, вилоятлар, узоқ туманлар ва қишлоқларда яшовчи юртдошларга «Маслоу пирамидаси»га кўра муносиб ҳаёт кечириш учун озгина нарса керак. Улар соғлом бўлса, барқарор иш топса, даромадини оиласидагиларни боқиш, кийинтириш, ўқитишга еткизолса, қишда газ ва чироқ узилмаса – улардан бахтлисини тополмайсиз.
Қисқача айтганда, биз нимага тайёр бўлишимиз керак? Сифатли таълимгами? Ёки муносиб тиббий ёрдамгами? Уйимизда ўчмайдиган газ ва электр энергияси бўлишигами? Ёки яхши иш шароитларигами? «Одамлар бунга ҳали тайёр эмас» деганларни шу саволлар қизиқтирадими? Катта ишонч билан айтаманки, одамлар бунга аллақачон тайёр.
Саволни жавобсиз қолдирди.
Жамиятни илм қутқаради. Илм эса китобдан, таълимдан. Таълим сифати ошмас экан, билим ҳақида сўз бориши ҳам мумкин эмас. Дунёқарашга келадиган бўлсак, турли соҳаларда изланиш, ўзни қидириш, чет эл ёшлари билан мулоқот қилиш (бунда турли халқаро конференциялар, оромгоҳлар ва тадбирлар мисол бўла олади), илмий китоб мутолаасини узлуксиз равишда олиб бориш керак. Одам ўз-ўзидан тайёр бўлмайди, у ёшлигидан ўсади ва унади. Меҳнат қилинмас экан, эртага меваси ҳам тайёр бўлмайди.
Тўғрисини айтсам, илгари мен ҳам «одамлар тайёр эмас» деган идеологияга ишонганман. Ҳаммага гапириш имкони берилса, ёввойи бир жамият ҳосил бўлади деб ҳисоблаганман. Бироқ кейинчалик амин бўлдим-ки, одамлар ҳеч қачон тайёр бўлмайди. Шунинг учун ҳеч нарсадан тап тортмай, «комфорт зона»дан чиқиб, ўзгаришлар сари дадил қадам ташлайвериш керак экан.
Жамиятдаги муаммолар, одамларнинг фикрлаши, дунёқараши ва билимининг етарли даражада яхши эмаслиги ҳақида кўп гапирилган, гапирилмоқда ва бундан кейин ҳам гапирилади. Мен бу борада жамиятни айбламаган бўлардим. Мисол учун, Шимолий ва Жанубий Кореяни олайлик. Бир миллат, бир менталитет, бир географик ҳудуддаги одамлар дунёқараш ва билим борасида кескин фарқ қилади. Демак, масала давлат сиёсати ва бошқаруви ўртасидаги фарққа бориб тақалмоқда.
Сингапурни учинчи дунё мамлакатидан бой ва аҳолиси фаровон давлатга айлантирган омил ҳам конструктив бошқарув ва халқпарвар сиёсат бўлган. Мамлакатда қўрқув муҳити кезиб юрса ва нотўғри бошқарув сиёсати амалга оширилса, халқ холис ахборот олиш имкониятидан тўсилиб, биқиқ муҳитда иҳоталаниб яшашга мажбурланса, халқнинг билими ва савияси ошишини, дунёқараши кенгайишини кутишдан умуман маъно йўқ.
Бугун ўзини жамиятнинг бир бўлагиман деб биладиган, фикрларини жойига «михдай қоқиб, қалпоғини суғуриб оладиган» ҳар қандай одам «бу мен учун эмас» қабилида иш кўрадиганларни бемалол изидан эргаштира олади. Жамиятни орқага тортувчи эмас, аксинча, олға бошловчи фикрларга эҳтиёжимиз катта.
«Одамлар ҳали тайёр эмас», деган гапни миямиздаги луғатдан бемалол ўчириб юборсак бўлади. Жамият турли тоифа, турли даражадаги одамлардан ташкил топган. Демак, умумийлик жиҳатидан ҳар қандай ўзгаришга тайёр. Чунки жамият қозондаги ош эмас, қачон тайёр бўлса, сузамиз дейдиган.
Бу жумла билан бирор бошламоқчи бўлган ишни тўхтатиш, кейинга қолдириш ёки уни ўзгартириб, одамларга тушунарли бўлади деб жуда паст даражада олиб чиқиш мутлақо нотўғри. Одамлар ўз-ўзидан тайёр бўлмайди. Тайёр бўлиши учун ҳам бошлаш керак.
Бунга қаршиман. Рости, бу жараённи чақалоқни 2-3 ёшлигида тагликдан тувакка ўргатиш бошланишига ўхшатаман. Бола ҳали тайёр эмас деб тувакка ўтказиш чўзиб юрилаверса, у тагликда қолиб кетади. Умуман, одамларга керакли янги ислоҳот қилиш ёки янги нарсани ўргатишдан қўрқиш керак эмас. Агар уларга шу фойда келтирса, бунга ўрганади, тайёр бўлади.
Айтиш ҳам, тан олиш ҳам оғир – жамиятимизда саводсизлар кўп. Ўқиган, уққанларнинг жуда кўпи четга кетган ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Охирги 4-5 йилда янгиликлар, ислоҳотлар қилингани билан дунёдан орқадалигимизни ҳамма билади.
Балиқ кўлмакни денгиз деб билганидек, кўпчилик инсонлар Ўзбекистонни дунё деб ҳисоблайди. Ҳамма нарсани фақатгина ўзининг қаричи билан ўлчайди. Дунёқарашни кенгайтириш керак. Бунинг учун имкон қадар саёҳатларга бориш, бошқа давлатлардаги одамлар билан суҳбатлашиш зарур. Шунда киши ўзиникидан бўлак ҳаётни кўради, таққослайди, таҳлил қилади, кўрган қандайдир янгиликларини Ўзбекистонга олиб келади.
Аслида замон эмас, одамлар ўзгаради ва ўзлари ўша ўзгаришларни қабул қилишга қийналишади. Қабул қилиш учун эса ўрганишга очиқ бўлиш керак. Оддий банкоматни ишлатишга қийналаётган аҳолига рақамли ислоҳотларни тушунтириш осон эмас. Бунинг учун уларнинг ўзи шу каби янгиликларга қизиқиши керак.
Масалан, метро ва автобусларда юришни қулайлаштириш учун йўл карталари жорий этилган. Аммо одамлар ҳамон узундан-узун навбатда туриб, бир марталик йўл чиптаси олишади. Ваҳоланки, йўл карталарининг афзаллиги, уларни ишлатиш бўйича йўриқномалар метро бекатларида доим айланади. Бироз эътиборли бўлган киши кейинги сафар яна шундай навбатда туришдан ўзини қутқаради. Ўзгаришларни қабул қилишни, ўрганишни истамаганлар эса жамиятдаги камчиликлардан нолиб юраверади. Ўйлашимча, дунёқараш, фикрлаш ўзгариши учун аввало маълумотларни фильтрлай билиш керак. Қайси маълумот улар учун манфаатли, қайсилари эса аксинча.
Аслида, одамлар ҳали тайёр эмас, деб гапираётган инсон ўзи ҳақида сўзлаётган бўлади. Айни вақтда жамиятнинг фикрлаши, дунёқараши, минг афсуски, хурсанд қиладиган даражада эмас. Энг бошланғич билимлар бўйича оддий мавзуларда қийналишади. Аксариятда базавий фалсафий тушунчалар мавжуд эмас. Таълимни ислоҳ қилиш, инсонларга китоб ўқиш фойдали эканини сингдириш орқали оммани янги даражага олиб чиқиш мумкин.