Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норовнинг Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан учрашуви доирасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

2022 йил 3 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди. Ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ва Жээнбек Кулубаев бошчилигидаги делегациялар Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирлар, шу жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон давлат ташрифига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.


Мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича Тадбирлар режасини («Йўл харитаси») ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида келишувга эришилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Давлат чегарасини делимитация қилиш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Биргаликда йирик инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар йўналишда қатор қўшма тадбирларни ўтказиш юзасидан фикр алмашинилди.


Ўзбекистон делегациясининг Бишкекга ташрифи доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  • Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома;
  • Андижон (Кампир-Обод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим;
  • Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ва Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув ресурслари хизмати ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;
  • Марказий Осиё халқаро институти ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик академия ўртасида ҳамкорлик Шартномаси;
  • «Ўзархив» агентлиги ва Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми.

Шунингдек, ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти ҳамда 2023−2024-йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Шартномада нималар келишилади?

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари икки давлат чегарасидаги Кампир-Обод (Андижон) сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузилганини маълум қилганди.

«Умуман олганда, баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи бизнинг фойдамизга. Кемпир-Обод авваллари тўлиқ ўзбек томони назоратида бўлган, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва [сув омбори] тўғонини биргаликда бошқарамиз, деб келишиб олдик», — деб ёганди у Facebook`да.

Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, сув омборидаги сув сатҳи 908-горизонталдан 900-гача пасаяди. Натижада сув омбори қирғоғидаги 1246 гектар ер бўшатилади ва қирғиз халқи ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 10 октябрь куни мамлакат парламентининг тегишли қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон билан чегара чизиғи бўйича келишув лойиҳаси, қўшни давлатга қанча ер берилгани ва Қирғизистон нима олгани ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, Қирғизистонга 19 минг гектардан зиёд, Кампир-Обод (Андижон) сув омбори сувлари ҳудуди — 4485 гектар ер Ўзбекистонга берилиши қайд этилган.

Ички норозиликлар

Қирғизистоннинг айрим фаоллари ва чегара ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли келишув шартларига рози бўлмади. Улар бошчилигида 22 октябр куни Кампир-Обод мудофаа қўмитаси тузилди. Унга сиёсатчилар ва фаоллар қўшилди. 25 октябрь куни Бишкек суди Кампир-Обод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 20 га яқин одамни деярли икки ойга ҳибсга олди.

Воқеадан икки кун аввал қўмита ўзининг Facebook`даги саҳифасида Ўзбекистон президентига Садир Жапаров билан имзоланиши режалаштирилган келишувни «халқларимиз учун стратегик, ҳаётий муҳим сув ресурслари атрофидаги муаммоли ва мунозарали масалалар ҳал этилгунга қадар кечиктириш» сўралган мурожаатини эълон қилган эди.

Қўмита парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича профиль қўмитасининг бор-йўғи иккита йиғилиши Кампир-Обод масаласини муҳокама қилганини маълум қилди. «Муҳокама депутатларга тўлиқ бўлмаган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тақдим этилган ҳолда жамоатчилик учун ёпиқ режимда ўтказилди», — дейилади мурожаатда. Жамоатчиликнинг ошкора муҳокама талаби фуқаролик жамияти вакилларининг оммавий ҳибсга олинишига олиб келди, дейилади қўмита мурожаатида.

Фаоллар «Кампир-Обод сув омборини ҳамкорликда бошқариш билан боғлиқ муаммолар ва оқибатларини ҳал қилишда янада эҳтиёткор ёндашиш, икки биродар халқ ўртасидаги низо эмас, балки манфаат манбаи бўлиб қолиши»га чақирганди.