Самарқанд вилояти Ургут туманида Lacetti ҳайдовчиси тўрт нафар пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 25 октябрь куни соат тахминан 22:30 ларда Ургут тумани «Ғўс» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи ички йўлда ҳайдовчи А.О. бошқарувида бўлган Lacetti автомашинасини меъёридан ортиқ тезликда бошқариб борган. Ушбу йўлнинг қатнов қисмида пиёда ҳаракатланиб кетаётган 4 нафар фуқароларни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Оқибатда 2 нафар пиёда оғир тан жароҳати олиб Ургут туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган, 2 киши шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши кўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.