«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 16 июнь сонида шоир ва ёзувчи Хуршид Давроннинг «Маърифат шижоатдир» мақоласи чоп этилади. «Газета.uz» «…тарих, тил, уларга қувват бағишловчи маърифат хусусидаги фикрлар» жамланган мақоладан парчани қайта эълон қилади.

Икки тиллилик? Чала тиллилик!

Тил — миллат ижодининг кўринишларидан бири. Яна аниқроқ айтадиган бўлсак, тил миллат моҳияти, миллат дили, миллат устунидир. Тил фақат сўз ёки сўзнинг шакли эмас, тил — ижтимоий ҳаёт, фалсафа, аҳлоқ, руҳ, ҳаяжон. Миллат ижодидаги, яъни унинг адабиёти, санъати, илм-фанидаги ҳар қандай тўсиқ ёки инқироз энг аввало тилда акс этади. Тилга нисбатан қилинган ҳар қандай зуғум ҳам ўз навбатида миллатнинг ижодкор тафаккурида намоён бўлади, уни турғунликка бошлайди. Турғунлик эса бугун ҳаммамиз англаб етганимиздек, таназзулдир. Таназзул бор жойда эса ўлим ҳукмрондир. Демак, ўзбек тилининг келажаги шу тилда сўзловчи халқ ижодий тафаккурининг қувватига боғлиқ. Бу тафаккур ҳаракатда бўлгандагина муваффақиятга эришади.

Тил ишлатиладиган ўн учта соҳа мавжуд: хўжалик ишлари, сиёсий-ижтимоий соҳа, бадиий адабиёт, фан, ҳужжатларни юритиш, ахборот, эстетик таъсир воситалари (театр, кино…), халқ ижоди, маориф, турмуш, ўзаро ёзишмалар, диний маросимлар, ҳарбий соҳа. Мана шу соҳаларнинг ҳаммасида тил ҳаракатда бўлгандагина унинг келажаги ҳақида гапириш мумкин.

Ўзбек тилининг бугунги аҳволи инобат бўлиб, унга давлат тили ҳуқуқи берилиши шарт. Зеро, биринчидан, туб аҳоли тилининг давлат тили деб қабул қилиниши Совет Республикаси бўлиш принципларидан бири; иккинчидан, ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилиниши унинг ўз имкониятларини тўла намоён этиши учун шароит яратади; учинчидан, Конституцияга биноан ҳар бир одам қонун ҳимоясига олингани каби, инсонликнинг биринчи фазилати бўлмиш тил ҳам қонун ҳимоясида бўлиши керак. Бунинг учун бир жумла: «Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ўзбек тилидир» деб ёзилиши кифоя эмас, албатта. Энг аввало, ўзбек тили равнақи ҳақида узоқ йилларга мўлжалланган давлат программасини ишлаб чиқиш зарур.

Одам гўдаклигиданоқ она тили таъсирида бўлиши муҳим ижодий омилдир. Бу муайян шароит таъсирида гўдак дунёни тўла ва аниқ қабул қилиши, буюмлар хусусида ҳар томонлама пухта тасаввурга эга бўлиши мумкин. Агар гўдак икки тил таъсирида тарбияланса, албатта унда сўз бойлиги бир тил таъсирида шаклланган гўдакка нисбатан кўп бўлиши мумкин. Бироқ икки тил воситасида вояга етган боланинг маълум тушунчалар ва бу тушунчаларни англашдаги имкониятлари жуда паст савияда бўлади. Бу эса оқибатда чала билимга эга кишини тарбиялашга хизмат қилади.

Мутахассислар эътирофича, гўдак 10−12 ёшга етгандагина чет тилни ўрганишга киришса, маълум муваффақиятларга эришиши, энг муҳими, дунёқараши шаклланишига салбий таъсир етмаслиги мумкин. Буни яқинда халқаро симпозиумда нутқ сўзлаган москвалик олим Л.Извеков олиб борган тадқиқотлар тасдиқлайди. Унинг ёзишича, икки тил таъсирида тарбияланган гўдаклар дунёқараши бир тилда шаклланган болалар дунёқарашидан орқада қолади, ҳатто баъзан салбий оқибатларга, жумладан, унинг дудуқланишига сабаб бўларкан. Ёки икки тиллилик масаласини давлат программаси сифатида ўрганган швед олимлари тадқиқоти натижалари «Икки тиллилик? Чала тиллилик!» деб номланган тўпламдаги мақолаларнинг қисқача шарҳида ёзилганидек, гўдак энг аввало, она тилида тарбияланса, тилнинг бутун хусусиятларини эгаллаб, иккинчи тилни ўргана бошласа, етук натижаларга эришиши мумкин экан. Швед олимларининг бу масалага бўлган муносабати тўплам номида ўз аксини топгани диққатга сазовор. Ҳатто ЮНЕСКО эълон қилган маданий программалардаям замонавий психолингвистика ва педагогика талабларидан келиб чиққан ҳолда боланинг она тилида савод чиқариши жуда муҳим деб таъкидланади.

Қадим битикларда «ҳифзи лисон» деган ажиб бир сўз учрашига эътибор берганмисиз? Ҳифз — сақлаш, қўриқлаш, лисон — тил маъносини билдиришини ҳам биласиз. Бу сўзни ХХ аср мутафаккири Абдулла Авлоний шундай шарҳ этади: «Ҳифзи лисон ҳар бир миллат ўз она тил ва адабиётининг сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот, биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз. Дуруст, бизларга ҳукуматимиз бўлғон рус лисонин билмоқ ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик нарсадур. Лекин, ўз еринда ишлатмак ва сўзламак лозимдур. Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак, тилнинг руҳини бузадур».

Тил мустақиллигини сақловчи воситаларнинг бири таржимадир. Бегона маданиятга мансуб асар таржима йўли билан миллий маданиятимиз қатламига сингади. Лекин бу ўриндаям ҳақиқий ижодкор таржимонгина бу вазифани уддалай олиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. Чаласавод таржимон бажарган иш тилимизга, демак, маданиятимизга фақат зарар келтиради. Агар Макс Фришни саводсиз, тилбилмас одам таржима қилса, бизга Макс Фришниям саводсиз қилиб кўрсатиши мумкин. Агар тилимиз фақат бошқа тилда пайдо бўлаётган янги сўзларнинг таржимаси билан тўлар экан, тилимиз бойимоқда деб гапириш ҳақиқатга зид бўлади. Тараққиёт давомида янги сўзлар (неологизмлар) табиий равишда пайдо бўлиши учун тил ҳаётимиз учун хизмат қилаётган ҳамма соҳаларда фаол ҳаракат қилиши шарт.

Таржима ҳар бир миллий маданиятнинг ўз-ўзини чет таъсиридан ҳимоя қилиш қуроли эканини унутмаган тарзда, бугунга келиб республикамизда 50 га яқин қардош ва чет тиллардан таржима қилувчи мутаржимлар мактаби шаклланганини тан олган ҳолда таржима асарлари босиладиган «Ер юзи» номли журнални ташкил қилиш керак. Бугун жамиятимизда миллатлараро муносабатлар ва алоқалар бош масала бўлиб қолганини тан олмасдан иложи йўқ. Шундай экан, бўлажак журнал халқлар дўстлиги иши учун хизмат қилиши шак-шубҳасиздир.

Агар тилимиз бугунга келиб ҳимояга муҳтож бўлиб қолган экан, бу, энг аввало, дилимиз ҳимояга муҳтож бўлганидан келиб чиққан ҳодисадир.

Тил равнақини адабиётнинг қудрати белгилайди. Ҳар бир истеъдод — тил ижодкори. Тил кучини уйғотувчи қудрат ижодкор юрагидадир. Ижодкор — халқ яратувчилик қудратининг элчиси, халқ юрагидаги рангин қирраларни дунёга намоён этувчи, асрлар давомида йиғилган маърифат хазинасини бойитувчи хизматчидир. Далада тер тўкаётган деҳқон, пода ортидан юрган чўпон, бино тиклаётган қурувчи, нон дўкони сотувчиси, масжидда ваъз айтаётган имом, талабаларга илм бераётган ўқитувчи ҳам тил ривожи учун хизмат қиладиган ижодкор бўлиши учун уларнинг дили маърифат билан бойиши шарт.

Маърифатли деҳқон ҳеч қачон тепадан қанча зуғум бўлмасин, ерни заҳарламайди, у бу иши билан ўз келажагини ва юрагини заҳарлашини англайди.

Маърифатли ўқитувчи болалар дилига фақат эзгулик уруғини сочади. Зеро, у биладики, эртага бу уруғлар кўкарса, ниҳоллар улкан дарахтларга айланса, Ватан қудрати яна юксалади.

Маърифатли сиёсатчи ўз халқини алдаш йўлидан бормайди. У алданган халқ қалбида фақат қаҳр-ғазаб тўпланишини, ишончи топталган халқда олдга ҳаракат қилиш завқи сўниб боришини, унинг ижодкорлик қуввати сусайишини билади.

Маърифатдан йироқ амалдор ҳеч қачон халқ дилидаги дардни тушунмайди. Қолаверса, у буни заррачалик тушунишни истамайди. Маърифатсиз раҳбар ҳамиша ўз теварагида маърифатсиз раҳбарчаларни йиғиш билан шуғулланади. У куч ишлатишга, зўрликка, дўқ-пўписага, ҳур фикрдаги кишиларни қатағон қилишга мойил бўлади.

Ҳозир матбуотда жуда кенг ёритилаётган Сталин шахсини олайлик. Сталин партиядаги олий мансабни эгаллаб олгач, Лениннинг сафдоши бўлган жуда кўп зиёлилар жонига қасд қилди, ўз атрофига Жданов, Ворошилов, Каганович, Берияга ўхшаган маърифатсиз кимсаларни йиғиш билан шуғулланди. Бу ҳодисани ўрганган жуда кўп мутахассислар буни турли сабаблар: бировлар Сталлиннинг яккаҳокимликка ўчлиги, бировлар унинг руҳий касаллиги, баъзилар эса давр зарурати билан изоҳлайдилар. Менингча, бу даҳшатли қатағонларнинг барчасига Сталиннинг жоҳиллиги, у яратган жаҳолат сиёсати сабабчи, деб ўйлайман.

Сталинча жаҳолат халқ маънавий камолотининг асоси бўлмиш тилимизга нисбатан 1929 ва 1940 йилда имло ўзгариши баҳонаси билан қилинган икки даҳшатли қатағонда янада ёрқин кўринади. Фозил халқ сталинча шовинизм тазйиқи натижасида ўзининг минг йилдан зиёд вақт билан ўлчанадиган хазинасидан бемалол фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Минг йилликлар давомида бемалол оққан Нил дарёси Асвон тўғони билан тўсилгандан сўнг Мисрда қурғоқчилик бошланганидек, имло ўзгаришидан асрлар давомида шаклланган ўзбек тили табиатидаям жиддий салбий ўзгаришлар юз берганини ҳеч ким инкор этолмаса керак.

Сталин 1929, 1940 йилларда ўзбек тилининг асосига зарба берган бўлса, 1950 йилда уни бошқа тиллар қатори ўлимга маҳкум этди. Халқлар отасининг «Правда» газетасидаги ҳукмномасида шундай сўзлар бор: «Икки тилнинг бир-бирига қўшилуви оқибатида янги учинчи бир тил пайдо бўлади, деб ўйлаш мутлақо хатодир… Аслида эса қўшилув натижасида бир тил ғолиб келиб, ўз сўз бойлигини сақлаб қолади ва келажакда ўзининг табиий оқими билан ривожланади, иккинчи тил эса аста-секин ўз сифатини йўқотиб бориб, охир-оқибатда ўлишга маҳкум бўлади». Доҳий ўз ҳукмини: «Рус тили ҳамиша ғалаба қозониб келган», деб тугатади.

Тарихий шароит ўзбек ёзувчисидан фақат адабий иш билан шуғулланмай, балки ҳаётимиздаги сталинча қатағон, брежневча турғунликнинг бугунги кўринишларига қарши курашишни, халқ манфаати, тил ва дил ҳуқуқига оид ҳар бир масалага фаол аралашишни, она халқини янги йўлга — маърифат ва ҳуррият йўлига чиқариш учун чидам билан меҳнат қилишни тақозо этади.

Хуршид Даврон.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 16 июнь.