Президент Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳри марказида юз берган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея президенти Юн Сок Ёлга таъзия йўллади, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея пойтахти Сеул марказида Хеллоуин байрамини нишонлаш вақтида юз берган тиқилинч оқибатида 151 киши ҳалок бўлганди, 82 нафари жароҳатланганди. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси юзага келган фавқулодда вазият оқибатида бир нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этганини маълум қилди.

Ўзбекистон ТИВ маълумотларига кўра, яна бир ўзбекистонлик жароҳат билан шифохонага ётқизилган, унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

«Вазият Элчихона назоратига олинган, марҳумнинг жасадини ватанга олиб келиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда, Ўзбекистон фуқароси жойлашган тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада ўрнатилган», — дейиладиТИВ хабарида.

Консуллик, шунингдек, юзага келган фавқулодда вазият оқибатида ўзбекистонликлар ичида жабрланганлар бўлса ва ёрдам керак бўлса, элчихона консуллик бўлими ҳамда Кореядаги Ўзбекистонликлар уюшмасига зудлик билан мурожаат қилишларини сўраганди: элчихона: 010−6802−1969, уюшма: 010−8495−0027.