Тошкентнинг Аҳмад Дониш кўчасини реконструкция қилиш босқичидаёқ пиёдалар учун ҳам, кўплаб ҳайдовчилар учун ҳам ноқулайлик туғдириши аниқ эди. Реконструкция 2020 йилда Юнусобод метро линиясининг янги бекатлари очилиши билан якунланди. Ўтиш қисми кўча марказидаги кенг хиёбон эвазига кенгайтирилди. Ўзбекистон президенти кўчага ташриф буюрганидан сўнг у очилди. Ўшандан бери реконструкция мутахассислар томонидан ҳам, оддий аҳоли томонидан ҳам танқид қилиб келинмоқда. Бироқ расмийлар хатоларни тан олишга шошилаётгани йўқ. Бундай манзара, сизга айтсак, шаҳарнинг бошқа таъмирланган кўчаларига ҳам хос.

Кўчанинг асосий муаммоси унинг пиёдалар учун тўлиқ яроқсизлигида. 12 қаторли йўлда светофорсиз пиёдалар ўтиш жойларининг мавжудлиги — аксарият давлатлар учун ақлга сиғмайдиган, Ўзбекистон учун одатий ҳол — одамлар ҳаёти учун катта хавф туғдирмоқда. Ва бу муаммоларнинг фақат биттаси, холос. «Газета.uz» мухбирлари кўчани синовдан ўтказиш учун Юнусобод туманига йўл олди.

«АД» («Дўзах») кўчаси

Юнусободликларнинг кўпчилиги Аҳмад Дониш кўчасини ушбу номнинг бош ҳарфлар билан — АД деб аташади.

Иш куни тушдан кейин Mega Planet савдо маркази ёнидаги чорраҳада машина ва одамлар гавжумлик вақтларидагидек кўп эмас, аксинча, жуда оз. Аммо машиналар шошгани-шошган, худди пойга ўйнаётгандек, ҳайдовчилар вақти-вақти билан сигнал беришади. Аҳолининг эслашига кўра, бу ерда хиёбон ва торроқ йўл бўлгани ҳайдовчиларни интуитив равишда хотиржамроқ ҳайдашга мажбур қилган. Амалда кўчани пиёдаларга қасд қилгандек ўзгартиришди: кўчани кесиб ўтаётган одамлар яхшироқ кўринарди, хиёбон эса пиёдалар дам оладиган кенг хавфсизлик ороли бўлиб хизмат қиларди.

Савдо маркази чорраҳасидан Тошкент ҳалқа вқтомобиль йўли (ТҲАЙ)гача бўлган кўчада тирбандлик авваллари кузатилмаган, дейди аҳоли. Муаммо асосан чорраҳада бўларди. Тирбандликлар чорраҳада йўқолмади, аксинча, ёмонлашди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси реконструкция жараёнида ушбу ишлар билан шуғулланган Allegro Develop Project лойиҳа институти ва Туркиянинг KALYON ULAŞTIRMA компанияси олдига тирбандликларнинг олдини олиш вазифасини қўйди.

«Турк фирмаси Истанбул ва Қайсаридаги кўчаларни лойиҳалаштирган, метробус йўналишларини, яъни Истанбулдаги автобус ва метро гибридини бошқарадиган тезюрар транспорт линияси лойиҳалашда иштирок этган, — деди Истанбулдаги муҳандиси Комил Тўлаганов «Газета.uz»га. — Ушбу компания Аҳмад Дониш кўчасини лойиҳалашда Тошкент шаҳрининг транспорт бош режасини ҳам параллел равишда ишлаб чиқди».

Охир-оқибат турк компанияси бош режани ишлаб чиқмади. Фарғона йўли кўчаси, Аҳмад Донишнинг Амир Темур шоҳ кўчасидан Нурафшон айланма кўчасигача бўлган қисми, шунингдек, шу кўчалардаги чорраҳалар KALYON ULAŞTIRMA бошчилигида одамлар учун ўрин йўқ бўлган жойларга айлантирилди.

Кўчани фақат Mega Planet яқинидаги чорраҳада ер ости ўтиш жойи орқали кесиб ўтиш мумкин. Бироқ одамларга, айниқса, болалар аравачаси бўлган ота-она ёки аравали нафақахўрларга ер устидан юриш анча қулайроқдир. Бундан ташқари, ўтиш жойи пандус ёки лифт билан жиҳозланмаган (қулай муҳитнинг мавжуд эмаслиги қонун бузилиши ҳисобланади). Охирги икки йил давомида пиёдалар айнан шундай қилишмоқда.

«Бозорга ўтишда йўлни кесиб ўтиш — энди бу ҳақиқий квест, — дейди маҳаллий фуқаро Наталия Ким. — У ерга туш, бу ерга юр, кўтарил, у ерга бурил ва яна пастга туш. Шунинг учун кўпчилик қоидаларни бузиб, бундай қийин чорраҳадан югуриб ўтишмоқда».

Кўз ўнгимизда аравачада боласи бор аёл Mega Planet томондан бозорга шошилмоқда. Йўлнинг ярмида у «зебра» бўйича кесиб ўтади, ундан кейин эса «зебра» йўқ ва ер ости ўтиш жойига тушиш керак бўлган жойда у йўлни кесиб ўтди.

«Ҳа, бундай кесиб ўтиш хавфли. Лекин бошқа йўли ҳам йўқ, чунки бу ерда светофор йўқ, ер ости ўтиш жойида эса пандус йўқ. Машина йўқ пайтида аравача билан югуриб ўтишга тўғри келади», — деб жавоб беради Гулноз.

«Беш ёшли кенжам ногирон. Кеча рафиқам уни ногиронлар аравачасига олиб, кўчани кесиб ўтмоқчи бўлди — лекин бунинг иложи йўқ. Мен энг ҳимоясизлар нима учун таҳқирланишини тушунмайман», — дейди туманда яшовчи Павел Гуцалов. Оила ҳар доим кўчани шундай кесиб ўтишга мажбур.

«Битта одам боласи билан аравачани зинапояда таший олмайди. Нима учун „Мега“ ва бозор ўртасидаги пиёдалар ўтиш жойини олиб ташлашди?» — сўради Татьяна Сихаева.

Бозор томондан Янгишаҳар кўчасидан ўтиш ҳам осон эмас. Туманда яшовчи Игорь Яфаевнинг сўзларига кўра, реконструкциядан сўнг дарҳол бошқариладиган ўтиш жойи қулай жойда жойлашган — кўчани бир жойдан кесиб ўтиш кифоя эди.

Аммо тез орада «зебра» чорраҳа марказига яқинроққа кўчирилди. Энди эса аввал ўнгга бурилаётганларнинг йўлига чиқиш, кейин асосий оқимнинг икки алоҳида кўчасини, сўнгра яна ўнгга бурилувчилар йўлини кесиб ўтиш керак бўлади.

Яшил чизиқ ўрнида эски ўтиш жойи бор эди. Ҳозирги зебрада эса тўртта светофор мавжуд.

Ушбу геометрия мантиғи мутлақо тушунарсиз. Агар ўнгга бурилувчилар учун йўлаклар тўсиқсиз бурилиш учун қилинган бўлса, пиёдалар ҳайдовчилар билан «келишилган ҳолда» кўчани кесиб ўтишарди. Аммо бу ерда, шунингдек, кўчаларни кесиб ўтишнинг ҳар бир кейинги босқичида светофорлар ўрнатилган. Уларнинг иши синхронлаштирилмаган, шунинг учун одамлар ва машиналар, гарчи маълум вақт оралиғида иккала оқим ҳам ҳаракатланиши мумкин бўлса ҳам кутиб туришади.

«Иккинчи ва учинчи светофорлар яшил бўлса, биринчи ва тўртинчи светофорлар кўпинча қизил бўлади. Автомобиллар учун иккинчи ва учинчи чироқлар қизил ёнганида, пиёдалар учун яна ярим дақиқа яшил ёниши мумкин, аммо пиёда кимга ҳам керак?» — дея ёзиради Игорь Яфаев.

Янгишаҳар кўчасининг савдо маркази олдидаги қисми бир томонламалик. Ҳайдовчилар аввалига адаштириб қўйишди (ҳеч ким уларни бу ҳақда огоҳлантирмаган). Ҳозир кўпчилик кўчанинг бир томонлама эканлигини билади, бироқ баъзилари тескари йўналишда ҳаракатланишда давом этмоқда. Игорь Яфаевнинг фикрича, бир томонлама ҳаракатланиш чорраҳадаги оқимни бироз енгиллаштирган. Аммо энди Аҳмад Дониш ва Амир Темур кўчаларининг бир-бирига параллел бўлган қисмлари автотранспорт воситалари учун қийин бўлиб қолди.

Амир Темур — Риҳсили чорраҳаси (Қулоқтепа доираси)дан Mega Planet`гача асосий йўл бўйлаб бориш учун 500 метр ўрнига қарийб 4 км йўл босиб ўтиш керак. Кўпгина ҳайдовчилар учун бу вақт ва ёқилғининг сезиларли даражада йўқотилишидир, шунинг учун улар мавзе орқали кесишни афзал кўришмоқда.

«„Мега“ яқинидаги бир томонлама йўл — лойиҳанинг энг муваффақиятсиз қисми, — дейди ушбу ҳудудда яшовчи Виктория Перова. — Ҳамма 11-мавзе орқали ўтмоқда. Юришаётгани йўқ, учишяпти. Ва энг қўрқинчлиси, улар боғлар ва мактаблар орқали учиб ўтишади».

«[Тошкент ИИБ саҳифасида] 246-мактаб яқинида сунъий нотекислик ўрнатишларини сўрашди. Буни қилишди ҳам, лекин фақат битта ва ушбу мактаб олдида болалар кўп марта ғилдирак остида қолишган», — деди яна бир фуқаро Зуля Касимова-Лукянова.

Сўнгсиз таъмир

«Ҳар бир томонга йўлаклар сонининг олтитагча кенгайтирилиши ҳам тирбандликлар муаммосини ҳал қилгани йўқ, чунки, «Туркистон» метро бекати яқинидаги йўл [ўтиш қисми чўккани туфайли] икки бўлаккача торайиб, «шиша бўғзи»тиқилинч ҳосил бўлмоқда», — дейди Павель Гуцалов тирбандликка ишора қилар экан.

Бу ердаги йўлнинг бир қисми очилганидан олти ой ўтиб чўккан. Ўшандан бери ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. «Одамлар уч йилдан бери қурилиш битишини кутишяпти. Ва ҳозир яна ноқулайлик, транспорт коллапси. Ҳамма тўлқинсимон бўлиб кетган ёнма-ён йўл бўйлаб ҳаракатланяпти», — дейди яшовчи Наталья Шивалдова.

Allegro Develop Project компанияси муаммо ҳал қилинишига ишонтирди. «Метро бекати яқинидаги йўл туби ва тупроқнинг чўкишига олиб келган қоидабузарликлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилган тегишли комиссия томонидан ўрганилди. Хулоса, шунингдек, ҳукуматнинг тегишли қарори асосида таъмирлаш ишларини метро қурган корхона амалга ошириши режалаштирилган», — дея маълум қилди компания «Газета.uz»га.

Рус рулеткаси

Реконструкция бошланганда аҳоли пиёдалар ўтиш жойлари қурилишига қизиқди. Қурувчилар бу ерда «Ипподромдан Қозоғистонгача тезюрар йўл» қурилаётганини айтишди.

«Одамлар йўлни қаердан кесиб ўтишлари кераклигини сўраганимда, улар менга метронинг ер ости ўтиш жойи орқали, деб жавоб беришди, — деб эслайди Павел Гуцалов. — Болалар аравачаларини ер ости ўтиш жойига олиб тушиш ва олиб чиқиш нима бўлади, ахир у ерда пандуслар йўқ-ку? „Уларни қўлда кўтариб, спорт билан шуғулланишади“, — деб жавоб беришди. Яъни, болали оналар ва ногиронлар аравачасида юрувчилар спорт билан шуғулланишади. Бу уларнинг режаси эди».

Юнусобод туманининг 11−16-мавзелари Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб жойлашган бўлиб, ижтимоий инфратузилма масаласида бир-бири билан чамбарчас боғланган: кўчанинг икки томонида мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар, поликлиникалар, дўконлар — аҳоли ҳар куни фойдаланадиган барча нарсалар ўрин олган. Бу мавзелар ўзаро пиёдалар ўтиш жойлари билан боғланган. Уларнинг орасидаги масофа 250−300 метрни ташкил этади, «Туркистон» метро бекати ва ТҲАЙ ўртасидаги 600 метрлик участкадан ташқари, бу ерда пиёдалар ўтиш жойи умуман йўқ.

Болалар боғчалари ва мактаблар оч бинафша ранг билан белгиланган.

Шу билан бирга, фақат чорраҳалардаги пиёдалар ўтиш жойлари светофор билан жиҳозланган. Демак, светофорлар фақат транспорт воситалари ҳаракатини назорат қилиш учун ўрнатилган, пиёдалар кўчани хавфсиз кесиб ўтиш учун эмас.

Мактаб ўқувчилари кўпинча тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан фойдаланадилар. Болалар ва катталар тўғри келган жойдан кўчанинг нариги томонига югуриб ўтишади. Бу ўн минглаб аҳоли истиқомат қиладиган мавзелар орқали одамларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқмаган ҳолда кўчаларни автомагистраллар сифатида қурилишининг олдиндан айтиш мумкин бўлган натижасидир.

Жамоат транспорти бекатида на павильон, на скамейка, на ахлат идиши бор.

Нафақахўр Александра Гончарова авваллари 12-мавзеда туриб болаларни 15-мавзеда жойлашган мактабга йўлнинг нариги томонига хотиржам ўтказиб юборилганини эслаб ёзғирди. «Ҳозир эса гўёки 15-мавзе билан бутунлай бошқа-бошқа дунёларда яшаяпмиз», — деди аёл.

Бугун фуқаролар ҳатто пиёдалар ўтиш йўлагидан ҳам йўлни кесиб ўтишда рус рулеткаси — ҳаёт-мамот ўйинини ўйнашга мажбур.

«Менинг фарзандларим 11-мавзедаги 246-мактабга қатнашади… Тиғиз вақтларда кўчани кесиб ўтишга бир ҳаракат қилиб кўринг. Бир марта ўтказиб юборишмагани учун боламнинг сумкасини йўл ўртасига ташлашга ҳам мажбур бўлдим… Тошкент ИИБ саҳифасига ёзишди. Нафақат мен, балки кўплаб фуқаролар. Охирги мурожаат ўлим билан тугаган ЙТҲдан кейин бўлганди. Ҳеч қандай натижа йўқ», — дейди муқимлардан Зуля Касимова-Лукянова.

Ёши каттароқ йигитча икки ўқувчининг қўлидан ушлаб «зебра» орқали кўчанинг нариги томонида югуриб ўтар экан, ҳайдовчиларга бироз секинлашиб, уларни ўтказиб юборишгани учун бош ирғаб миннатдорчилик билдиради.

«Одамлар телефонини чиқариб, йўлни кесиб ўтгунча тасвирга олишни ўрганишибди. Қоидага кўра, йўлга қадам қўйган бўлсам, улар секинлашиб, тўхтаб, мени ўтказиб юборишлари керак, — дейди Павел Гуцалов. — Лекин ҳеч ким бундай қилмайди. Баъзилар ҳатто тезлашади ҳам. «Фейсбук»да кўплаб ҳайдовчилар одамлар ўзларини ўлмайдигандек тутишларини таъкидлайдилар. Яъни, ҳайдовчилар ўзларини устувор ҳис қилишади, чунки улар темирдан, сиз эса гўштдан. Бу ҳақиқатан ҳам қандайдир омон қолишнинг бир тури».

Ҳайдовчилар ҳам қўрқишади.

Кўчаларни нотўғри лойиҳалаш ва ҳаракатни ташкил этишга замонавий ёндашувларни билмаслик пиёдалар ва ҳайдовчилар учун хавф туғдиради. Кенг ва равон асфальт майдони уларни рухсат этилган максимал тезликда ҳайдашга илҳомлантиради. Кўп сонли йўлаклар ва юқори тезлик пиёдани ўз вақтида пайқашга ва машиналардан бири одамларни ўтказиш учун тўхтаганини илғашга имкон бермайди.

«Сизга она ва ҳайдовчи сифатида айтаман: у ерда пиёдаларни ўтказиб юборишмайди. Агар сиз ўтказиб юбориш учун тўхтасангиз, машиналар бошқа йўлак бўйлаб шошилишади. Мен ҳам 11-мавзеда яшайман, қизим 13-да ўқийди, уни ўзим мактабга олиб бораман. Ҳеч қачон унинг мактабга пиёда бориб-келишига рухсат бермайман», — дейди муқимлардан Севара.

Ҳукумат вазиятни тўғирлашни режалаштиряптими? Ҳа, бироқ ўзларича. «Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан ТҲАЙгача бўлган қисмида метро бекатига кириш билан боғлиқ бўлган пиёдалар ўтиш жойидан ташқари яна иккита ер усти ўтиш жойи лойиҳалаштирилди», — дейилади Allegro Develop Project хабарида. «Қурилиш ишлари тендер якунланганидан кейин бошланади».

«Газета.uz» шаҳарларда имкон қадар камроқ ер усти ва ер ости йўлакларига эга бўлиши кераклиги ҳақида кўп марта ёзган. Бу пиёдалар хавфсизлиги учун хаёлий ташвиш бўлиб, аслида бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради