«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1989 йил 10 мартдаги сонида адиб Тоҳир Маликка «Кўпмиллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти сизнингча қандай бўлиши керак? Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида сизнинг тасаввурингиз?» каби саволлар берилади. «Газета.uz» «Ўзбек тили ойлиги» доирасида ўзбек тили муаммолари акс этган суҳбатдан парчани қайта эълон қилади.

«Америкадан келиб ўзбек тилини ўрганишади. Биз эса… четда тураверамиз»

Онани ҳурматлаш ҳақидаги фикримни давом эттириб шуни айтишим мумкин: ўз она тилини ҳурмат қилмайдиган одам ўзга тилни ҳам ҳурмат қила олмайди. Ҳозир давлат тили ҳақида кўп гапириляпти, баҳслар кўп бўляпти. Икки тиллилик тарафдорлари реслубликанинг кўпмиллатли эканини рўкач қиляптилар. Хўш, Грузияда фақат грузинлар, Эстонияда фақат эстонлар яшайдими? У ёқларда давлат тили бошқа миллатларни, бошқа тилларни камситаётгани йўқ, шекилли. Рус тили буткул инкор этмлмаяпти-ку! Рус тили ҳеч қачон инкор этилмайди ҳам. Бу тил миллатлараро муҳим восита тили бўлиб қолаверади.

Иккитиллилик тарафдорларининг аксари ўз она тилларини мукаммал билмайдиган одамлар. Давлат тили ўзбек тили бўлган тақдирда маърузаларида, ёзмаларида ноқобил эканликлари фош бўлиб қолади. Ўзбек тилини ўзлаштиришда анча жон куйдиришга тўғри келади. «Мажлисда рус ўртоқлар ҳам бор, шунинг учун русча гапираман», деган баҳоналари ўтмайди. Уларнинг ҳаракатларини шундай асослаш мумкин.

Ҳозир ўз она тилини яхши билмаганлари учун рус тилида ижод қилувчи ёзувчилар бор. Уларни кўрганимда улуғ рус адиблари эсга тушади. Улар фаранги тилини яхши билишган. Лекин асарларини ўз она тилларида ёзганлар. Ҳатто фаранги тилида гапирувчиларни асарларида ҳажв қилганлар. Она тилининг софлиги учун курашганлар. Рус тилининг мўъжизаларига амал қилиб фақат руслар ёза олишлари мумкин. Бошқа халқ вакилининг рус тилида ёзадиган асари тилида шира, жозиба бўлмайди. Бадиий ижоднинг энг муҳим қирраси ўтмаслашади. Аввал ўз она тилида ёзиб, сўнг рус тилига ўзи таржима қилса бу бошқа масала. Бундайларни фақат шарафлаш керак.

Гарчи конституциямизда сўз бўлмаса-да, бизда ҳозир икки тиллилик мавжуд. Шаҳарларда барча ишлар рус тилида, қишлоқларда айрим ишлар, мажлислар ўзбек тилида олиб борилади. Икки тиллилик қонун тусига кирса, ҳеч нима ўзгармайди. Адолат юзасидан, ленинча миллий сиёсат нуқтаи назаридан қаралганда ҳар бир халқнинг давлат тили ўз она тили бўлиши керак.

Тил масаласининг одилона ҳал этилиши жойларда миллий муносабатларни яхшилашга олиб келади. Аниқ эслайман: 60-йилларга қадар Тошкентда яшовчи русларнинг (украин, белорусларнинг) аксари ўзбек тилини, урф-одатларини яхши билишган. Маҳаллий аҳолининг урф-одатини, тилини билиш — ўзаро ҳурматнинг асосларидан бири. Республикамизда яшаётган рус, украин, яҳудий…ларнинг барчалари бир хилда эмас. Инқилобга қадар қўйинг-чи, Улуғ Ватан урушига қадар кўчиб келган биродарларимизнинг миллий тилга, тарихга, урф-одатга муносабатлари бошқа, улар ўзбеклар, тожиклар… билан оға-ини тутишиб кетишган. 60-йилларга қадар келганларида бу фазилат сустроқ. 66-йилдан кейин келганларда эса бу фазилат янада кам сезилади. Тушунмовчиликлар, норозиликлар, тўқнашувлар шундан келиб чиқади. «Биз сизларга шим кийишни ўргатдик» қабилидаги аҳмоқона гаплар айнан 60-йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди.

Бошқа халқларнинг ўзбек тилини ўрганиш масаласи аввал ҳам бир кўтарилгани ёдимда. Бу масала энди яна кун тартибига қўйилиши керак. Ўзбек мактабларида рус тили қай тарзда ўтилса, рус мактабларида ўзбек тили шундай ўтилиши керак. Рус мактабларида Ўзбекистон тарихи атрофлича ўргатилиши керак.

Бу масалаларнинг ҳал этилиши ҳукумат қабул қиладиган қарорларга боғлиқ. Мен халқ хоҳишининг инобатга олинишига ишонгим келади. Аммо қарор қабул қилинишини кутиб ўтирмай бошлайдиган ишларимиз ҳам бор. Яъни бошқа халқларга ўзбек тилини ўргатишдан аввал она тилимизни ўзимиз дурустроқ ўзлаштириб олишимиз зарур. Ўз тилимизда сўзлар, иборалар турган пайтда ўзга тиллардан ўтган сўзларни ишлатишга ўрганиб кетдик. Радио, телевидениеда, матбуотда, шунчаки суҳбат қурганимизда ҳам кулгили, ҳам ғашни келтирадиган жумлаларни эшитамиз: «Мен савсем ишонмадим», «Вабше қарамади», каби жумлалар тузиш эътиборсизлик оқибатими ё калтабинликми, билмадмм. «Мавзу» ўрнига «тема», «режа» ўрнига «план», «ҳакам анжумани» ўрнига «жюри», «қурилма» ўрнига «установка», «тўсин» ўрнига «балка», «шиша» ўрнига «бутилка»… деб ишлатишимиз-чи? Биз неча юз йиллардан бери деҳқончилик, чорвадорлик қиламиз. Лекин нима учундир бу соҳадаги иборалар ҳам ўзбекча эмас. «Култивация», «барона», «корчовка», «чеканка», «обрезка»… Бу иборалар вақтида кимнингдир эътиборсизлиги ёки саводсизлиги туфайли тилимизга аралашиб қолганича ҳануз истеъмолда юрибди.

Биздаги катта-кичик раҳбарлар юқорига кўз тикиб яшашга ўрганиб қолишган эди. Афсуски, бу ҳол ҳозир ҳам давом этяпти. Тошкент кино томошахоналарида ўзбекча эълонлар йўқлиги масаласи кун тартибига қўйилгач, шаҳар ижроқўми қарор қабул қилди. Шундан кейингина ўзбекча эълонлар пайдо бўлди. Хўш, шу томошахоналар раҳбарлари қарорни кутмай, ўзбекча эълонлар ҳам ёздирсалар бўлмасмиди? Бунинг учун қарор эмас, озгина дид, фаросат бўлиши лозим. Эълонларнинг ўзбекча ёзилиши муносабати билан савод масаласи яна қалқиб юзага чиқади. Саводсиз эълонларимиз жуда кўп. Томошахонадагилар ҳам майли, газеталардаги эълонларни ўқиб дод деб юборай дейсан. Шунақа саводсиз эълонни ўзбекча бергандан кўра русча бўлаверсин дегинг келади. Томошахоналарнинг бошлиқлари адабиётчи эмас, чиндан ҳам саводдан наридир. Газеталар-чи? Радио-телевидение-чи? У ерларда тил-адабиётдан сабоқ олган одамлар ўтиради-ку? Бир учрашувда устоз Абдулла Қаҳҳор радио тилини танқид қилиб «кўча ҳаракати қоидаси бузилса ГАИ ходими тўхтатиб жазолайди. Тил қоидасини бузганлар нима учун жазоланмайди?», деган эканлар. 20−30 йилларда саводсизликни тугатиш ҳаракати бўлган эди. Ҳозир саводсизликка қарши кураш лозим бўлиб қолди. Буни ҳукумат қарори билан эмас, биз, ўзимиз амалга оширишимиз шарт.

Айрим маданият арбобларининг тилга муносабатлари ҳам мени ташвишлантиради. Мен маданият министрлигида ишлаганимда бир нарсадан ажабланган эдим: ўзбек маданияти тараққиётини белгиловчи юқори идорада ўзбек тилидаги хатни кўчирувчи ёзув машинкаси йўқ! Ҳатто бу идорага мурожаат қилувчи чўпонга ёки деҳқонга ўзбек тилида саводли жавоб ёза оладиган одам йўқ. Ҳолбуки, бу юқори идора ходимларининг аксарияти ўзбеклар.

Театрларга машқ пайтида кириб қолсангиз, бошингизни қайси деворга уриб ёришни билмайсиз. Ўзбек театрида ўзбекча асар саҳналаштириляпти. Бирдан режиссёрнинг овози янграйди, «Стоп, стоп! Что за ерунда! Он говорить „севаман“, понимаешь Гулечка, „се-ва-ман!“ значить любить. А, сенда не то. Давай, бошидан, начали». Ўзбек актёрига ўзбекча сўз шу зайлда тушунтирилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, саҳнадаги актёрнинг гап оҳанги ўзбекча эмас, сўзлар бураб-бураб талаффуз қилинади. Баъзан саҳнада ўзбеклар эмас, ўзбекчани энди ўрганган инглизлар гапираётганга ўхшайди.

Хўш, айтинг-чи, энди буларга ҳам «машқлар ўзбек тилида бўлсин» деган махсус қарор керакми? Махсус қарор уларга эмас, Театр ва рассомлик, Маданият институтларига, консерваторияга… керак. Ўзбек маданиятининг бўлажак арбоблари талабалик йилларида ўз тилларини мукаммал ўрганишлари шарт. Бунинг учун мазкур билим даргоҳларида ўзбек тили ва адабиёти дарслари ўтилиши зарур. Бу ҳақда узоқ вақтдан бери (ҳатто турғунлик йиллари) гапириляпти, аммо қулоқ соладиган азамат топилмай турибди. Менингча, толиби илмлар ҳам ташаббус кўрсатишлари, олий идораларга мурожаат қилишлари керак.

Миллий тилга эътибор, миллий тилни бойитиш — миллий маданиятнинг қай даражада бойишини белгилайдиган муҳим омил. Ҳар бир халқ маданиятини асосан ўз тилида яратган асарлар билан ривожлантиради. Айни пайтда, бошқа халқ вакиллари яратган бебаҳо асарлардан ҳам баҳраманд бўлади.

Бадиий асарларни таржима қилишлар, маданият ҳафталиклари миллий маданиятларнинг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшади, дейиш қийин. Ҳиссанинг сезиларли бўлиши учун маданий алоқаларни доимий бўлишини таъминлаш керак. Бундан бир неча йил олдин республикамизда Озарбойжон адабиёти ва санъати кунлари бўлди. Шунга бағишлаб 3−4 китоб чиқарилди. Шу билан иш тугади, ҳисоб. Энди шундай тадбир қачон бўлади, номаълум. Арманистон, Молдавия, Грузия… маданият ҳафталиклари қачон бўлган, эслолмайман. Қардошлар маданиятидаги бирон янгилик марказий матбуотда тилга олинса, хабар топамиз, бўлмаса йўқ.

Шунинг учун ҳар бир республика пойтахтида қардош республикаларнинг маданият марказлари бўлиши шарт. Чет эллар билан маданий алоқа марказлари бор, аммо қардош халқлар нима учундир эътибордан четда туради. Тошкентда Латвия, Эстония… маданияти маркази, Таллин, Рига…да эса ўзбек маданияти маркази бўлса, бу марказ қардошларни ўзбек маданияти билан таништиришга хизмат қилса, қардошлар маданиятидаги энг яхши янгиликларни бизга етказиб турса яхши эмасми? Фақат бу масалада ғоят зийраклик зарур. Ундай жойларга фақат фамилиясигина ўзбек, ўзи эса ўзбек маданиятидан бегона одамлар бориб қолмасликлари керак.

Биз қардошларни рус тили орқалигина биламиз. Имоним комилки, уларнинг барча яхши асарлари ҳам рус тилига таржима қилинавермайди. Шу пайтгача ҳаракатчан, Москвада қалин ошналари бор ёзувчиларнинг бўш асарлари кўп чиқди. Биз ўша бўш асарларга қараб, ўша халқ адабиётига баҳо бердик. Айни чоқда улар ҳам бизнинг адабиётимизга шундай баҳо беришди. Ноҳуш ҳолми? Албатта. Биз бир-биримизнинг тилларимизни билмаймиз. Америкадан келиб ўзбек тилини ўрганиб кетишади. Литвада ўзбек тилидан литва тилига таржима қилишади… биз эса туркий ва форс тилларидан базўр (шунда ҳам барча эмас) таржима қила оламиз. Ўтган йили Украинадан бир йигит ўзбек тилини ўрганиш учун келди. Унга ҳеч ким ёрдам бермади. Ёзувчилар союзи ҳам четда турди. Оқибатда у қайтиб кетди.

Барча республикаларнинг Ёзувчилар союзи шу масалада бирлашсалар, ёшларни тил ўргатишга сафарбар этсалар, шароит яратиб берсалар, миллий маданиятлар янада бойир эди.

Тоҳир Малик.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 10 март.