Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи автотранспортлар ҳисобига тўғри келади. Бунда пойтахтнинг улуши катта.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов маълум қилди.

Таъкидланишича, бутун дунёда иқлим ўзгариши сабаб 100 йил давомида глобал миқёсда ҳаво ҳарорати 1,2 даражага кўтарилди. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 2 даражага ошди.

Шундан келиб чиқиб, Экология қўмитаси вакиллари амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди:

Биринчидан, атроф-муҳитга таъсири бўлган корхона ва ташкилотлар, шу жумладан атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташловчи корхоналар (объектлар)га экологик нормативлар белгиланяпти. Бунда меъёрлар категорияга (I-IV) ажратилади, экология органлари томонидан экспертиза хулосалари берилади.

Унга кўра янги ишга туширилаётган ҳар-бир объект самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатишга мажбур. Фаолият юритаётган объектларда эса бу 95,0 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

2022 йилнинг 9 ойи давомида 14 984 та корхона ва ташкилотларга, шу жумладан, Тошкент шаҳри бўйича 100 дан ортиқ атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта даражада бўлган хўжалик субъектларига давлат экологик экспертизаси хулосалари тақдим этилган. 2022−2023 йилларга мўлжалланган дастур асосида 270 та корхонанинг 1100 га яқин фильтрлари янгиланди.

Маълум бўлишича, республикада атмосфера ҳавосига жами зарарли ташламаларнинг 58 фоизи (1,4 млн тонна) автотранспорт воситалари улушига тўғри келади. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 93 фоизни (397 минг тонна) ташкил этади.

Ҳозирда янги автотранспорт воситаларининг фақатгина «Евро-4» ва ундан юқори экологик тоифаларга жавоб берадиган моделларини импорт қилиш тартиби жорий этилди. Айни пайтда аввал фойдаланишда бўлган транспорт воситаларини импорт қилишда ҳам уларнинг экологик таъсир меъёрларини белгилаш бўйича миллий стандарт лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

Иккинчидан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати тадбирлари кетяпти. Атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган 800 та корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан мониторинг ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида 63 та объектлар экологик назорат тизими билан қамраб олинган.

Учинчидан, атроф-муҳитга хавфи юқори ва ўрта бўлган объектлар фаолияти устидан экология органлари инспекцион назорат тадбирлари ўтказяпти.

Аввалроқ, мазкур анжуманда Экология қўмитаси 9 ойда 648 та субъектда, пойтахтнинг ўзида эса 60 та корхонада экологик назорат тадбирлари ўтказгани ҳақида айтилганди. Натижада атроф-муҳитни ифлослантирган корхоналардан 49,5 млрд (Тошкентда — 15,5 млрд) сўмдан ортиқ компенсация ундирилди. Суд қарори билан 15 та корхона фаолияти тўхтатилди.