Бугунги кунда туризм соҳаси иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бири ҳисобланади. Шу боис кўплаб давлатлар соҳани ривожлантириш, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида мамлакат инфраструктурасини жаҳон стандартлари даражасида яратиш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Тарихий обидаларга бой, ўзига хос анъана ва маданиятга, мўътадил иқлимга эга Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш ва бу орқали қўшимча иш ўринларини яратиб, аҳоли даромадини кўпайтириш, соҳада етарли шарт-шароитларни йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 19 сентябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган «Мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги улкан имкониятлари ва улардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан туризмни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан ҳам «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор доирасида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида юридик шахсларга меҳмонхона ва хостеллар фаолиятини ташкил этиш учун 22 млрд сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Ўзбекистон президентининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарорига асосан 2022 йилда оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, экоуйлар мажмуаси, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун жами 24 та жисмоний ва юридик шахсларга 945 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилди.

Шунингдек, бугунги кунда oilakredit.uz платформаси орқали жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган аризалар, лойиҳаларга ҳоким ёрдамчиси тавсияномасига асосан белгиланган тартибда оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, экоуйлар мажмуаси, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун маблағлар ажратилмоқда. Кредит бир йилгача имтиёзли давр билан беш йилгача муддатга йиллик 14% ставкада жисмоний шахслар учун 33 млн сўмгача, юридик шахсларга 225 млн сўмгача тақдим этилмоқда.

Реклама ҳуқуқлари асосида.