Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабар беришича, ўтказилган терговга қадар текширувларда, Жиззах шаҳрида «Y.» МЧЖ раҳбари И.А. ҳудудий тижорат банки филиалидан меҳмонхона биносини жиҳозлаш учун ажратилган 1,5 млрд сўм кредит маблағини бошқа мақсадаларда сарфлаб юборгани аниқланди.

Шу каби, фуқаро И.Э. ўғли Ш. нинг номига «Z.M.» МЧЖни ташкил этиб, савдо ва маиший ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш мажмуасини жиҳозлаш учун банк филиалидан 1,4 млрд сўм кредит олишга эришиб, ушбу кредитни ўзлаштириш мақсадида гўёки товарлар етказиб берилганлиги ҳақида юк хатларини расмийлаштириш орқали кредит маблағини бошқа МЧЖларга ўтказиб, талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.