Замонавий Тошкент шаҳридаги маҳалла — кўпхонали ўрта қаватли турар-жой бинолари жойлашган туманлардан иборат бўлади. Кўчаларда транспорт воситаларининг тезлиги пасаяди, унинг ҳаракати қисман чекланади, кўплаб велосипедчилар ва пиёдалар ва гуллаб-яшнаётган бизнес муҳити яратилади. Замонавий маҳалланинг бундай тасаввурини Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар таклиф қилди.


«Асосий мақсад — аҳоли учун қулай бўлган шаҳар барпо этиш. Қулай шаҳар — бу биринчи навбатда, хавфсиз ва соғлом шаҳар дегани. Шунинг учун биз экологияга, яшил ҳудудлар сонининг ортишига ва борларини сақлаб қолишга эътибор қаратамиз», — деб «Газета.uz»га «ТошкентбошпланЛИТИ» лойиҳа-тадқиқот институти шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича директор ўринбосари Саидазим Шарипов хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «ТошкентбошпланЛИТИ» мутахассислари келажакда транспортларнинг эркин ҳаракати таъминланган, тор кўчалар ва узумзорлар мавжуд бўладиган тўрт қаватли иморатлар қад ростлаган маҳалла қиёфасини тақдим этди.


«Бундай ҳаётни таъминлаш учун автомобиль йўлларининг бир қисмидан ўтишга рухсат бермаслик, ҳаракат тезлигини камайтириш ёки кўчаларни фақат жамоат транспорти учун қилиш, велосипед йўлакларини қуриш орқали кўчаларни торайтиришни таклиф қиламиз. Шу боис автоуловчиларни бу ҳудудни четлаб ўтишга мажбурлаймиз», — деди Саидазим Шарипов.

Бундан ташқари, бундай маҳаллаларда ҳаёт сифати сезиларли даражада яхшиланади, шовқин даражаси пасаяди, болалар хавфсизлиги таъминланади.


Унинг қўшимча қилишича, фақат пиёдалар, велосипедчилар, жамоат транспорти ва таксилар кириши мумкин бўлган кўчалар жаҳон амалиётида савдо, ресторан бизнеси, кўнгилочар ва маданий ҳаёт муваффақиятли ривожланаётган сайёҳлик марказларига айланиб бормоқда.

Бундай кўчалар қаердандир бошланиб, бошқа кўчанинг давоми билан тугаши жуда муҳим, деди Саидазим Шарипов. Шундагина бундай кўчалар иқтисодий фойда келтира бошлайди.


«Ҳозирча бу бизнинг [кичик ноҳия] микрорайон ва маҳаллаларимизни ушбу концепцияга мослаштириш таклифи. [Бундай транспорт сценарийси] туманларнинг қаватлар сони ва қурилиш зичлигини аниқлашда ҳисобга олинади», — деди Саидазим Шарипов.


Мутахассислар бош режани ишлаб чиқишда бир неча турдаги аҳоли пунктларини аниқладилар, дейди мутасадди вакил. Улар орасида бир-икки қаватли иморатлари бўлган тарихий маҳаллалар, маълум режа асосида қурилган, кўчалар иерархияси ва бошқа кўчалар билан боғланган ҳудудлар мавжуд. Шунингдек, кўп қаватли турар-жой уйлари ва тартибсиз, бир икки қаватли уйлари бўлган маҳаллалар мантиқий кўчалар тармоғига эга бўлмаган, транспорт алоқаси ёмонлашган туманлар ҳам бор. Ҳар бир турдаги кўча учун алоҳида ривожланиш қоидалари ишлаб чиқилади.