25 октябрь куни президент [ПҚ-409-сон] «Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, 2022 йил июль-сентябрь ойларида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 335 миллиард сўм маблағ ажратилади.

2023 молия йилидан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланади.

Шунингдек, ҳокимликлар бюджетида шаклланган қўшимча маблағларнинг 30 фоизи туман (шаҳар)ларда жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Қарорга кўра:

  • ️туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари доирасида жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёнининг биринчи мавсуми — ҳар йили февраль-март ойларида, иккинчи мавсуми ҳар йили июнь-июль ойларида;
  • ️"Обод қишлоқ" ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали кейинги йил учун тадбирларни шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни — ҳар йили ноябрь-декабрь ойларида ўтказилади.

Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2-мавсумига овоз беришлар 17 сентябрь куни якунланганди. Жами 1418 та лойиҳа ғолиб деб топилди ва уларни амалга ошириш учун 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни обод қилиш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида 2023 йилдан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини айтганди.«Бунда «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади.