Тахминан 559 млн бола ўта иссиқ иқлим шароитида яшайди, бу уларнинг саломатлиги, таълими ва фаровонлигига таъсир қилади, дея хабар бермоқда ЮНИСEФ. Ташкилот мутахассислари давлатларни аҳолини сайёрадаги глобал исиш оқибатларига мослаштириш учун барча чораларни кўришга чақирмоқда.

ЮНИСEФ нинг қайд этишича, ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат болалар, айниқса, гўдакларда катталарга қараганда кўпроқ чанқоқ, нафас олишдаги муаммолар ва жиддий касалликлар, жумладан сурункали нафас олиш касалликлари, астма ва юрак-қон томир касалликларига сабаб бўлиши мумкин. Иссиқлик туфайли чақалоқлар ва ёш болалар ҳатто ўлиши мумкин. Иссиқ тўлқинлар болаларнинг яшаш шароитига, хавфсизлигига, овқатланишига ва сувдан фойдаланишига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Иқлим ўзгариши болалар ҳуқуқлари инқирозига олиб келади

«Иқлим инқирози — бу болалар ҳуқуқлари инқирози. Бу аллақачон уларнинг ҳаёти ва келажагига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Экстремал об-ҳаво иқлим инқирозининг энг кўзга кўринган ва даҳшатли кўринишларидан биридир. Биргина бу йилнинг ўзида иқлим фалокати бирин-кетин содир бўлди. Осиёдаги тарихий сув тошқинларидан Африкадаги давом этаётган қурғоқчиликларгача», — деди ЮНИСEФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.

У Ҳиндистонни, шунингдек, Европа ва Шимолий Америкадаги мамлакатларни қамраб олган ўрмон ёнғинлари ва жазирама тўлқинларини эслади, бу иқлим ўзгаришининг болаларга таъсирининг яна бир ёрқин мисолидир.

ЮНИСEФ нинг 2021 йилги болаларнинг иқлим хавф-хатарлари индексининг янгича таҳлилига асосланиб, янги ҳисобот ҳозирги ва келгуси ўн йилликларда иссиқ тўлқинларнинг болаларга таъсирини ўрганади.

Кучли жазирама шимолий ҳудудлардаги болаларни ҳам четлаб ўтмайди

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бутун дунё бўйлаб 559 млн га яқин бола аллақачон тез-тез иссиқлик тўлқинлари таъсиридан азият чекмоқда. 2050 йилга келиб, сайёрадаги ҳар бир бола — 2,02 млрд бола иссиқ тўлқинларга тез-тез дучор бўлади. Айни пайтда 23 давлат болаларнинг ҳаддан ташқари иссиқлик таъсири бўйича «юқори даражадаги» рўйхатга киритилган. 2050 йилга бориб бу рақам 36 та давлатга ошади. Буркина-Фасо, Чад, Мали, Нигер, Судан, Ироқ, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Покистон болалари айниқса оғир иқлим шароитида яшайдилар.

2050 йилга келиб, шимолий ҳудудларда, айниқса Европада болалар жазираманинг энг кескин ўсишига дуч келишади. Африка ва Осиёдаги барча болаларнинг деярли ярми ҳам асрнинг ўрталарига келиб экстремал ҳароратларда яшайди.

Глобал исишга мослашиш лойиҳалари

Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда болалар фаровонлиги боғлиқ бўлган барча тизимларнинг иқлим ўзгаришига мослашиш лойиҳаларига сармоя киритиш долзарбдир. ЮНИСEФ раҳбари бугунги кунда ҳар учинчи бола ўта юқори ҳарорат шароитида яшашини таъкидлади. Деярли ҳар тўрт боладан бири юқори частотали иссиқлик тўлқинларига дучор бўлади. У вазият фақат ёмонлашиши ҳақида огоҳлантирди.

Кэтрин Расселнинг қўшимча қилишича, глобал исишнинг болаларга ҳалокатли таъсири даражаси бугунги кунда амалга оширилаётган ҳаракатларга боғлиқ бўлади. У иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, 1,5 даражадан ошиқ глобал исишнинг олдини олиш ва 2050 йилгача мослашув лойиҳаларини молиялаштиришни икки баравар оширишга чақирди.

«Бу болалар ҳаёти ва келажагини ва сайёрамиз келажагини сақлаб қолишнинг ягона йўли», — деди ЮНИСEФ раҳбари.

ЮНИСEФ экспертлари ҳукуматларни энг муҳим ижтимоий хизматларни янги шароитларга — сув таъминоти, санитария ва гигиена, соғлиқни сақлаш, таълим, овқатланиш, ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилишга мослаштиришга чақирди. Улар Мисрда бўлиб ўтадиган Иқлим конференциясида болаларга глобал исиш шароитида яшашни ўргатиш масаласини муҳокама қилишга чақиришди.

ЮНИСEФ барча мамлакатларни ўз фарзандларини иқлим ўзгариши шароитида ҳаётга тайёрлашга, жумладан, уларга табиий офатлар хавфини камайтириш кўникмаларини ўргатиш ва «экологик кўникмалар»ни ўргатишга чақирмоқда.

ЮНИСEФ нинг эслатишича, сиёсий етакчилар нафақат ўзгаришларни талаб қиладиган, балки қимматли ғояларни таклиф қиладиган ва илгари сурадиган болалар ва ёшларни тинглашлари керак. Угандалик таниқли иқлим фаоли ва ЮНИСEФ нинг элчиси Ванесса Накате Болалар жамғармасининг янги ҳисоботи учун кириш сўзини ёзди.

«2022 йилдаги иқлим шоклари бизга яқинлашиб келаётган хавф ҳақида дарак бермоқда», — деди Ванесса Накате. Иссиқлик тўлқинлари бунга ёрқин мисолдир. Накате дунё етакчиларини чора кўришга чақириб, ўйланиб ўтиришга вақт йўқлигини таъкидлади.