25 октябрь куни президентнинг «2022−2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминоти ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектлари яхшиланади. Хусусан, жами 5284 та маҳаллага 2022 йил ҳисобида 2,7 трлн сўм маблағ ажратилади. Бу борада Республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, унга бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилади.

Ҳокимликлар, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва бошқа буюртмачи ташкилотлар 15 ноябрга қадар 2022−2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш буйича амалга ошириладиган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.

Шунингдек, дастурлар доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» жамғармалари орқали молиялаштирилади. Бунинг учун бош вазир ўринбосари — Жашид Қўчқоров ва Молия вазирлиги жамғармаларга жами 1,7 трлн сўм миқдорида маблағ ўтказиб беради. Дастурларни амалга ошириш доирасида:

  • бош лойиxачи ташкилотлар тендер оркали
  • бош пудратчи ташкилотлар «Шаффоф қурилиш» миллий аxброт тизими орқали
  • объектларни сақлаш билан боғлиқ таъмирлаш ишлари учун жалб этиладиган ташкилотлар тендер оркали аникланади.

Бундан ташқари, бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларга истисно тарикасида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 30 фоиз микдорида олдиндан тўлов (аванс) амалга оширишга руxсат берилади.

«2022 йилда ажратилиб, йил якунига қадар ўзлаштирилмасдан қолган маблағлар давлат бюджетига қайтарилмайди ва ушбу маблағлар 2023 йилда дастурларда назарда тутилган объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлашга йўналтирилади», — дейилади қарорда.