25 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Муҳокамалар давомида депутатлар бюджет маблағлари асосида ташкил қилинмаган, бироқ белгиланган тартиб асосида таъсис этилган жамғармаларнинг Ҳисоб палатаси томонидан текширилишига эътироз билдирди. Бу борада қуйи палата Спикерининг биринчи ўринбосари, шу кунги мажлис раиси Акмал Саидов Ҳисоб палатаси вакилларидан киритилаётган ўзгаришларга муносабат сўради.

«Биз бюджет маблағлари ажратилган жамғармаларни текширамиз. Лекин топшириқ бўладиган бўлса, ҳаммасини текширишга ҳаққимиз бор. Топшириқнинг эса бизга ким томонидан берилишини жуда ҳам яхши биласиз», — деди Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Ўткир Жуманов.

Акмал Саидов эса унга «Топшириқ қонун асосида бўладими?», дея савол берди. Ўткир Жуманов эса қонун асосида берилган топшириқни бажаришларини, бажармасдан умуман иложи йўқлигини айтди.

«Сизлар ҳозир нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг фондларини, масалан, парламент ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ҳам текширасизларми?», — дея аниқлик киритишни сўради депутат.

«Агар топшириқ бўлса, ҳа», — дея жавоб берди Ўткир Жуманов.

Шундан сўнг, Саидов Ҳисоб палатасининг вазифаси фақатгина давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилишни назорат қилишдан иборат эканлигини таъкидлади.

«Топшириқни қайси асосда текширасизлар? Тўхтанг! Сиз нимага бу ердаги 120 та депутат тушунмайди деяпсизми? Алишер ака тўғри айтяпти. Сизлар, нима, эртага жамоат фондини ҳам текширасизларми? Нима демоқчи эканингизни билиб турибман. Қонун бўйича айтинг. Ундан бошқа ҳеч нарсага бурнингизни тиқишга ҳаққингиз йўқ. Фуқаролик жамияти, хусусий ташкилотлар ўзи ташкил қилиши мумкин. Сизлар топшириқни бажарамиз, дейсизлар. Қачонгача? Қонунни биласизларми? Сиз қаерда гапираётганингизни, ўрнингизни билинг. Бу ерни Қонунчилик палатаси деб қўйибди. Сиз ҳақингиздаги қонунни ҳам мана шу ерда қабул қилганмиз», — деди Акмал Саидов.

Бахс-мунозаралардан сўнг, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинмади ва тегишли қўмиталарга қайтарилди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинганди. Шунингдек, молия вазири Тимур Ишметов эҳтиёжманд оилалар сони охирги 3 йилда 600 мингдан 2 млнгача ортганини маълум қилганди.