Ўзбекистоннинг маъмурий маркази 2045 йилгача мўлжалланган Тошкентнинг бош режаси лойиҳаси асосида қурилиши кўзда тутилаётган «Янги Тошкент»га қисман кўчиши мумкин. Бироқ мамлакат маъмурий марказини бошқа ҳудудга кўчириш режалаштирилмаган.

Бу ҳақда бош режа лойиҳаси муаллифларидан бири, «ТошкентбошпланЛИТИ» институти директорининг шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича ўринбосари Саидазим Шарипов «Газета.uz»га маълум қилди («Газета.uz» бу ҳақда батафсил маълумот берган эди).

Мутахассиснинг сўзларига кўра, халқаро тажриба мамлакатларнинг маъмурий марказлари уларнинг иқтисодий марказларидан жуғрофий жиҳатдан алоҳида бўлишини кўрсатмоқда. Масалан: Нью-Йорк (иқтисодий марказ) — Вашингтон (маъмурий марказ), Истанбул — Анқара, Франкфурт — Берлин, Олмаота — Остона. Бироқ, Шариповнинг таъкидлашича, шаҳарнинг асосий функцияларидан бири бошқа ҳудудга кўчириладиган бўлса, бу салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

«Биз Самарқандни пойтахтга айлантириб, ҳамма нарсани у ерга кўчиришимиз ҳам мумкин. Бироқ унда ҳозирда мавжуд маъмурий ҳудудлар нима бўлади? Детройтдан саноат шошилинч равишда бошқа ҳудудга кўчирилганида, шаҳардаги ҳаёт сезиларли ёмонлашган, жиноятчилик ошган. Анқаранинг маъмурий маркази Туркия пойтахтининг энг яхши тумани эди, бироқ маъмурий марказ шаҳар ташқарисига кўчирилгач, бу туман шаҳардаги энг ёмонларидан бирига айланди», — деди мутахассис.

Унинг қўшимча қилишича, маъмурий муассасалар кенгайиши мумкин. Ривожланаётган шаҳарда олий таълим муассасалари сони кўпаяди, мавжуд таълим муассасаларининг штати ва талабалари сони ўсиб боради. Бироқ улар шаҳар маркази доирасида кенгая олмайди, дея қайд этиб ўтиб Саидазим Шарипов.

«Шаҳарнинг функцияларини кўчириш масалаларида эҳтиёткор бўлиш лозим. Шунинг боис оқибатлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун биз хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этяпмиз. Мувозанатни сақлаб қолиш учун маъмурий марказни тўлиқ эмас, балки қисман кўчириш керак. Кенгайиш эса айнан Янги Тошкентда бўлиши керак», — деди у.

Тошкент бош режаси лойиҳаси билан танишиш чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш учун бўлажак қурилишларнинг барини шаҳар ташқарисига кўчириш ҳақида кўрсатма берган эди.

Саидазим Шариповнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, пойтахтнинг меъморий қиёфаси дейилганда анъанавий маҳаллалар, шунингдек, Бобур, Навоий ва Шота Руставели кўчаларидаги архитектуравий ансамбллар назарда тутилмоқда. Уларни сақлаб қолиш учун шаҳар марказида йирик объектлар қурилиши тўхтатилиши керак. Бироқ Тошкентда қурилишнинг тўлиқ тўхтатилиши унинг иқтисодий ривожланиши сустлашувига олиб келади.