ЖЧ-2022`да ишлаш таклифи тушганда, берадиган ойлигига ҳам қарамадим
Алишер Никимбаев — Қатар футбол ассоциацияси ва Осиё футбол конфедерациясида техник эксперт. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у 20 ноябрдан 18 декабргача Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022`га тайёргарлик жараёнлари, қолаверса, ўзбек футболи муаммолари ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Алишер Никимбаев — Қатар футбол ассоциацияси ва Осиё футбол конфедерациясида техник эксперт. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у 20 ноябрдан 18 декабргача Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022`га тайёргарлик жараёнлари, қолаверса, ўзбек футболи муаммолари ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Хориждаги ўзбекистонликлар

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Биз ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Хорижга кетишдан олдин Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида
Мен 1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилганман. 20 ёшимда «Спорт» газетасида фаолият олиб бордим. Орадан бир йил ўтиб «Ўзбекистон ёшлари», «Гол» газеталарига ҳам ёза бошладим ва у ерда 1997 йилгача ишладим, қолаверса, 4 йил телевидениеда ҳам меҳнат қилдим

Ўзбекистон футбол федерациясида (ҳозирда Ўзбекистон футбол ассосиацияси — таҳр.) 14 йил — 1997−2011 йилларда фаолият юритдим. Ярим ставкада федерация матбуот котиби сифатида иш бошладим, 2000 йилдан Мусобақалар бўлими бошлиғи лавозимига кўтарилдим.

Ростини айтиш керак, ўша 2000 йиллар орасида ЎзФФда рўйхатда бўлганману, лекин деярли ишламасдим. Чунки, ўша пайтда федерациядаги раҳбарлар билан озгина муносабатларим ёмонроқ бўлган. Негаки, ўшанда бир мақоламда «Агар ўз ишларимизга ўзгартириш киритмасак, ўша вақтда Ливанда бўладиган Осиё кубогида бизда мағлубият бўлиши мумкин» деб ёзгандим.

Турнирга саралаш босқичида биз ютганмиз, лекин натижа спортчилар тайёргарлигига боғлиқ эди, у эса унчалик даражада бўлмади. Қолаверса, федерацияда пул бўлмаган. Ҳатто, 2000 йилларда ҳам ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларга саралаш турнирларида қатнашамиз, деса «йиғинларга пул йўқ, ўзларинг ҳомий топсанглар, йиғинга борасизлар» деган гаплар бўлган. Шу сабаб мен ёзган мақолада вазият ўзгармагунча олдимизда катта мағлубиятлар бўлаверади, дегандим.
Сурат Алишер Никимбаевнинг шахсий архивидан олинди.
Менинг профессионал ҳаётим 2010 йилда кўтарила бошланганди, ўша вақтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти ёрдамчиси сифатида иш бошлаганман. Ўшанда Ўзбекистонда 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини қабул қилишни ҳам қўлимизга олгандик. Бу пайтга келиб, мен Осиё футбол конфедерациясига ишга ўтдим. Шу билан кўп ишлар тўхтаб қолди. Чемионат ҳам Ўзбекистонда эмас, Японияда бўлиб ўтди.

Орзуим халқаро чемпионатларда ишлаш эди. 2022 йилги ЖЧ Қатарда бўлиши ҳам айнан 2010 йилда маълум бўлди. Шу йили Осиё футбол конфедерацияси (Asian Football Confederation, ОФК — таҳр.) президенти Муҳаммад бин Ҳаммамдан менга таклиф тушди. 2011 йилнинг мартидан шу ерда иш бошладим. Бу вақтда ОФК бош офиси Куала-Лумпур шаҳрида жойлашганди. Орадан 2 йил ўтиб, Бирлашган Араб Амирликларига ишга ўтдим, ўша ерда биринчи марта 17 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг ташкилий қўмитасида ишлаб кўрдим. Бу шахсан ўзим учун дастлабки катта қадам эди.
реклама
реклама
Ниҳоят 2017 йилда Қатарга кўчиб келганимда мен 40 ёшга киргандим. Деярли 5 йилдан бери шу ерда яшаб, жорий йилда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатиҳ-2022`нинг ташкилий қўмитасида ишлаяпман.

Расмий фаолиятим ҳам ОФКда, ҳам ҚФАда давом этяпти. ЖЧ тугаса ҳам, асосий шартномам ҚФА билан давом этаверади. Ҳозирча Қатарда қолиш ва ишни давом эттириш ниятидаман.
2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг ташкилий қўмитасидаги иш ҳақида
Ташкилий қўмитанинг ўзида 200 нафарга яқин руслар, юздан ортиқ озарбойжонликлар, ўзбек ва қозоқлардан ҳам 3 нафардан вакил фаолият юритади. Шу сабабли ё рус, ё инглиз тилида суҳбатлашиб кетаверамиз.

Мен топадиган даромадга келадиган бўлсак, аввал айтганимдек, икки ташкилот ОФК ва ҚФАда ишлайман ва икки жойдан маош оламан. Қисқа қилиб айтганда, бир ойлик маошимга Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Cobalt ёки Lacetti машинасини сотиб олса бўлади. Ойлик унчалик катта эмас, сабаби бунданда катта воқеа — ЖЧда ишлаш таклифи тушганда, мен унга қараганим ҳам йўқ. Балки бошқа чет элдан келган мутахассис бу маошга қаноатланмаган бўларди.

Мен мусобақаларни ташкиллаштириш бўлимида ишлайман. Биз майдоннинг сифати, унинг атрофига ўрнатилган камералар позициялари, футболчилар машқ қиладиган майдонлар, ечиниш хоналар тайёрлиги, ўриндиқларни олдиндан жойлаштиришларини назорат қиламиз. Қолаверса, ўша ерда ишлаётган ходимларга барчасини ўргатиш ҳам бизнинг вазифамиз.
Сурат Алишер Никимбаевнинг шахсий архивидан олинди.
Қатарда ҳозир 8 та стадион бор. Унинг ҳар бирида алоҳида гуруҳ ишлайди. Мусобақалар ўтказиш бўлимимизнинг қиладиган иши бу жамоаларнинг стадионга киргунидан тортиб, то чиққунича улар билан ишлашдан иборат.

Мусобаларга оз қолди, унинг якунигача ҳар бир стадионни икки нафардан иборат FIFA делегациясидан ташқари, Қатар футбол ассосиациясининг камида 3 нафардан расмий вакил назорат қилиб туради. Улар орасида FIFA томонидан вакил ўзбекистонлик Авазбек Бердикулов ҳам бор. Яна 5 нафардан волонтёрлар ҳам бўлади. Шунда жами 10 нафар вакил фақат ўйинни ўтказиш билан шуғулланади.

FIFA`нинг 8-стадионида ишлайдиган ходимлари. Сурат Алишер Никимбаевнинг шахсий архивидан олинди.

Бугунги кунда 8 та стадион тестдан ўтказилди. Муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳозир энг катта масала стадион ташқарисида. Булар сирасига ўйинни кўришга келувчиларнинг стадионга кириб-чиқиши, йўллар, метро ҳаракати, стадионга етиб келиш кабилар киради.
Сабаби, чемпионат вақтида кунига тўртта ўйин бўлади: соат 13:00, 16:00, 19:00 ва 22:00 да. Аввалги мусобақаларда ЖЧни кўришга келганлар бир стадиондан иккинчисига ўтиш учун бошқа шаҳарларга бориши керак эди, масалан, Россия ва Жанубий Африкада ўтган ЖЧлари каби. Қатарда эса ҳамма стадион бир шаҳарда қурилди. Одамлар бир меҳмонхонада туриб бошқа ўйинларга ҳам бораверса бўлади.
Лекин, бир тарафи борки, битта стадионда гуруҳ ўйинлари пайтида ҳар икки кунда бир ўйин бўлади. Бунақаси ҳали ЖЧ тарихида деярли бўлмаган.
Бу эса бизга чақирув, негаки, майдонни янги ўйинга тайёрлаш учун бизда фақатгина бир кун қоляпти.
реклама
реклама
Қатардаги ва бошқа давлатлардаги жаҳон чемпионатлари ўртасидаги фарқ ҳақида
Қатар— жуда қиммат давлат. Ростини айтаман, ЖЧ вақтида нархлар жуда осмонга чиққан. Ҳаттоки баъзи меҳмонхоналар кунига $1000 атрофида пул сўрашяпти. Мен Европадаги дўстларимга иложи бўлса Дубайда туришини таклиф қиляпман. Чунки, у ерда бир кун учун $150−200 га меҳмонхона топиш мумкин.

Айтганча, Жаҳон чемпионати ўйинларини кўриш учун Қатарга келган ҳар ким Fan-ID («мухлис паспорти») олиши керак бўлади. Бу Қатарга кириш учун VISA ўрнига ишловчи электрон ҳужжат ҳисобланади. Fan-ID`да ҳар бир фуқаронинг исм-шарифи, фуқаролиги ва QR-код бор. Улар шуни сканердан ўтказилган ҳолда стадионга киритилади.
Сурат Алишер Никимбаевнинг шахсий архивидан олинди.
Айнан ЖЧ ўтиши боис 1 ноябрдан Қатарга исталган турдаги VISA билан кириш тўхтатилади. Фақат ушбу Fan-ID билан кирган одам 1 ноябрдан 23 январгача Қатарда бемалол турса бўлади. Мазкур «паспорт»га эга мухлис ўзи билан уч нафаргача инсонни олиб келиши мумкин, мисол учун оила аъзолари. Уларнинг барчаси Қатарга ягона Fan-ID ёрдамида кириши мумкин, бироқ, учрашувларни биргаликда кузатиша олмайди.

Шу вақтда Fan-ID билан БААдаги Дубайга ҳам, Саудия Арабистонига ҳам борса бўлади, у VISA ўрнига ишлайверади. Бироқ, ЖЧ вақтида Саудия Арабистони чегарасидан машинада ўтишга рухсат берилмайди. Агар у ердан машинада келишни истаганлар бўлса, автомобилни чегарадаги автотураргоҳда қолдириб, автобусда Доҳага етиб олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари кемалардан ҳам меҳмонхона тариқасида фойдаланишади, у ерда 3000 тагача хоналар бўлади.

Мухлислар учун ҳар бир ўйинни кириб, томоша қилиш пулли. Бунда ўйинлар категорияларга ажратилади. Чипта нархи ҳам шунга қараб қимматлашаверади.

Чипталар нархи Қатар риалида ҳисобланган. Чипталар нархи ҳақида батафсил FIFA`нинг расмий сайтида қайд этилган (FIFA сайтига ўтиш учун сурат устига босинг).

Бундан ташқари, стадион ташқарисида FanZona ташкил қилиниб, концертлар ҳам бўлиб ўтади. Улар камида 2 хил турда: Бири спиртли ичимликлар ичиш мумкин бўлган ҳудуд, иккинчиси эса аксинча бўлади. Сабаби, Қатарда спиртли ичимликлар ичиш бўйича жуда қаттиқ қоидалар бор. Шундай экан мухлислар ўз хоҳишига қараб, жойини танлаб олиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон футболининг муаммолари ва истиқболлари
Жаҳон чемпионати ҳақида гап кетганда, мендан Ўзбекистон ҳақида ҳам кўп сўрашади: «ЖЧга чиқиш Ўзбекистон футболи ривожи учун асос бўла оладими?». Менинг фикрим, Йўқ!

2010 йилда Шимолий Корея Жаҳон чемпионатига чиққанди. Хўш, кейин нима ўзгарди? Жамоа чемпионатга мос бўлганмиди? Ҳатто, улар ҳозир умуман футбол ўйнамаяпти. Айтмоқчиманки, ҳар бир жамоада ўсиш ҳам, пасайиш ҳам бўлади. Шу сабабли, ЖЧга чиқиш асосийси эмас. Аммо, қанча кўп чиқсак, шунча яхши — тажриба ортаверади.
Мен эса ўзбек футболидаги тизимни яхшилаш, уни ривожлантириш учун аввало мамлакатда болалар футболини молиялаштиришни таклиф қиламан. Чунки, болалар футболида пул бўлмаса, фойдаси йўқ.

Бизда масалан, ҳозир футбол клубларини камайтирмоқчимиз, дейишяпти. Агарда Олий лигада клублар сони камайса, бу автомотик равишда уларнинг қошидаги академиялар ва мактабларга панд беради.

Биздаги футболчиларнинг аксарияти ҳам ривожланган клубларнинг академияларидан чиққан: «Насаф», «Пахтакор», «Бунёдкор». Клуб қанча кўп бўлса, шунча болалар мактаблари кўп бўлади. Мен бунда ҳаммаси давлат бюджетидан барпо қилинсин, демаяпман. Айтмоқчиманки, қанча кўп пул бўлса, шунча кўп болалар мактаблари бўлади. Аслида, футбол мактаблари сони ва уларнинг савияси асосий муаммо.
Ўсмирлар ва катталарда эса ўйинлар сони ҳақида қайғуриш керак. Масалан, Тошкентда шаҳар чемпионати бор, у ерда болалар истаганча ўйнайди. Бироқ, айрим вилоятлар борки, ҳатто вилоят чемпионатлари ҳам ўтказилмайди. Масалан, Қашқадарёда ҳам «Машъал» ва «Насаф» клублар ўзаро ўйнаяпти, холос.

ЖЧ-2022`дан эсдаликлар тўплами. Бу ердаги энг қимматли экспонат — саккизта стадионнинг барчаси тасвирланган тангалардир. Сурат Алишер Никимбаевнинг шахсий архивидан олинди.

Чекка туманларда бир жойдан иккинчи жойга етиб бориш қийин. Лекин шунинг йўлини топиб, ўйинлар сонини кўпайтириш керак. Ҳаммаси барибир машғулотлар жараёнига бориб тақаляпти. Талантларимиз бор, бироқ умумий савия пасайиб кетяпти. Бундан 10−20 йил аввалги футболчиларнинг савиясига қарасангиз, уларда баландроқ бўлган. Бугунги кунда ўша ёши ўтган футболчилар ўз клубида ҳалигача яхши тўп суряпти. Уларнинг ўрнини босадиган футболчилар эса жуда кам. Муаммо шунда.

Бошқа муҳим шартлардан бири — тайёргарлик ва стадионларнинг ҳолатида. Қатарда ҳозир стадионларда янги дренаж тизими ўрнатилди. 2020 йил пандемия пайтида биз «Жануб стадиони»да Осиё чемпионати финалини ўтказдик. Шундан сўнг стадион ёпилди ва у ерда вакуум-вентиляцион тизимни ўрнатиш учун реконструкция қилишга киришилди. Бу дренаж системанинг янгича даражаси ҳисобланади. Қатарда ЖЧ ўтадиган 8 та стадионнинг ҳаммасида FIFA талаблари бўйича мазкур тизим ўрнатилди. Бунда сув майдонда қолиб кетмайди.
реклама
реклама
Мен «Бунёдкор» стадионида ҳозир қандай дренаж тизими ўрнатилаётганини билмайману, лекин FIFA тавсия қилган вакуум-вентиляцион тизим шу стадионда ҳам қўйилишини ўйлаб кўриш керак. Яқинда Ўзбекистон ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев бу стадиондаги яшил майдонда дренаж тизими шу вақтгача умуман ишламаганини айтганди.

Чет элдан жалб қилинадиган легионер футболчилардан ташқари мураббийларни ҳам жалб қилиш ўзини яхши оқлайди. Бизнинг кўп мураббийларимиз бугунги кунда технологияларга, таҳлилчиларнинг ишига ишонмайди. «Бу билан нима ўзгаради?» қабилида эски усули билан ишлаяпти. Чет элдан келаётганлари эса таҳлилга кўп эътибор беришади.

Мен футбол ичидаги одам бўлганим учун ҳам айтаманки, бу муҳим. Масалан, FIFA яқинда ЖЧда қатнашадиган ҳар бир футболчи учун мобил илова яратяпти. Уларнинг ҳар бири ўйин тугагач, телефонидаги ўша иловага кириб, ўз ҳаракатларини таҳлил қилиши мумкин бўлади. Қанча югургани, қандай ҳаракатлар қилганини билиб олади. Хорижда таҳлилга жуда катта эътибор беришади. Бизда ҳам йўқ эмас ундайлар, лекин чет элдан олиб келсак, жуда яхши бўларди. Бунда ҳам эътиборлироқ бўлиш керак, чет элдан келди дегани доим ҳам «яхши мутахассис» дегани эмас. Монголия ҳам чет эл ҳисобланади, масалан.

Шу ўринда ёшларга ҳам чет тилларини яхши ўрганишни тавсия қилардим. Бусиз ҳеч нима бўлмайди. Қолаверса, ўзим кузатган воқеалардан бири ҳозирги айрим ёшлар компьютерда ишлашни яхши билмайди. Бу масалаларни ўрганиш керак, булар ўзлаштирилса, кейинги ишга мослашиш жараёни осон бўлади.
Матнни Муштарий Оқбоева тайёрлади.
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг