«Ўзбекча гапириш»
Онлайн курсларда ўзбек тили қандай ўргатилмоқда?
Мактабда ўн йиллик ўзбек тили таълими кўплаб русийзабон ўзбекистонликларга давлат тилида гаплашишни ўргатмади. Тилни ўрганишни бугун хусусий онлайн курслар таклиф этмоқда. «Газета.uz» учта шундай мактаб таъсисчиларидан дарсларни йўлга қўйиш ғояси, бу борадаги қийинчиликлар ва ўқувчиларнинг талаблари ҳақида сўради.
Мактабда ўн йиллик ўзбек тили таълими кўплаб русийзабон ўзбекистонликларга давлат тилида гаплашишни ўргатмади. Тилни ўрганишни бугун хусусий онлайн курслар таклиф этмоқда. «Газета.uz» учта шундай мактаб таъсисчиларидан дарсларни йўлга қўйиш ғояси, бу борадаги қийинчиликлар ва ўқувчиларнинг талаблари ҳақида сўради.
Лазиза Азимова
Uzbekonline.ru ўзбек тили онлайн мактаби асосчиси
Ўзбек тили курсларини ташкил этиш ғояси ҳақида

Мен 15 йилдан буён Россияда яшайман. Фарзандларим ўзбек тилида ҳеч бўлмаганда бошланғич даражада гапиришларини жуда хоҳлардим. Бу ерга ўзбекча гапирадиган энага олиб келдим, ўзбекча мультфильмлар қўйиб бердим, уйда ўзбекча гаплашишга ҳаракат қилдик. Аммо бундай аниқ йўналтирилган ёндашувлар унчалик фойда бермади. Чунки бола учун биринчи тил боғча, мактаб ва YouTube канали тили бўлади. Агар болани ўраб турган муҳит ва маълумотларнинг аксарияти ўзбек тилида бўлса, ўзбек (ёки бошқа ҳар қандай) тил устун бўлади.

Ўзбек тили бўйича онлайн курсларни яратиш ғояси грузин тилида шундай курслар борлигини билган вақтимда пайдо бўлди. Бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлди, чунки Ўзбекистоннинг ҳудуди ва аҳолиси Грузияникига қараганда анча катта.

Чет элда яшаётганлар ўзбек тилини ўрганишлари учун курс ташкил қилмоқчи бўлдим. Филолог ва ўқитувчи бўлмаганим учун ташкилотчилик билан шуғулландим. Менда келажак — онлайн формат билан эканлиги ҳақида тушунча бор эди. Шундай муносабат билан пандемияни олдиндан пайқаган эканмиз. У бошланган пайтда мактабимиз аллақачон икки йилдан бери фаолият юритиб келаётганди.

Мавзуни ўрганар эканман, бизда дарсликлар жуда камлигини англадим, мустақил ўрганиш учун қўлланмаларни топиш эса, бу — шунчаки мўжиза. Мен ўзбек тилини ўрганаётган инглиз тилида сўзлашувчи хорижликлар учун қўлланмани топиб олдим. Россияда чоп этилган ўзбек тилидан битта дарслик ҳам топилди. Ва муаллиф Бакиевнинг 1967 йилдаги жуда эски мустақил ўрганиш учун қўлланмасини. Шулар холос. Қолганлари қандайдир жуда тарқоқ манбалар.

Онлайн курсларни ташкил этиш учун ўқитувчилар билан 80 дан ортиқ суҳбатлар ўтказдим ва ўз ишининг усталари — ўзбек тили мутахассислари ва амалиётчиларини топдим. Улар талабанинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ишлашади. Уларнинг асосий вазифаси — одамни ўзбекчада сўзлашишга ўргатишдир. Кўп вақтимни онлайн маркетинг ва онлайн бошқарувга бағишладим, чунки ўқитувчиларимиз бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган.
реклама
реклама
Ўқувчилар ҳақида
Курслар бошланганидан бир ой ўтгач, ўзбек тилини ўрганишга муҳтож бўлган асосий аудиториям Ўзбекистоннинг ўзида эканлигини англаб етдим. Одамлар ўзбек тили кераклиги, аммо ўқитувчилар, оддий курслар топа олмаганларидан шикоят қилишарди.
Бугунги кунда uzbekonline.ru ўқувчиларининг 90 фоизини — Ўзбекистонда яшайдиган турли миллат ва касб вакиллари ташкил этади. Аксарияти 30 ёшдан ошган талабалар. Улар бутун умрини Ўзбекистонда ўтказган, мактабда 10 йил ўзбек тилини ўрганган ва деярли ҳамма бу дастурни қатъиян инкор қилишини айтади, чунки улар шеър ёдлашга ва овоз чиқариб ўқишга мажбур бўлишган. «Сизларда ундай эмасми? Нималар билан фарқ қиласиз?» — деб сўрашди улар.

Одамларга ўқитиш форматимизни кўрсатиш учун битта махсус дарсни очиқ ўтказдик. Кўпчилик устимиздан кулишди: «Ўзбек тили кимга керак? Келажак инглиз тилиники», — дея изоҳ қолдирганлар ҳам бўлди. Аммо барибир кимдир ўқишга келди.

Биз дарҳол яхши изоҳлар ола бошладик. Одамларнинг айтишича, биз уларга кундалик даражада гапиришга ёрдам бераяпмиз.

Баъзи талабаларимиз нолдан бошлашади. Бошқалар бир оз гапиришни билади, лекин ўсишни хоҳлашади. Бундай талабалар яхши шуғулланишса, жуда катта натижаларга эришадилар.
Курслар ҳақида

Вазифамиз — уч ой ичида кундалик ҳаётда: шифокор ва бозорга бориш, чипта сотиб олиш ва ҳоказоларда мулоқот қилишни ўргатишдан иборат эди. Ўқувчи топшириқларни бажарган тақдирда, ҳақиқатан ҳам ўз ваъдамизнинг устидан чиқишга муваффақ бўлдик.

Методикани ишлаб чиққан ўқитувчилар олдига қийинлаштирмаслик вазифасини қўйдим. Биз энг кенг тарқалган қоидаларни берамиз, уларсиз гапириш, тилнинг табиати ва моҳиятини тушуниш умуман мумкин эмас. Шунинг учун мен етук олимларни қидирмадим. Уларга ҳамма нарсани ўргатиш шартдек туюлиши мумкин. Менимча, 5000 та сўзни билиб, ишлатмагандан кўра, 300 та сўзни билиб, ишлатган маъқулроқ.

Асос сифатида ўзбек адабий тили ҳисобланган Фарғона шевасини оламиз. Дарс қуйидагича тартибда тузилган: аввалига назарий қисм бўлиб, унда қоида, ундан фойдаланиш тушунтирилади, сўнгра ушбу қоидани мустаҳкамлаш учун турли машқларни бажариш керак. Мисол учун, етишмаётган сўзни топиш, берилган мавзу бўйича тез айтиш.

Ҳар қандай материални доимо қайтадан кўриб чиқиш, қайта тинглаш мумкин, чунки такрорлаш тилни ўрганишда муҳим омил ҳисобланади. Мактабда эса энг яхши ҳолатда 30% маълумотларни эслаб қоласиз.

Тўрт йил аввал ҳам ўзбек тилини онлайн ўрганиш имконияти қарийб йўқ эди, бироқ ҳозир бозор жонланган: курслар, репетиторлар бор, ижтимоий тармоқларда кўплаб материаллар мавжуд. Ҳамма ўзбек тили кераклигини яхши тушуниб турибди. Шунинг учун биз B1 ва B2 даражалар учун дарслар очдик. Методика ҳамда тилни муайян даражада эгаллаганликни аниқлаш учун ўқувчиларни имтиҳон қилиш мезонлари ва услубларини ўзимиз ишлаб чиқдик.

Тилни ўртача даражада биладиган ўқувчилар учун мўлжалланган дастурларимиз фильмлар, қўшиқлар, китоблар, янгиликлар, нотиқларнинг чиқишларидан таркиб топган. Бироқ бошланғич босқичдаги ўқувчилар учун бундай материаллардан фойдаланишга эрта.

Ҳар қандай натижа саъй-ҳаракат талаб қилишини билишимиз керак. Агар одам жуда банд бўлса, биз мослашувчан жадвални таклиф қиламиз. Дарсларни рулда эшитиш, бир қўлда овқатни қўзғаб, иккинчисида — машқ қилиш, қулай вақтда шуғулланиш. 30 дақиқалик дарсни қисмларга ажратиш мумкин. Бундан ташқари, биз бир кунда уч соат шуғулланишни тавсия қилмаймиз.
реклама
реклама
Тилдаги тўсиқлар ва тил ўрганиш усуллари ҳақида

Айниқса, Ўзбекистонда яшовчи ўзбек миллатига мансуб талабалар орасида тил тўсиқлари кучли. Агар уларнинг оилаларида ўзбекча гаплашилмаган бўлса, улар айниқса, талаффуз қилишда қийналади.

Буни бартараф қилиш учун бизда тинглаш дарслари мавжуд, уларда аввал ёзув эшитилади, кейин эшитилган аудио матни талаффуз қилинади. Бу яхши амалиёт, чунки инсон аввало ўзини эшитади, қайта-қайта ёзади — ва ҳоказо.

Бундан ташқари, бизда ўйинлар учун ёпиқ чат ҳам мавжуд. Ўқитувчилар талаффуз қилиш учун тез айтишлар беришади. Атрофдагилар ҳам хатолар билан айтаётганини кўрганингизда, бу оддий ҳолат экани ва ёлғиз эмаслигингизни тушуниб етасиз.

Бизга тез-тез: «Курсларга боришнинг нима кераги бор? Шунчаки ўзбекка турмушга чиқиш / маҳаллага / бозорга бориш / икки ойга армияга бориб-келиш етарли-ку», — деган мазмунда ёзиб туришади. Бу усуллар ажойиб хотирали, тушуниш жуда осон бўлган тилларни ўрганиш қобилиятига эга одамларда фойда бериши мумкин. Лекин бундай одамлар кўп эмас.

Мен бу тавсияларга жиддий қарамайман, чунки ўзим тил билан боғлиқ мураккаб вазиятга тушиб қолганман. Италияда бўлганимда, барча маълумотлар фақат итальян тилида эди. Учинчи ойга борибгина итальян тилида қўпол хатолар билан гапиришни бошладим. Бу мен ҳеч кимга раво кўрмайдиган оғир стрессли ҳолат эди.

Ундан қочиш учун минимал база керак: замонларни тушуниш, феълни равишдан ажратиш, холос.
Саида Рашидова
Saida bilan oʻzbek tili ва «История Допки» («Допкилар тарихи») китоби муаллифи
Ўзбек тили курсларини яратиш ғояси ҳақида

Менинг фаолиятим ҳар доим инглиз тили билан боғлиқ эди. Олти йил давомида TIS (Tashkent International School, Тошкент халқаро мактаби — таҳр.)да ишлаб, чет эллик экспертлардан педагогика соҳасида малака оширишга муваффақ бўлдим. Бироқ ҳамма TIS — Ўзбекистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ жойлигини тан олади. Дастурда ўзбек тили мавжуд эмас, мамлакатимиз тарихи ва маданияти ҳақида камдан-кам гапиришади.

Бу ҳолатдан сиқилардим, инглиз тилига қизиқишим йўқолиб, ўзбек тили ўзига жалб қила бошлади. Ўз юртимда ўзимни ҳар доим меҳмондек ҳис этишим мени безовта қиларди. Чет элликлар Ўзбекистон ҳақида гапиришарди, мен эса бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигимни тушуниб етдим. Фарзандларим ўзбек тилини қандай ўрганади, деб хавотирлана бошладим.

Пандемиядан олдин туризм билан шуғулланишга қарор қилдим. Шу йўл билан ҳам ўз қизиқишимни қондираман, ҳам уни бошқаларда ривожлантираман, деб ўйлардим. Мен ўзимни ўзбекдек ҳис қилишни ва бундан фахрланишни хоҳлагандим. Аммо локдаун туфайли туризм иш бермади. Инглиз тилини ўргатишни бошладим, лекин мен TIS`ни бунинг учун тарк этмаганимни англадим. Шу боис, 2020 йил ёзида ўзимнинг Facebook`даги саҳифамда қанчага бўлса ҳам ўзбек тилидан дарс беришга тайёрлигим ҳақида эълон жойлаштирдим.

Тез орада биринчи талабалар пайдо бўлди: қозоқ қизи, корейс, америкалик ва африкалик. Ўшанда туркий тилда сўзлашувчиларни ажратиш кераклигини ҳали билмаган эдим, лекин тажриба барибир қизиқ эди.

Дарс ўтиш жараёнида тажрибам менга ёрдам берди. Дастур тузиб, уни Вестминстер университети ўқитувчилари билан муҳокама қилдим, курсдошларимга кўрсатдим ва шундан кейингина оммага олиб чиқдим.

2021 йил июнь ойида рус тилида сўзлашувчиларга дарс беришга қарор қилдим: бу аудиторияга бориш қўрқинчли эди, чунки грамматикани ўрганишни ёқтирмайман, грамматика орқали дарс бермайман, гап қисмларини яхши тушунмайман, лингвистика атамаларини яхши билмайман.
реклама
реклама
Мактабларда ўзбек тилини ўқитишдаги камчиликлар ва ўзбек тилининг мураккаблиги ҳақида
Ўзбек тили бу — туркий тил, туркий тиллар эса агглютинативдир. Улар шундай тузилишга эгаки, сўзларнинг ўзгаришида (турланиши, тусланиши) агглютинация — ҳар бири фақат битта маънога эга бўлган суффикс ва аффиксларнинг қўшилиши етакчилик қилади.

Энг оддий мисол «Ўзбекистонликмисиз?» Рус тилида бу уч сўз, инглизчада тўртта, ўзбек тилида эса битта — «Ўзбекистонликмисиз?». Тилнинг бу хусусиятини билиш керак, у тушунишни осонлаштиради. Ўзбек тилида жуда узун сўзлар бор, бунга фақат чидаш керак бўлади. Аммо грамматикаси жуда осон ва бу тилнинг бонусидир. Оддий келишиклар, келажак ва ҳозирги замон феълни ўзгартирмайди. Ҳалқум товушлари туфайли талаффуз қийинроқ бўлиши мумкин.
Мактабларда ўзбек тилини ўқитишнинг камчиликлари яққол кўриниб турибди. Ўтган йиллардаги дарсликларнинг мазмуни болаларнинг яшаётган ҳаётига мос келмасди. Таълим рус тилида олиб бориладиган синфларда ўзбек тили иккинчи синфдан бошлаб ўқитилади. Бироқ бошланғич мактабдаёқ Алишер Навоий, Бобур, гўзал табиатли мустақил Ўзбекистон мавзулари ўқитиларди. Аммо болаларга мустақиллик эмас, Хагги Вагги қизиқроқ.
Бундан ташқари, нимани ўргатиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай тушунча йўқ эди, у аслида барча синфлар учун бўлиши лозим. Инглиз тилида бошланғич даражада ўрганиш керак бўлган 100 та сўз мавжуд. Ўзбек тилида ҳам шундай рўйхат бўлиши керак. Дарсликлар шу сўзлардан яратилиши керак. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, ўзбек тилини чет тили сифатида ўрганаётган болалар учун дарсликларда боланинг кундалик ҳаётидан олинган сўзлар бўлиши керак. Аммо эски дарсликларда бу дарсликлар мўлжалланган ёшдаги ўзбекзабон болалар ҳам ишлатмайдиган сўзлар бор эди. Ўқувчиларнинг ёшига мос луғатдан фойдаланиш керак.

Қолаверса, бошланғич синфларда ўзбек тили дарсларида болаларга ёзиш ва ўқиш ўргатилади. Модомики болаликдан аввал эшитиш ва қулоқ солишни, кейин гапиришни, сўнгра ўқиш ва ёзишни ўрганар эканмиз, ўзбек тили дарсларини ҳам мулоқот орқали қуриш керак, деб ҳисоблайман. Бола билан гаплашиш, унинг эҳтиёжларини ҳис қилиш керак. Бусиз ўрганиш муваффақиятли кечмайди.

Инсон гапириши учун нутқларни эшитиши керак. Чунки матн — талаффуз дегани эмас, айниқса Тошкентда. Кимдир ёзилган нарсаларни ўқийди, машқларни қилади, кўчага чиққанида эса нутқларни эшитиб, ҳеч нарсани тушунмайди. Бу, айниқса, ўзбек тилида сўзлашувчи муҳит унинг учун ҳали янги бўлган одамлар, яъни Ўзбекистонга яқинда келганлар учун жуда муҳим.
Фото: Саида Рашидова
Курс ҳақида

Курсни ишлаб чиқишда 16 соат ичида исталган тилни ўрганиш мумкинлигини даъво қиладиган Дмитрий Петров методологиясини мўлжал олишга ҳаракат қилдим. Асосийси, феълларнинг турли хил замонларда қандай тусланишини тушуниш. Бироқ бу услуб иш бермади, чунки дарслар тушунмасдан ёдлашга айланади, менинг миям эса жадваллар бўйича эмас, балки вазиятга қараб ишлайди, айниқса суҳбат одам учун янги бўлган тилда кечадиган стрессли вазиятларда.

Ўзбек тилини ўзимнинг методологиям бўйича «омон қолиш учун» ўргатаман. Мен катталар билан ишлайман, чунки болалар кўпроқ эътибор ва тўлиқ фидойиликни талаб қилади. Курснинг давомийлиги 4-5 ҳафтани ташкил этади. Одамга «омон қолиш»га ёрдам берадиган билимларни бераман: йўналишни сўраш, озиқ-овқат, дори сотиб олиш, тез ёрдам чақириш. Бу даража учун мукаммал гапириш шарт эмас. Бу ерда гапириш муҳим.

Курс давомида ўқувчи уни тушунишлари учун етарли даражада гапира олишни ўрганади. Қўшимчаларни сал-пал тўғри ишлатишни ўргатишга ҳаракат қиламан.
реклама
реклама
Мен дарҳол Zoom орқали дарс беришни бошладим. Бошида бутун дарс давомида ўқувчилар билан мулоқот қилдим: тақдимот ёрдамида назарияни тушунтирдим, саволлар беришларини сўрадим. Тез орада талабалар назарий қисмни олдидан ёзиб беришимни сўрашди, уни дарсдан олдин томоша қилишди ва биргаликда амалий қисмини ўтдик.

Видеодарслар қилишни бошладим, Zoom`га эса она тилида сўзлашувчиларни таклиф қилиб, ўқувчи ва она тилида сўзлашувчи жуфт-жуфт «онлайн хона»ларда суҳбатлаша олишларига шароит яратдим. 20 дақиқалик суҳбат давомида улар бир-бирлари ҳақида нималарни билиб олганини гапириб беришди. Мен тез толиқиб қолдим, чунки видеодарсларни ёзиш жуда кўп вақт оларди. Бундан ташқари, видеодарслар грамматикага ёрдам беради, одамни эса қандай қилиб гапиришга ўргатиш мумкин?
Ахир ўқитувчи сифатида назарияни ўргатмоқчи бўлсангиз, шунча амалиёт ҳам беринг-да. Менда эса амалиёт оз.
Жорий йилнинг июль ойида «омон қолиш тили»нинг барча мавзуларини қайта кўриб чиқдим ва уларни бир нечта блокларга ажратдим: ўзим, оилам, ишим, севимли машғулотларим, озиқ-овқат, кийим-кечак сотиб олиш, дорихонага бориш ва форс-мажор ҳолатлари ҳақида. Битта блокни талабга қараб очиқ қолдирдим. Масалан, русийзабон офтальмолог кўзойнак танлашда мижозга хизмат кўрсатиш учун ўзбек тилида диалог ёзишда ёрдам сўраб қолиши мумкин.

Ушбу мавзуларнинг барчасини онлайн платформага юкладим, у ерда нафақат матн форматида машқларни бажариш, балки аудиохабарлар ҳам ёзиш мумкин. Бутун назария учун машқлар ўйланган. Платформада уларни бажарган ўқувчи балл олади. Аммо овозли хабар юбориши керак бўлган машқни бажармаса, у балл ололмайди.

Менда бонуслар тизими ҳам бор. Ким кўп балл тўпласа, унга бир-иккита индивидуал дарс бераман. Камроқ балл тўплаганларга рус ёки ўзбек тилидаги китобларимни совға қиламан. Бундан ташқари, талабаларни курс охирида ўзларига совға беришга чақираман, ахир улар вақт сарфлашди-ку.

Zoom сақланиб қолди. Яна small-talk форматини ҳам ўйлаб топдим — у талабалар билан қисқа телефон қўнғироқлари бўлиб, суҳбатларни ёзиб оламан. Аввалига улар фақат мен билан, кейин эса мен таклиф қилган она тилида сўзлашувчилар билан мулоқот қилишади. Улар мен билан битта мавзуни репетиция қилишади, сўнгра она тилида сўзлашувчилар билан амалда синаб кўришади. Динамикани шундай кузатиб борамиз.
Ўқув материаллари ҳақида

Мендан дарсликлар ҳақида сўрашганида, одатда, Нигора Азимованинг А1, А2, В1, В2 даражалари учун мўлжалланган икки жилдлик китобини тавсия қиламан. Уларни «Амазон»дан топиш мумкин. У 90 доллар туради. Унга видео материал бириктирилган, лекин шогирдим буюртма қилганида, дисклар келмабди. Замонавий яхши дарслик — аудио ёки видео материалларга эга бўлган дарсликдир.

Бошқа бир дарслик — Алексей Арзамазовнинг мустақил ўрганиш учун ўқув қўлланмаси. Рус тилида сўзлашувчи талабалар учун яхши кетади.

Бизда луғатлар масаласи ўта оғир. Инглиз тилидан дарс берганимда, болалар билан АҚШ элчихонасига кино кечаларига борардик. Ўшанда элчихона ўзининг инглизча-ўзбекча луғатини нашр этганини кўрдим. Ўзбекистонда луғат қачон чиқади?

Менда эски ва янги намунадаги изоҳли ҳамда совет русча-ўзбекча луғатлар бор. Луғат етишмаслиги муаммоси жуда муҳим ва ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолардандир.
Ўзбек тилини ўрганиш йўллари ва тил тўсиқлари ҳақида

Тил тўсиғининг кўплаб турли сабаблари бор. Бу психологик масала бўлиб, унинг устида шуғулланиш керак: болаликда кимдир кулган, кимдир тушунарсиз шеърларни ёдлашга мажбур бўлган. Одам бу тилда ўз овозини танимайдиган ҳолатлар ҳам бўлади, шунинг учун талабалардан овозларини ёзиб олиш, уни эшитиш ва ўзларининг овозларига кўникишларини сўрайман.

Ўзбек тилининг ўзгараётгани мени хурсанд қилади. Таниқли блогерлар қандай гапираётганларини кузатиб бораман. Телефонимнинг интерфейси ўзбек тилида ва Telegram жуда яхши таржимон ёллаб, эможиларни ажойиб тарзда таржима қилдиргани жуда ёқди. Электрон ускуналарнинг ўзбекчаси ўзлаштирилган сўзларни сиқиб чиқармоқда. Албатта ҳаммасини сиқиб чиқара олмайди, лекин бу ҳам керак. Буларнинг барчаси тилни ўрганишга ёрдам беради. Телефон интерфейсини ўзбек тилига ўтказиш уни ўрганмоқчи бўлган одам қила оладиган минимал ишдир.
Яна бир усул — нотаниш одамлар, сотувчилар, такси ҳайдовчилари билан суҳбатлашиш. Менинг шогирдларимдан бири, америкалик, француз ва рус тилларини ўрганган. Унинг сўзларига кўра, бу тилларда сўзлашувчилар доимо хатоларга ёпишиб олишади, шу боис одам хатолардан уялиб қолмаслик учун ҳам уларни ўрганади ва нутқини яхшилайди.

Бироқ, унинг фикрича, ўзбек тили билан вазият бошқача. Бу ерда бир-иккита сўзни хато билан бўлса ҳам айта олсангиз, одамлар хурсанд бўлишади. Бу ўзбек тилини ўрганиш учун мукаммал муҳит. Одамлар хатоларингиз устидан кулишмаса, жуда яхши.
Ўзингиз билан ўзингиз суҳбатлашишингиз, ўзбек ва она тилингиздаги маҳсулотлар таркиби, пешлавҳалар ёки янгиликлар сарлавҳаларини ўқишингиз, сўнгра сўз тартибини тушуниш учун уларни солиштиришингиз, ўхшаш ёки бир хил сўзларга қараш мумкин.

Шунингдек, ўз каналимга китоблардан парчалар жойлаштираман. Масалан, «Кичик шаҳзода»нинг иккита бобини эълон қилдим. Иловага китоблардан ўзбек тилидаги машқларни юклашни ҳам режалаштирганман.

Ўтган йили «Ўзбекча рақс» спектаклининг бир неча эпизодларини таҳлил қилиш бўйича қисқа курс ташкил этдим. Охирида талабалар билан Ҳамза номидаги театрга спектакль томоша қилишга бордик.

Бу йил янги йил учун «“Уйда ёлғиз” фильми асосида ўзбек тили» курсини ўтказишни режалаштиряпман.

Юқори даражалар учун курсларим йўқ ва уларнинг бўлиш-бўлмаслигини билмайман. Бироқ китоблар, спектакллар, фильмлар турли мураккабликдаги даражаларни олишга имкон беради.
Гулрухсор Эргашева
Qiziqarli o'zbek tili курси муаллифи
Ўқитиш тажрибаси ҳақида

Илмий тадқиқот ишим ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитишнинг илмий-методик асослари (ўқитишнинг андрагогик модели)га бағишланган.

2015 йилдан буён хорижликларга ўзбек тилидан дарс бераман. Магистратурада ўқиб юрган пайтларим иш бошладим. Керакли манбаларни топа олмаганим ва чет тилини ўргатиш усулларини билмаганим учун ҳар бир дарсга алоҳида тайёргарлик кўрдим.

Шогирдларимдан бири корейс тили ўқитувчиси бўлиб, у менга методика ҳақида озгина сўзлаб берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ишга кирганимдан сўнг бу соҳага чуқурроқ шўнғишга муваффақ бўлдим.

2018 йилда ўзбек тилини ўргатиш бўйича MOTUL лойиҳа жамоасини туздик. Семинарлар ва дарслар ташкил этилди. 2019 йилда илмий раҳбарим, тиббиёт фанлари номзоди Саодат Одилова билан биргаликда «O’zbekona» дастурини ишлаб чиқдик.
реклама
реклама
Мактабларда ўзбек тилини ўқитишдаги камчиликлар ҳақида

Ўзбек тили мактабларда 12 йил ўргатилади, аммо дарсликларда ўрганишнинг тўрт жиҳати: ўқиш, тинглаш, гапириш ва ёзиш йўлга қўйилмаган. Улар фақат луғат ва грамматика ўргатишга қаратилган, шунинг учун ҳам «Ўзбек тили» ўқувчилар учун энг зерикарли фан бўлиб келган.

Бошқа бир муаммо шундан иборатки, илгари ўзбек тилини иккинчи ва чет тили сифатида ўргатадиган ўқитувчилар тайёрланмаган. Бундай кадрлар 2018 йилда пайдо бўла бошлаган, аммо улар ҳали ҳам етишмаяпти.

Курс ҳақида

Бизнинг методологиямиз ностандарт. У дунёда кенг қўлланиладиган ва қисқа вақт ичида тилни ўрганиш имконини берувчи интегратив ёндашувга асосланган. MOTUL лойиҳаси талабалари сўзлашув ўзбек тилини 12 ой ичида B2 даражасида ўрганадилар. Кейин бизнес ўзбек тилига ўтиш мумкин.

Ҳар бир даража учун биз сўзларни улардан фойдаланиш частотасига қараб танлаймиз. Адабий ўзбек тилининг сўз бойлигидан фойдаланмаймиз, шеваларни ўргатмаймиз. Бизнинг вазифамиз — тилни мулоқот воситаси сифатида ўргатишдан иборат, холос. Ўзбек тилини ўрганувчиларга ўзлари ўрганаётган ҳудуднинг шеваси таъсир кўрсатади. Пойтахтдаги чет элликлар Тошкент лаҳжасини кўчада ўрганишлари мумкин. Бирор шевани билган одам адабий ва сўзлашув ўзбек тилини тушуниб, жавоб қайтара олади.

Афсуски, ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитишнинг халқаро стандартлари миллий методикага мувофиқ ишлаб чиқилмаган. Шу боис соҳада муаммолар кўп. Чет элликлар ҳисобига ўзбек тилини сақлаб қола олмаймиз. Уни, жумладан, адабий шаклини ҳам сақлаб қолиш ўзбек халқининг бурчидир.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг