Сешанба куни президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Қашқадарёни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, президент биринчи навбатда вилоятда бешта йўналишда — тадбиркорлик, саноат, аграр, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий соҳада эришилиши лозим бўлган мақсад ва вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, вилоятда тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали келгуси йилда 207 минг нафар иш ўрни яратиш зарурлиги айтилди.


Шунингдек, саноатда 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини банд қилиш, 22 та норуда конни ўзлаштириб, талаб юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкони борлиги таъкидланди. Бундан ташқари, пахтани чуқур қайта ишлаш даражасини 32 фоиздан 56 фоизга чиқариш учун кластерлар томонидан 2 триллион сўмлик 12 та лойиҳани якунлаш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари кимё, нефть-газ, энергетика тизимидаги йирик корхоналар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиб, 65 та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш, 18 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилаб, қўшимча 90 млрд сўмлик маҳсулот етиштириш, 66 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб, 300 млн куб метр сувни иқтисод қилиш, 10,5 минг гектар пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳисобига, 32 минг оила бандлигини таъминлаш имконияти борлигини кўрсатиб ўтди.

Президент ҳудудда марказлашган тоза ичимлик суви таъминотини келгуси йилда 60 фоизга етказиш лозимлигини ҳам таъкидлади.


Йиғилишда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ҳудудни ривожлантириш ишлари ҳолати ва истиқболдаги мақсадлар юзасидан ҳисобот берди. Унинг маълум қилишича, саноат йўналишида ишлаб чиқариш 15 трлн сўмни, аҳоли жон бошига 4,4 млн сўмни ташкил қилгани, соҳада банд аҳоли қарийб 44,8 минг нафарни ташкил этади.

2023 йилда драйвер соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига бу кўрсаткичларни тегишлича 24 трлн сўм, 6,3 млн сўм ва 45,2 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

2022 йилда умумий қиймати 1,9 млрд долларлик 844 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада 12,4 мингта иш ўрни яратилади. 2023 йилда 3,4 млрд долларлик 769 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, бунинг натижасида 13 186 та иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 2,9 трлн сўмга, бюджетга тушумларни 712 млрд сўмга, экспортни 165 млн долларга ошириш, 110 млн долларлик импортни ўрнини босиш кутилмоқда.

Вилоятнинг экспорт ҳажми 2022 йилда 26 фоизга ўсиб, 280 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткични 400 миллион долларга етказиш режалаштирилган.