Президент шавкта Мирзиёев 25 октябрь — ички ишлар органлари ходимлари куни билан соҳанинг барча ҳарбий хизматчиларига табрик йўллади.

«Халқимиз сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ инсонлар деб билади ва машаққатли хизматингизни муносиб эътироф этади. Янги Ўзбекистонда „Инсон қадри учун“ деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларимизни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш қанчалик муҳим вазифа эканини барчамиз яхши англаймиз. Шу боис, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга устувор эътибор қаратилмоқда», дея таъкидлади у.

Соҳадаги ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, президент ИИОнинг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти, қадр-қиммати ва мол-мулкини кибермаконда ишончли ҳимоя қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида самарали методикалар ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, давлат раҳбари ўтган йилдан бошлаб жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича барча ариза ва хабарларни автоматлаштирилган тарзда қайд этувчи «102» тизими жорий қилинганини ҳам эслатди. Вилоят марказлари ва йирик туманларда 75 та ситуацион марказларнинг ташкил этилгани кўча ва жамоат жойларида вазиятни «масофадан туриб кузатиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган куч ва воситаларни самарали бошқариш имкониятини яратди».

«Ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори ички ишлар органлари фаолиятини либераллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкоралик муҳитини кучайтириш, инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

«Соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фуқаронинг шахсини аниқлаш учун уни ички ишлар органларига олиб келиш амалиётидан воз кечиб, электрон қурилма ёрдамида аниқлаш тизимини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда», — дея қайд этди у.

«Ўтган йили қабул қилинган «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси»нинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида соҳа ходимларида ватанпарварлик руҳини кучайтириш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, муомала маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар аҳоли билан ишлаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатди», — дейилади табрикда.

Президент ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш, соҳада коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилишига ҳам урғу бериб ўтди.

«Бугунги кунда мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, кейинги йилларда орттирган тажрибамиздан, илғор хорижий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш энг муҳим вазифалардан биридир. Бу борада мамлакатимизда „Қонун — устувор, жиноятга жазо муқаррар“ деган қоидани ҳаётга татбиқ этишда аввало халққа энг яқин касб эгалари сифатида ички ишлар ходимларининг ўзлари барчага ўрнак ва намуна бўлишлари зарур, деб ўйлайман», — деб ўз табригини якунлади.