Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгийўл туман бўлими томонидан ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар берди департамент матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, фуқаро И.А. ва Кадастлар палатаси Янгийўл тумани филиали муҳандиси Ш. Х. «У.Ю.» агрофирмасига қарашли 32 сотих ер майдонини фуқаро Ш. га 29 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 10 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент, ДХХ ва ИИВнинг ҳамкорликдаги тадбирида Андижон вилояти, Улуғнор тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши ҳисобчиси Д.Ш. фуқаро Ш. нинг опаси М.нинг номига ташқил қилинган «Ёшлар боғи» ҳудудидан 3,5 гектар ер майдонини деҳқончилик қилиш учун ажратиб бериш эвазига 4 млн сўм пулини олиб, кейинчалик ушбу ер майдонини онлайн-аукцион орқали ютиб олиб бериш ва кадастр хужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.