Тошкент шаҳрида 23 октябрь куни «Ўзбекистон: Марказий Осиё бўйлаб замонлар оша саёҳат» номли ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тақдимотда дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олимлар, реставративлар, археологлар ва ОАВ вакиллари қатнашди.

Ммазкур фильм Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Франциянинг Les Poissons Volants кинокомпанияси, ARTE маданият телеканали ва Лувр музейи билан ҳамкорликда яратилган.

Фильм франциялик режиссёр Живко Даракчиев ва сценарист Ив Нилли ҳамкорлигида ярим йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида суратга олинган. Унда археолог ва тарихчилар томонидан тадқиқ этилиши учун катта аҳамиятга молик фавқулодда ғайриоддий юртлар тарихи ҳикоя қилинади. Ҳужжатли фильм туркум виртуал ва архив кадрлар шаклида қурилган.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, мазкур фильм жорий йилнинг ноябрь ойида Лувр музейида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазмада намойиш қилинади.


Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva.

«Жамғарма мамлакатимизнинг ноёб меросини жаҳон маданий контекстида кенг тарғиб этишни ўзининг энг муҳим вазифаси этиб белгилаган. Ушбу фильм Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги яқин ҳамда самарали ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигининг ёрқин намунасидир. Бизнинг мақсад — Ўзбекистоннинг бебаҳо маданий-тарихий меросини жаҳон маданият майдонида кенг ёйиш ва маданиятлараро алмашинувни ривожлантиришдан иборат. Живко Даракчиевнинг ажойиб режиссёрлик иши ва бутун тасвирий гуруҳ маҳорати туфайли фильм воқеалари бизни ҳаяжонга солади, савдо йўллари ва маданий алмашинув маконлари бўйлаб ғаройиб саёҳатга етаклайди. Фильм томошабинга кўп асрлар давомида бетакрор санъат намуналари ва муҳим меъморий иншоотларни яратиб келаётган минтақанинг улуғвор маданияти жамланган масканга саёҳат қилдириб, кўплаб муҳим маълумотлардан бохабар қилади», — деди у.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Аурелиа Бушезнинг қайд этишича, фильм ва кўргазма орқали Франция жамоатчилиги Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.


Аурелиа Бушез. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

«Фильм Ўзбекистон тарихининг муҳим босқичлари ва уларнинг ҳар бир давр маданий меросида ўз изи борлигини ҳам намойиш этади. Унда реставраторлар ишига турлича ёндашувлар, шунингдек, шу пайтгача ўз ҳунарининг асл қонун-қоидалари ва анъаналарини сақлаш йўлида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳунармандлар ҳам кўрсатилган. Бу эса халқларнинг маданий меросини сақлаб қолиши учун жуда муҳимдир. Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссасини қўшаётгани ва бу борада Франция тажрибасига таянаётганидан жуда хурсандман», — деди Аурелиа Бушез.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори маслаҳатчиси Элмурод Нажимовнинг маълум қилишича, ноябрь ойи охирида Франциянинг иккита диққатга сазовор жойида кўргазмалар очилади. Лувр музейидаги кўргазма етти ой давом этиб, унда Ўзбекистоннинг 16 та музейидаги 137 та осори-атиқалар намойиш қилинади. Араб дунёси институтида эса халқ амалий санъати ижодига оид 300 га яқин экспонатлар кўргазмаси ташкил этилади.