23 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилишга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — ИТСВ раҳбари Жамшид Ходжаев ҳамда Россия ҳукумати раиси ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ҳамраислик қилди. Шунингдек, тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Кун тартиби доирасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликка оид кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, кейинги йилларда ижобий ўсиш тенденцияси кузатилаётган ўзаро савдони ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди. Мутасадди раҳбарларга икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг ҳудудлар ва тармоқлар кесимидаги жорий ҳолати кўриб чиқилди. Нефть-кимё, тоғ-кон металлургия, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда янги лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш ва амалдаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг маълум қилишича, ИТСВ ҳамда Саноат ва савдо вазирлигининг қўшма лойиҳа бюроси умумий қиймати салкам 4 млрд долларлик 20 дан ортиқ лойиҳалардан иборат янги портфелни ишлаб чиқмоқда. «Бунга қўшимча равишда, ўзаро алоқаларимиз тарихида биринчи марта бошқа улкан ташаббусларни амалга ошириш устида ишламоқдамиз», — деди у.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик юксалиб бормоқда ва бу ижобий тенденция Россия-Ўзбекистон товар айирбошлаш статистик маълумотларида ҳам ўз аксини топиб, унинг ўсиши аллақачон 37 фоизни ташкил этган. Йил охиригача тахминан 8,5 млрд долларга етишини кутмоқдамиз», — дея маълум қилди РФ саноат ва савдо вазири Денис Мантуров.

Бундан ташқари, Денис Мантуровнинг сўзларига кўра, Россия компанияларининг — улардан 2000 дан ортиғи — Ўзбекистонга киритган сармоялари ҳам ортиб бормоқда, капитал қўйилмалар ҳажми нефть-газ ва энергетика, телекоммуникация, агросаноат комплекси ва саноатнинг бир қатор соҳаларига 10 млрд доллардан ошди.

Денис Мантуров, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик саноат кооперацияси соҳасида янада кенгайиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда Россия автокорхоналари «Ўзавтосаноат»дан айрим автокомпонентларни харид қила бошлаган. «Ўзбекистон автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларининг бозоримизга киришидан ҳам манфаатдормиз — ҳозир бунинг учун қулай вазият», — деди Денис Мантуров.

Ўз навбатида, саноат ва савдо вазирининг сўзларига кўра, Россия «Метпром» гуруҳи томонидан амалга оширилаётган Тошкент металлургия заводи қурилиши каби йирик саноат лойиҳалари бўйича лойиҳалаш ва комплекс инжиниринг хизматларини кўрсатишда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши Ўзбекистон ҳудудида саноат инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш бўлди, дея давом эттирди Денис Мантуров.

«Бундай майдончаларнинг биринчиси жорий йилнинг март ойида Тошкент вилоятида очилган „Чирчиқ“ саноат парки бўлди. Бу ерда рус бошқарув компетенцияларининг ўзига хос экспорти ҳақида гапирсак ҳам бўлади, чунки технопаркни яратиш, бошқариш ва ривожлантиришда россиялик мутахассислар фаол рол ўйнади. Ҳозирда резидентлар орасида мамлакатимиз кимё мажмуасининг 12 та корхонаси мавжуд бўлиб, айримлари ўз маҳсулотларини Евроосиё қитъасининг турли ҳудудларига етказиб беришни мақсад қилган. Ўйлайманки, биз кооперациянинг ушбу форматини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ва ривожлантиришимиз керак», — деди у.

Саноат ва савдо вазири геология ва ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. «„Росгео“ компаниямиз Орол денгизи ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли геологик қидирув ишларини олиб борди. Олинган натижалар минтақада йирик, асосан, газ конларини очиш имкониятидан далолат беради», — деди Денис Мантуров.

У «Агроэкспресс» лойиҳасини ҳам эслаб ўтди. «Ўтган йил охиридан буён ушбу линия орқали Россиянинг 200 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорти етказиб берилди. Қарама-қарши йўналишда у ҳозирча кичикроқ миқёсда ишламоқда, аммо биз келгуси бир неча йил ичида ушбу канал орқали ўтказиш қобилиятини камида 5 баравар оширишни мўлжалламоқдамиз», — дея ишонч билдирди Россия саноат ва савдо вазири.