Турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда айни пайтда вақтинча Деҳли шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси Д.Маҳмудова томонидан қилинган видеомурожаатлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси вакили расмий ахборот берди.

«Жорий йилнинг 28 август куни фуқаро Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлигида жами 7 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонасининг консуллик бўлимига ватанга қайтаришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Элчихона томонидан мазкур фуқароларга тезкор равишда барча тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди», дейилади расмий ахборотда.

Хусусан, уларнинг яшаш жойи мавжуд эмаслиги ва молиявий оғир аҳволидан келиб чиқиб, зудлик билан Деҳли шаҳрида Empowering Humanity нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда бошпана билан таъминлашга эришилиб, уларга уч маҳал иссиқ овқат бериб келинмоқда. Ўз навбатида, мурожаат қилган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлигини инобатга олиб, уларга Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди.

Элчихонанинг хабар беришича, юқорида қайд этилган фуқаролар Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келганликлари ва ушбу мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликлари аниқланган. Шу билан биргаликда, видеомурожаат муаллифи — Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлари масаласида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан тегишли тергов ва суд жараёнлари давом этаётганлиги сабабли уларнинг ушбу давлат ҳудудидан чиқишига вақтинчалик чеклов қўйилган. Ушбу ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, юқоридаги фуқароларнинг тезкор равишда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланади.

Ушбу масала Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан қатъий назоратга олинган ва қайд этилган фуқаролар учун зарур бўлган тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан Ҳиндистоннинг ваколатли идоралари билан мунтазам алоқа ўрнатилган.