«Газета.uz» нашри «Замонавий касб эгалари» лойиҳаси доирасида тобора оммалашаётган, қамрови, кўлами кенг бўлган ахборот технологиялари (IT), жамоатчилик билан алоқалар (Public Relations, PR), компьютер графикаси, анимация ва бошқа бир неча йўналишларда ўрни, йўлини топа билган юртдошлар билан суҳбатлар уюштириб келмоқда.

Навбатдаги суҳбатдош — Сардор Бабаев. У 1987 йил Бухоро шаҳрида туғилган. 2005−2009 йиллар давомида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Санъатшунослик факультетида таълим олган. Шу йўналишда магистратура босқичини тамомлаб, Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида илмий иш қилган. 2012 йили илмий соҳадан кетиб, 10 йилдан бери бошқа касбда ўзини топганлардан. Охириги 5 йилдан бери PR соҳасида фаолият олиб боради.

2021 йилнинг охирида маркетинг ва PR бўйича мутахассислар билан биргаликда «Профсоюз» PR-агентлигига асос солган ва шу агентликни креатив директор сифатида бошқармоқда. 2021 йилги Ўзбекистон президенти сайловида «MIR21YOYEV» сайловолди кампанияси ва «Инсон қадри учун» концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этган. Шу йилнинг ёзида бўлиб ўтган Content Weekend блогер ва инфлюенсерлар фестивали ташкилотчиси, «Ornaments» лойиҳаси муаллифи. Alpha Education ўқув марказида PR ва креативлик мавзусида маърузалар ўқийди.

— Санъатшунос қандай қилиб PR соҳасига ўтиб кетди?

— Ҳа, аслида санъатшуносман. PR соҳасига кириб келгунча бир неча касбда ўзимни синадим. Кўргазмалар куратори, копирайтер, маркетолог, шоу-бизнес продюсери, видеоблогер бўлдим. Менимча, бу бугунги дунё учун одатий ҳол. Кундан кунга касблар ва соҳалар бирикуви — интеграцияси кузатилмоқда. Келажакнинг энг муҳим кўникмаларидан бири — янги соҳани тез ўрганиш ва касбни осон ўзгартириш қобилиятидир.

Шахсий тажрибамга келсак, санъатшунос бўлишга узоқ тайёргарлик кўрганман. Бакалавр, магистратура босқичларни битирдим, аспирантурага кирдим, Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида ишладим. Лекин аста-секин Ўзбекистонда бу соҳада маблағ жуда камлигини тушуна бошладим. Аспирантурани ташлаб, бошқа вариантларни излашга қарор қилдим. Кўпроқ ижодий соҳаларни қидирганман.

— Янги соҳа ёки йўлда учрайдиган қийинчилик, янгиликлардан чўчимадингизми?

— Бошида ўзим ҳам бу соҳага қай тариқа кириб келганимни сезмаганман. Ижтимоий аҳамиятга эга, маданият билан боғлиқ лойиҳалар устида ишлаб юрганман, холос. «Novda Edutainment» компаниясида катта жамоа билан биргаликда ўзбек тилида фойдали босма ва медиа контент яратганмиз, катта миқёсдаги тадбирларни ташкиллаштирганмиз. Лекин ўшанда буларнинг бари PR ва коммуникациялар билан боғлиқлигини тушунмаганман.

Биласизми, ҳозир ёшлар ўз ота-оналарига нима иш билан шуғулланаётганликлари аниқ-тиниқ тушунтириб бера олишмайди. Менда ҳам худди шундай вазият бўлган — мен ҳатто ўзимга ўзим тушунтира олмаганман. Баъзида маркетинг билан шуғулланяпман деб ўйлардим, баъзан эса бу шунчаки менежерлик бўлиб туюларди. Ниҳоят, ўтган йили анчадан бери PR ичида юрганимни сезиб қолдим. «Ornaments» лойиҳаси сабаб бунга.

«Ornaments» — ижтимоий лойиҳа. Мақсади — Ўзбекистон амалий санъати безакларининг рақамли каталогини яратиш. Ижодий гуруҳимиз мамлакатнинг турли ҳудудларида бўлиб, у ерлардаги энг яхши ҳунармандларни топиб, уларнинг ижод намуналарини суратга олади. Кейинчалик дизайнерлар намуналардаги нақшларни рақамлаштиради. Бу нақшлар амалий санъат объектларининг фотосурати ва тавсифи билан бирга сайтга (tbc-ornaments.uz) жойлаштирилади. У ердан хоҳлаган киши бу материалларни бепул юклаб олиши мумкин.

Бу лойиҳани банк қўллаб-қувватлаяпти, лекин лойиҳа доирасида ҳомий маҳсулотлари ёки хизматлари умуман реклама қилинмайди. Чунки бу CSR-лойиҳа (Corporate Social Responsibility), унинг мақсади маҳсулотни реклама қилиш эмас, бренднинг ижобий образини яратишдир. Айнан шу нарса PR`нинг моҳиятидир. Ундан ташқари, 2021 йилнинг кузида президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди PR-кампанияси концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этдим. Шундай қилиб, мен аллақачондан бери PR билан шуғулланиб юрганимни англадим ва 2022 йилнинг бошида дўстларим билан «Профсоюз» PR-агентлигини очишга қарор қилдик.

— «MIR21YOYEV» сайлов кампаниясида иштирок этганман дедингиз. У ердаги асосий вазифангиз нимадан иборат эди? «Инсон қадри учун» концепциясининг ғояси қаердан келган?

— Сайловолди кампаниясининг концепциясини ишлаб чиқиш доирасида мен катта жамоанинг бир аъзоси бўлганман. Концепциянинг барча томонларини қамраб олиш мақсадида жамоа турли соҳа вакилларидан тузилганди. «Инсон қадри учун» ғояси номзоднинг ўзига тегишли. Вазифамиз ушбу ғояни сайловчиларга қай тарзда ва қайси шаклда тўғри етказиб бериш усулини ишлаб чиқиш бўлган. Мен концепцияни ишлаб чиқишдан ташқари, кампаниянинг логотип ва брендингини яратиш жараёнида ҳам иштирок этганман. Бу жамоа билан ишлаб чиқилган логотип ва айдентикани бутун сайловолди кампанияси даврида жойларда тўғри қўлланилишига ҳам ёрдам бердик.

— PR мутахассис сифатида президент сайловидаги қолган номзодларнинг сайловолди кампаниясини қандай баҳолайсиз?

— Афсуски, бошқа номзодлар сайловолди кампаниясига бундай кенг кўламда ёндашмади. Аксарияти фақат кўчаларга осилган одатий баннерлар, телевидениедаги стандарт чиқишлар ва сайловчилар билан учрашувлар билан чекланди, холос. Қизиқроқ, ноодатий ёндашувга ҳаракат, менимча, номзод Алишер Қодиров кампаниясида озроқ кузатилди. Яъни, баннерларда Қодиров фамилиясига урғу берилиб, фамилиядаги «-ов» қўшимчаси беркитилиб, «Президентликка Алишер Қодир» деган слоган тақдим этилди. Бундан ташқари у телевидене ва интернетда ҳам бошқа номзодларга қараганда анча фаол эди. Ачинарлиси, бошқа номзодлар интернетга, хусусан омма фойдаланадиган Youtube, Telegram каби ижтимоий тармоқларга кам эътибор қаратди.

— Инқирозга қарши PR ҳақида нима дея оласиз? Ўзбекистонда бунга эътибор қаратилаяптими?

— Минг афсуслар бўлсинки, йирик компаниялар ва давлат органлари ҳалигача инқирозга қарши PR (антикризисний пиар)нинг аҳамиятини тушунмайди. Кўпчилик компаниялар ўз репутациясини шакллантириш ҳақида қайғура бошлади, лекин ҳеч ким шу обрўни бир маромда сақлаш ва ҳимоя қилишни ўйламайди. Негатив билан ишлаб, унга адекват жавоб бериш ўрнига, кўпинча у эътибордан четда қолдирилади, шикоятга сукунат билан жавоб қайтарилади.

Мен бундай масалалар билан шуғулланганман, лекин бизда PR шундай қабул қилинадики, компаниялар ва давлат органлари PR ходимлари билан ишлаганликларини оммага билдиришни хоҳламайди. Шунинг учун уларнинг номларини айта олмайман. Лекин мен уларни ҳар доим очиқ, ҳаққоний жавоб беришга ундайман. Агар қилинган хато очиқ тан олинса, бу муаммони ечишга қўйилган биринчи қадам бўлади. Бизда бунинг ўрнига баъзида негативга негатив билан жавоб берилади. Бу норозиликни янада кўпайишига олиб келади. Яхшиси, биринчи реакция сифатида шикоят учун миннатдорлик билдирилиб, муаммо яқин вақт ичида ўрганиб чиқилиши айтилса, норозичилик камаяди ва вазиятни ўрганиш учун вақтдан ютилади.

Умуман олганда, давлат муассасаларининг матбуот хизматлари оддий халқ учун тушунарсиз тилдаги қуруқ пресс-релизларни тарқатиш билан кифояланиб қолмоқда. Аслида эса уларнинг мақсади ушбу муассасаларнинг қандай ишлаши, муаммолари, ёндашувини жамоатчиликка очиб беришдир. Албатта, нисбатан яхши ишлаётган матбуот ҳизматлари ҳам бор, хусусан, Энергетика вазирлиги матбуот хизматини мисол қилиб келтириш мумкин. Яқинда ушбу идора ташаббуси билан чоп этилган, энергиядан тежаб фойдаланиш ҳақидаги ёрқин ва қизиқарли болалар китоби қўлимга тушиб қолди. Шу каби лойиҳалар матбуот ҳизматининг тўғри йўналишда ишлаётганлигини кўрсатади

— Соҳани танлаган вақтингизда Ўзбекистонда унинг ўрни қайси босқичда эди? Вақт ўтиб нимадир ўзгардими ё ҳаммаси ўша ҳоличами?

— Йўқ, Ўзбекистонда PR соҳаси жадал ривожланяпти, деб айта оламан. Аммо, ривожланган давлатлар билан солиштирганда, анча орқадамиз. Бизда кўпчилик PR ва маркетингни чалкаштириб юборади. Биз ҳар бир потенциал мижозга маркетинг — бу маҳсулотни сотиш, PR эса бренд обрўсини яратиш ва сақлаб қолиш эканини тушунтирамиз. Шунингдек, PR бу шов-шув эмаслигини, қора PR эса зарарли эканини ҳам етказишга ҳаракат қиламиз.

Охирги пайтларда буларни тушунтириш осонлашаётганини пайқадим. Илгари мижозларга нима учун улар CSR-лойиҳаларда иштирок этишлари кераклигини тушунтириб беролмасдик, ҳозир эса кўплаб корхона ва ташкилотлар айнан шу мақсад билан бизга мурожаат қилмоқда. Соҳа шу зайлда олдинга силжийди. Ҳали очилмаган қирралар кўп.


— Танлаган соҳангиздаги олий маълумотли бўлиш шартми ё дипломсиз ҳам иш бошини тутиш мумкинми?

— Йўқ, олим маълумотли бўлиш шарт эмас. Қолаверса, Ўзбекистонда PR бўйича дарс берадиган университетлар саноқли. Агар хорижда махсус таълим олган бўлсангиз, бу фойдали, лекин шусиз ҳам яхши мутахассис бўлиш мумкин. Ҳозир онлайн-курслар керагидан кўп. Тўғри, сифатлилари қиммат. Шундай курсларда бир иложини қилиб ўқиб олсангиз, соҳанинг етакчиларидан бирига айланасиз. Олий маълумотга эга бўлмаган киши атом электр станциясини қуриш ёки юракни операция қилиш каби профессионал фаолият турлари билан шуғуллана олмас, аммо замонавий дунёда онлайн курсларни тугатиб, кўплаб зарур касбларни эгаллаш мумкин.

PR — бу коммуникация, яъни одамлар билан муносабат қуриш. Менталитетимиз сабаб бозоримиз ўзига хос хусусиятларга эга. Ҳеч бўлмаганда ўртача даражадаги мутахассисга айланиш учун сиз ўзингизни реал лойиҳаларда синашингиз керак.

— Қилаётган ишингиз жамият учун қанчалик фойдали? Оддий одамларга-чи?

— PR'нинг менга энг ёқадиган жиҳати — сиз ижтимоий лойиҳалар билан бемалол шуғуллана олишингиздир. Агар маркетинг самарадорлиги савдо билан ўлчанса, PR`нинг муваффақияти ижобий имиж билан ўлчанади. Жамият учун фойдали лойиҳалар имижни тезда яхшилашга ёрдам беради. Масалан, ҳозирда жамоамиз гендер тенглик ва экология билан боғлиқ бир қанча муҳим лойиҳалар устида ишламоқда.

Хайрия ҳақида гапирмаяпман. Бу ҳам яхши ва зарур нарса, лекин бу муаммони фақат маълум бир муддатга ҳал қилади. Агар хайрия камбағалларни боқса, сифатли ижтимоий лойиҳалар қашшоқликка қарши курашда ёрдам беради. Бундай лойиҳаларнинг қадр-қимматини тушуниб, уларни амалга оширишимиз учун агентлигимизга мурожаат қилаётган хусусий компаниялар кўпаяётгани қувонарли. Шу боис жамият учун фойдали иш қиляпман, деб ўйлайман.

— Сир бўлмаса, ойлик даромадингиз қанча? Бу соҳада астойдил ишласа, ўртача маошдан неча баравар кўпроқ пул топиш мумкин?

— Ҳозирги кунларда даромадим 20 миллион сўмдан ошади. Аммо умумий миқдор турли манбалардан келади. Жамоамиздагилар анча тажрибали, агентликнинг ўзи эса нисбатан ёш. Шу сабабли компания ривожига сармоя киритиш керак. «Профсоюз» ривожланмоқда, лекин ҳозирча унчалик катта фойда келтирмаяпти. Олдинда бизни катта лойиҳалар кутиб турибди. Ўйлайманки, келгуси йилда даромадимизни бир неча баробар ошира оламиз.

Умуман, Ўзбекистонда PR бўйича мутахассис тажрибаси ва масъулиятига қараб 5 миллиондан 30 миллионгача пул топа олади.


— «Мен муваффақиятли одамман» деб айтишингиз учун сизга қанча пул керак?

— Ҳар бир инсоннинг муваффақият ҳақидаги қарашлари турлича. Мен учун бу фойдали лойиҳаларни амалга ошириш имкониятидир. Энг муҳими, ғайратли одамлар билан ишлаш керак. Бугун хоҳлаган инсоним билан ҳамкорлик қила оламан, шунинг учун ўзимни муваффақиятли одам деб биламан. Бу ҳам имтиёзнинг бир тури. Тўғри, мен ҳам муваффақиятни даромад билан боғлайман. Пул муҳим, лекин энг асосийси эмас.

— Сиз танлаган соҳада ишлаб, Ўзбекистон шароитида миллиардер бўлиш мумкинми?

— Очиғи, PR соҳасида ишлаб, миллиардер бўлгунча, бошқа йўналишда муваффақиятли тадбиркор бўлиш имкони катта. Мабодо бу соҳада етук мутахассис бўлсангиз, демак, ўзингизда нимадир бор, қобилиятингиз зўр. Яхши инвестор ва сифатли ҳамкорларни ҳам осон топа оласиз. Касбингиз билан эмас, билимингиз ва имижингиз ёрдамида бошқа соҳада миллиардлаб пул топа оласиз.

— Яхши маош билан давлат ишига таклиф қилишса, нима дейсиз? Соҳангиздан кетасизми?

— Бундай таклифлар кўп бўлган. Ўша пайтдаги даромадимдан бир неча баравар кўпроқ ҳам таклиф қилишган. Лекин доим рад этганман. Кўпинча давлат ишида ишчи самарадорлиги унинг муаммоларни ҳал қилиш қобилияти билан эмас, ҳаракатларининг кўплиги билан ўлчанади. Кўпинча иш муайян бир муаммони ҳал этиш учун эмас, фақат шу ишдан халос бўлиш учунгина амалга оширилади. Бу менга умуман тўғри келмайди. Аниқ мақсадсиз ўзимни ишлашга мажбур қила олмайман.

Далват ишида кўп вақтингиз фойдасиз меҳнатга сарфланади. Хусусий секторда икки кишини йиғиб, 10 дақиқа вақт сарфлаш билан ҳал этса бўладиган масалани давлат ишида ўнлаб ходим билан ҳафталаб бажарасиз. Тан оламан, давлат секторида яхши мутахассислар ҳам кўп, лекин тизим уларнинг самарадорлигини пасайтиради.

— Қайси лойиҳаларингиздан кўнглингиз тўлган?

— Деярли барчаси ўзимга ёқади. Лекин айримлари ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Масалан, «Болалик кунларимда» аудиоэртаклар лойиҳаси. Уч йилда 260 га яқин ўзбек ва жаҳон халқлари эртакларини ўзбек ва рус тилларига таржима қилиб, овозлаштиришга муваффақ бўлдик. Telegram`да канал очиб, барча эртакларни бепул эшитиш учун юкладик.

«Кўнгил кўзи» лойиҳаси билан биргаликда яна бир муҳим аудиолойиҳани тақдим этдик — Абдулла Қодирий, Чингиз Айтматов, Явдат Илёсов, Антон Чехов асарларини кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонлар учун ўзбек тилида овозлаштирдик. Овоз беришда 60 га яқин профессионал актёрлар иштирок этди.

Бу лойиҳалар нафақат болалар ёки кўзи ожизлар учун яратилгани, балки уларнинг барчаси ўзбек тилида бўлгани билан ҳам фахрланаман. Сўнгги пайтларда тил ҳақида кўп гапириляпти, ўзбек тилини билмаганларни қўпол тарзда танқид қилишяпти. Лекин интернетдаги ғазабли постлар ўрнига барча саъй-ҳаракатларни давлат тилида сифатли контент яратишга йўналтирган маъқул. Қизиқарли контент бўлса, тилнинг ўзига ҳам қизиқиш ортади.

Нафақат маданий меросимизни тарғиб этувчи, балки дизайнерлар учун бепул, қулай восита бўлмиш «Ornaments» лойиҳаси билан фахрланаман. Менимча, бу лойиҳа шаҳарлар қиёфасини ўзгартириши мумкин. Масалан, ўтган йили кенг кўламли ёшлар форуми, шу йилнинг баҳор-ёз ойларида Тошкентда бир қанча йирик шаҳар фестиваллари биз рақамлаштирган нақшлар билан безатилди.

— Иш жараёнида сиз учун нималар стресс манбаи бўлиши мумкин?

— Иш пайти энг ёқмайдигани — ахлоқ (этика) қоидаларига атрофдагиларнинг эътиборсизлиги. Инсоний ва профессионал жиҳатдан. Хавфсиз ва қулай муҳитда ишлаш мен учун жуда муҳим. Ходимларим учун шундай шароит яратишга жуда кўп ҳаракат қиламан. Менимча, фақат шундай муҳитда сиз ажойиб лойиҳаларни амалга оширишингиз мумкин. Ишдаги хатолардан сиқиламан, лекин бусиз бўлмайди. Компания ичида ёмон муҳит бўлса, ҳамкасблар ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар бузилаверса, унда бундай хатолар доимо такрорланаверади.

Россиялик видеоблогер ва телебошловчи Ян Топлес билан.

— Беш йилдан кейин ўзингизни қаерда ва қандай ҳолатда кўрасиз?

— Ҳозир дунё шу қадар тез ўзгаряптики, беш ёки 10 йилдан кейин нима бўлишини ўйлаб, вақтимни беҳуда сарфлашни ҳам хоҳламайман. Нима ўйласам ҳам бошқачаси бўлади. Умид қиламанки, беш йилдан кейин ҳозирги ишимдан афсусланмайман ва, албатта, агентлигимиз катта жамоа ва улкан лойиҳаларга эга бўлган йирик PR-компанияга айланади.

— Соҳангизни танламоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

— Боя айтдим, PR — бу коммуникация. Шунинг учун, одамлар билан мулоқот қилинг, тил топишишни ўрганинг. Бизнинг соҳамиз муносабат ва ҳиссиётлардан иборат. Агар мижоз билан тил топишсангиз ва унга ўзининг мижозлари билан яхши муносабатлар ўрнатишига ёрдам берсангиз, демак, сиз кучли мутахассиссиз. Иккинчидан, шахсий брендингизни ривожлантиринг. PR ўзингиздан бошланади. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлинг, қизиқарли контент яратинг. Бу сизнинг мартабангизни оширади ва тажриба орттиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, бошқалар тажрибасини ўрганинг. PR соҳасидаги хорижий лойиҳалар билан танишинг, глобал тенденцияларни кузатиб боринг. Аслида янги гап ўйлаб тополмайсиз. Кучли PR яратишнинг энг яхши усули — бу аллақачон мавжуд бўлган лойиҳаларни шароит ва даврга мослаштиришдир.

«Газета.uz» бунга қадар «Замонавий касб эгалари» лойиҳаси доирасида «Тасниф» студияси раҳбари Лазизбек Ҳамидов билан суҳбатлашган. У нима сабабдан журналистикани тарк этгани, муваффақияти сирлари, компьютер графикаси ортидан қандай қилиб йилига 3−4 млрд сўм топиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берганди.