Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўллари 2026 йилгача қуриб битказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров маълум қилди.

Қайд этилишича, транспорт соҳасида 2019−2022 йиллар давомида 7 та лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, шундан 2 та лойиҳа бўйича ДХШ битими имзоланган. Шунингдек, 2022−2026 йиллар давомида транспорт соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган 5 та йирик лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Булар:

  • Жаҳон банки маслаҳат кўмагида амалга оширилаётган Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки маслаҳат кўмагида амалга оширилаётган Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси;
  • Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари орасида 66 кмлик автомобиль йўли ва Таҳтақорача довонида 4,4 кмлик туннель қуриш лойиҳаси;
  • Тошкент шаҳар ва ҳудудий халқаро аэропортларни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳалари бўйича Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда;
  • Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларни модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Маълумот учун, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пуллик йўлларидан ўтиш нархи 5−6 доллар (эквивалентда) атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу йўллардаги ҳаракатланишнинг максимал тезлиги 120−150 км/с бўлиши мумкин.

Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлининг қурилиш ишлари икки босқичли халқаро тендер ғолибига топширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 млрд доллардан ошиши маълум қилинганди.