Ғафур Ғулом боғи яъни «Dream Park» тест режимида фаолият бошлади, дея хабар бермоқда Чилонзор тумани ҳокимлиги.

Ҳокимлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида таъмирлаш ишлари ниҳоят якунига етмоқда. Ҳозирда боғ тест режимида фаолият бошлади. Яъни ўрнатилган ускуналар аҳоли хавфсизлиги учун қайта-қайта синовлардан ўтказилмоқда. Тозалаш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда.

«Биз фақатгина пойтахтнинг энг йирик яшил ҳудудларидан бирини сақлаб қолишни эмас, балки ҳудудни янги ва турли дарахтлар, буталар ва гуллайдиган ўсимликлар билан тўлдиришни ҳам ўз олдимизга вазифа сифатида қўйгандик», — дейди Ғафур Ғулом боғи директорининг ўринбосари Зафар Мирзаулуков.

«Боғ барча раста, кафе ва кабоб тайёрлайдиган жойлардан тозаланди. Катта эътибор ландшафт дизайнига қаратилди ва бунда боғ максимал даражада табиий бўлиб, уйғунлик сақлаб қолинди. Асосийси, боғдаги дарахтлар тўлиқ сақланиб қолинди ва суғориш тизими тўлиқ ўзгартирилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ғафур Ғулом боғи «экофрендли» услубида янгиланди. Масалан, энг кичик ташриф буюрувчилар учун ўйин майдонларида хорижда ишлаб чиқарилган тўлиқ табиий композицион материаллардан бўлган турли арқонли зиналар, қоялар ва канатлар ўрнатилди.

Боғга чархпалак ҳам қайтарилди. Ушбу аттракцион ёпиқ кабинкалар ва кондиционерлаш тизимига эга замонавий жиҳозланди.

«Пиёда сайр қилиш ва югуриш йўлакларига жой бўшатиш учун боғда аттракционлар сонини камайтирилган. Бунда ташкилотчилар аттракционларни уларнинг анча замонавий ва хавфсиз турларига ўзгартирди. Боғ ҳудудида жойлашган иккита кўл тўла таъмирланиб, гидротизимлар тўлиқ ўзгартирилди, шунингдек, кўлларнинг атрофида пляж зоналари ва табиат қуршовида дам олиш учун жойлар яратилди. Кўлларнинг бирида қайиқ ва катамаранлар сақлаб қолинмоқда, иккинчи кўл эса ўрдаклар учун ажратилган», — дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи бошқарувини қўлга киритган BMP Smart Decision Management вакили боғ 2022 йилнинг ёз ойларида очлишини маълум қилганди. 25 июлда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари боғда амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, у 1 сентябрда фойдаланишга топширилишини эълон қилинганди, лекин бу ҳам амалга ошмади. Шундан сўнг, «Газета.uz» Паркни 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Management компанияси вакили билан суҳбатлашиб, иш жараёнидан фоторепортаж тайёрлаганди.