«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб бормоқда.

Ўзбек талаффузи

Сиз Ғафур Ғуломнинг сўзини, овозини эшитганмисиз? Шукур Бурҳонов гапирганини-чи? Ё бўлмаса Аброр Ҳидоятовни?

Ғафур Ғуломни мен умримда кўрмаганман, гапини ҳам эшитган эмасдим. Иттифоқо, бир куни радиода кимнингдир ниҳоятда қадрдон, яқин таниш, аммо кўпдан бери эшитилмаган бир товуши қулоғимга кирди. Ҳар қандай ашуладан ҳам руҳафзороқ бир овоз, десангиз. Билсам, Ғафур Ғулом ҳажвий ҳикояларини ўқиётган экан. Эшитмаган одамга бировнинг сўзлаш оҳангини тушунтириш қийин, бу худди босволди қовуннинг ҳидини тушунтириш каби мушкул, аммо ўзим ўшанда имон келтирдимки, агар Насриддин афанди ҳаётда бор бўлса, у Ғафур Ғулом овози билан гапирса керак эди. Ҳазилга, эркаликка монанд, аммо ўктам ва сарбаст бир оҳанг етакчилик қилар эди унда. Донишмандлик, дарддошлик аён сезилиб турарди. Хуллас, бир зумда ўзига ром эта оладиган, кишини беихтиёр қадрдонлаштириб юборадиган бир овозу оҳанг эди-да.

Шукур Бурҳонни айтинг. Aйниқса, «Қиёмат қарз»да! Ўзбек отасининг рамзи-ку. Бу овоздаги меҳр, одамшавандалик, дилкушолик бошқа бировда топилармикин? Аброр Ҳидоятовнинг товлаб гапиришлари-чи! Лафзимизнинг лирик-фалсафий диапазони бу қадар кенг бўла олишини пайқаганми эдингиз?

Ўзбек эли серуруғ, кенг элат. Ҳар бир шева вакилининг гапида алоҳида оҳанг ва ўзига хос услуб бор. Аммо ҳаммаси ҳам ёқимли, ҳиссиётга тўлиқ, гапираётган чоғида сўз мазмуни билан бирга айтувчининг муносабати яққол сезилиб туради. Бу оҳангда маҳаллий ўзига хослик ва анъаналар, шу минтақа кишисининг ҳаёт тажрибаси, ҳар бир нарсага ўзига хос ёндошуви акс этади. Ҳар бир кишининг айтган гапидагина эмас, балки талаффузию сўзлашида ҳам ақлу фаросати, маданияти, сипо ё ҳовлиқмалиги, андишали ё шартакилиги, ўзини тутиши кўзга яққол ташланади…

Тараққиёт шундай бир даврга етиб келдики, эндиликда Хоразмнинг нариёғида туриб гапираётган одамнинг сўзини ўшликлар баралла эшитаверади. Сўзу оҳанг эса, биласиз, «юқувчан». Ижтимоий тараққиёт тезлашиб, техника воситаларидан фойдаланиш авж олгани сари шевалараро синтезлашиш ҳодисаси ҳам кучаяди, аниқроғи, шеваларнинг синтезлашиши ҳисобига адабий тилнинг бойиши ва умумхалқ миқёсида адабий тилга кўчиш авж олади (шевалар эса бора-бора оёқдан қолади. Ҳозир ҳамма жойда шу ҳодисага гувоҳ бўлиб турибмиз). Барча вилоятларимиз ва туманларимизда урф-одатларнинг ўзаро яқинлашуви ва бир хиллашуви юз бераяпти. Бозор иқтисодиёти шароити ва тезкор ахборот алмашиш эса умуммиллий бирикиш ва яхлитланиш жараёни учун катализатор ролини ўйнаяпти.

Бу вазиятда ҳар қандай миллат олдида бир масала кўндаланг бўлади: адабий тилни мукаммаллаштиришда қайси тамойиллар устунлик қилади? Орфоэпик принциплар негизида қай нормалар ётади, яъни умуммиллий талаффуз қандай бўлиши керак?

Бир қарашда, бу арзимас бир гапдай, анчайин масала пуфлаб шиширилаётгандай бўлиб туйилиши мумкин. Аммо тарихга назар ташласак, боболаримиз биздан бошқачароқ, ўзбекчароқ, асл туркона оҳанглар билан сўзлашганига шубҳа йўқ. Айтайлик, Отабек («Ўткан кунлар»)лар худди биздай эмас, бошқачароқ, ҳозирги афғонистонлик ўзбекларга ўхшаброқ кетадиган бир тарзда гаплашишгани аниқ. Бир мўъжиза бўлиб, Навоий замонидаги ўзбек тирилиб келса, бемалол мусоҳаба қила олишимизга, масалан, мен ишонмайман. Чунки барча туркий тиллар, жумладан ўзбек тили ҳам динамик — жуда тез ўзгаради.

Бу-ку, бир табиий жараён экан, аммо бир замонда, бир юртда яшаб туриб ҳам, кишилар бир-бирининг гапини англамаса, қизиғи, гапирганида шунга ҳаракат қилса-чи?

Бундан етмиш-саксон йиллар бурун, мустақиллигининг ўнинчи йилларини кечираётган Туркияда тил, луғат ва талаффуз масаласи қанчалик ўткир бўлиб майдонга чиққани ёдга келади. Ўшанда нима бўлган эди? Луғат борасида чет тиллар (араб, форс, ва б.)дан кириб келган сўзлардан иложи борича воз кечиб, соф туркий ўзак асосида сўз ясаш тамойили танланди, натижада, ўтмиш замонда яратилган илмий, диний ва адабий манбалардан узилиш юзага келди (шу даврда лотин алифбосига ўтилганлиги эса бу узоқлашишни янада кучайтирди). «Тилдаги революция» деб ном берилган тил қурилиши бўйича бу тадбирлар интиҳосида ҳам кескин бир йўл танланди: турк адабий талаффузи учун шу пайтга қадар қўлланиб келган орфоэпия нормаларидан воз кечилиб, собиқ пойтахт, мамлакатдаги энг катта шаҳар Истанбул шевасига хос талаффуз, янаям аниқроғи — истанбуллик ёш хонимларнинг сўзлаш оҳанги турк талаффузи учун норма қилиб белгиланди — тилшунослар шу нарсани тўғри, деб далиллашди.

Мана шу барча тадбирлар натижаси ўлароқ, энг кўп сонли туркий халқ бўлмиш Туркия туркларининг тили бошқа туркий тиллардан анча узоқлашиб қолди. Хусусан, турк тили лексиконининг озар, қўмиқ, татар, ўзбек, туркман, уйғур ва ҳоказо туркий тиллардаги луғат таркибидан кўп тафовут қилиши, бунинг устига, талаффузи «Истанбулнинг танноз хонимлари» шевасига хос равишда — тил олди (тил учи) товушларидан иборат бўлгани боис, туркиялик турклар билан бошқа туркий эл вакилларининг мусоҳабаси, айтайлик, ўзбек билан озарбойжон орасидаги cуҳбат каби осон ва равон кечмайдиган бўлиб қолди. Бу эса туркий дунё учун ижобий ҳол эканлиги даргумон…

Майли, бу уларнинг ўз иши, хоҳиши. Мисолдан мақсад шуки, боя айтганимиздай, элимизда ҳар қайси минтақага хос маҳаллий белгилар тобора едирилиб бораётган ва миллий уюшиш жараёни тезлашаётган ҳозирги пайтда бизнинг олдимизда ҳам худди шу масалалар кўндаланг бўлаяпти. Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш учун ҳаракат кучайган ва кейинчалик бу ҳақда қонун қабул қилинган йилларда тилимизни тозалаш, туркий, арабий ва форсий сўзлар ҳисобига луғат таркибини бойитиш ва бир маҳаллар сиёсатнинг зўри билан турли чет тиллардан киритилган сўзлардан воз кечиб, ўрнига тарихан кенг қўлланган сўзларни қайта олиб киришга уриниш яққол сезилди. Бу ҳам — тил тараққиётидаги ўзига хос бир тамойил. Хайриятки, биз бу соҳада радикал методлар ўтказиш йўлини танламадик ва бунинг шарофати ўлароқ, тарихий узвийликка путур етмади.

Эндиги навбат — ўзбек талаффузи масаласини миллий миқёсда ҳал этишга! Ҳар ким ўзи билган оҳангини тўғри деб ҳисоблаб, уни бутун ўзбек халқи орасида жориялай берадиган бўлса, ҳар бир теле- ва радиоканалларнинг қақажон қизлари, тортинмай бидирлашни хушчақчақликка йўядиган йигитлари бири-биридан ўрганиб, сунъий оҳангда гапиришда кимўзар ўйнаса, эртага ўзбекнинг ҳаммаси шунақа гапира бошламаслигига ким кафил бўлади? Ҳа, ахборот алмашув тезлашган ҳозирги даврда ўзбекнинг асл талаффузи тобора унутилиб, турклардаги каби «пойтахтнинг нозанин хонимлари» лаҳжаси ўзбекнинг овози сифатида эътироф этилиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳолбуки, бу «маданиятли» шева ўрисча ўйлаб, ўзбекча гапириш асносида юзага келган чучмалиётдан бошқа нарса эмас. Яъни, сўз — ўзбекча, жумла тузилиши — русча, оҳанг эса…

Ҳозир Тошкент ва ҳар бир вилоят марказидаги ўнлаб телеканаллардан неча юз соатлик ўзбекча ахборот ва кўнгилочар дастурлар эфирга таралади, ўнлаб радиостанция кечаю кундуз ўзбек тилида эшиттириш бериб, қанчадан-қанча дикторлар нозу навозиш билан, овозу оҳанг билан турфа ахборотни ўқийди, миллион-миллион одам ундан баҳраманд бўлади. Ана шу аснода фақат ахборот мазмуни эмас, оҳанглар ҳам кишига беихтиёр юқа боради. Бу юқиш кўлами эса кундан-кунга ошаётибди.

Ўзбек тили — мустақил бир тил. Унда йигирма икки миллион одам гаплашади (Бугун ушбу сон яна ошган). Шундан икки миллионга яқини Ўзбекистон пойтахти Тошкентда истиқомат қилади, ундан ўн баравар кўпи — 20 миллион нафари эса бошқа жойларда яшайди.

Табиий, ҳар бир жойнинг ўз лаҳжасию шеваси бор. Кишилар уйда, кўча-кўйда ана шу шевада гаплашади. Аммо идорада эмас. Корхона ва ташкилотларда адабий тил қўлланади. «Давлат тили» деган тушунча умуман тилимизга эмас, ўзбек адабий тилига берилган мақом. Фақат угина бутун ўзбек халқи учун ягона ва муштарак. Адабий тил деганини эса шева сўзлари, жаргон ва ҳоказоларни қўлламасликдан иборат деб тор тушунмаслик керак. Адабий тил тўғри талаффуздан бошланади.

Ўзбек тилида тўғри талаффуз қилиш кўп мушкул эмас. Ҳар бир товушни тўғри ифодалаш, ҳар қайси тиниш белгисини фарқлаш, сўз урғуси ва мантиқий урғуни ажрата билиш талаб этилади, холос. Аммо қизиқки, айнан сўз соҳасида ишлайдиган кўп одамлар — актёрлар, дикторлар ва б. ўзбек сўзи товушларини тўғри талаффуз қила олмайди, гапираётган чоғда қачон тўхташ ва қачон тин олиш керак, жумланинг мазмуни ва матн руҳи қандай оҳангни тақозо қилади, жумладаги асосий сўз қайси — билмайди. Қолаверса, ашулачилар айтганидай, нафас… ўзбекона бир нафас ҳам керак, албатта. Таажжубки, ана шу ўзбекона нафас дегани, кўпларга насиб бўлмайдиган ноёб бир нарса экан.

Радио ва телевидениега тўрт-беш йилнинг берисида диктор бўлиб ишга кирган, ўзини «сухандон» ёки «бошловчи фалончи» деб таништирадиган талай ука-сингилларимиз борки, она тилимиздаги сўз ва жумлалар уларнинг лафзида қандайдир ажнабий бир лисонга ўхшаб янграйди. FM радиоларининг тилини минг муқомда бураб гапириб, нозу адолар билан «шакаргуфтор»лик қилаётган диктор қизчалари шуни унутмасалар яхши эдики, уларни фақат 20−30 яшар бўз йигитлар эмас, бутун ўзбек юрти — чолу кампирлардан тортиб ёш-ёш болалар ҳам тинглайди. Аммо уларнинг гапириши эса… ҳуштори билан ёлғиз қолиб нозланаётган сатангнинг гапиришидан фарқ қилмайди! Бу қизларнинг ота-оналари ёки ориятлироқ акалари йўқмикин? Қандайдир «иҳим», «ҳм», «аҳа» каби қўшимча товушлар, буларнинг нозик лабчалардан минг бир тусда товланиб чиқишлари дейсизми-ей. Истиҳола ва ибо ўрнига — ноз ва истиғно! Умуман, кўзга кўринмас радиотингловчига қараб ишва қилавериш шартми ўзи? Бу сингилларимиз ишлаётган хонага катта ҳарфлар билан Ғафур Ғулом шеъридаги «Бизнинг аёлларга ҳаё — фазилат!» мисрани ёздириб қўйишни маслаҳат берар эдик. Бунинг устига, шу қадар тез бидирлашадики, гапини эшитсангиз ҳам, уқмайсиз. На нуқтаю на вергул. Ҳатто бир жумла билан ундан кейингиси, бир абзац билан кейинги абзац орасида сониянинг ўндан бирича ҳам тўхталиш йўқ. Шу қадар тез ва пайдарпай гапиришадики, ҳеч нарсани англаб бўлмайди. Сўзингизни, айтайлик, қашқадарёлик бир момо эшитсаю уқмаса, унда айб момонинг «маданиятли эмас»лигидами, ё сизнинг?

Диктор қизчалар-ку, шунақа экан, хўп, йигитлар-чи? Йигит деганда, одам белида белбоғи бор, ориятли, ғурурли, сипо бир кишини ёдига келтиради, албатта. Йигит — ўктам сўзи билан йигит. FMлардаги йигитлар эса… Уларнинг овозини айтинг. Сиз миллатнинг — ўзбекнинг овозисиз-ку, сухандон укалар. Шуни ҳеч эслайсизми? Буни наинки аҳёнда эслаш, бирон-бир лаҳза ёддан чиқармаслик керак. Бу эса, кабинада ўтирволиб, микрофон орқали «мухлиса»лар билан ҳиринглашавермайдиган шахс, демак. Сарбаст ва ўктам овоз кутамиз сизлардан. Сиз бўлсангиз, қандайдир бачкана ва эрмакловчи овоз ила бекорчиликдан диванга ясланиб қўнғироқ қилаётган қизалоқлар билан лақиллашишдан бўшамайсиз.

Умуман, эътибор берган бўлсангиз, миллатимизнинг овози ингичкалашиб бораётгандай. Муллатўйчи ҳофиз овозини олинг, Юнус Ражабийни, Ҳожихон Болтаевни олинг, Маъмуржон Узоқову, Ортиқхўжа Имомхўжаевларнинг товушини эсланг. Кейинчалик Фахриддин Умаров, Таваккал Қодировларнинг бироз шикасталик касб этган товушларига ўрганувдик. Ҳозирга келиб эса, қизлардан ҳам ингичка товушда ашула қиладиган йигитлар чиқди. Эстрада жанрида-ку, эркакча овоз билан қўшиқ айтадиган йигит қолмади ҳисоб. Нафақат эстрадада, балки бутун қўшиқчилигимизда ҳам овоз тобора ингичкалашиб, тобора шикасталашиб бораётгандай. Йиғлоқи (бугун қўшни қишлоққа келин тушди, деб ўзи ёр-ёр айтадиган), хотинчалиш овоз билан айтиладиган ашулаларга кунимиз қолаяпти.

Мен бундай нозик овозлар камайсин, ё йўқолсин, демоқчимасман.

Хуллас, тилимиз, лафзимиз бузилмаса, деймиз. Авлодлараро боғлиқлик бардавом бўлса, деб тилак қиламиз. Зеро тил — дил калити, дил ойинаси. Бу ойина хира тортмаслиги учун эса ёш дикторлар бошини қовуштириш, ўқитиш-ўргатиш лозим, ёш хонандалар товушига сайқал берадиган муассасалар ҳам бу тўғриларда ўйлаб кўришса, ёмон бўлмас эди.

Зуҳриддин Исомиддинов. 2015 йил.