Россия Мудофаа вазирлиги радиокимёвий ва биоҳимоя кучларини радиоактив ифлосланиш шароитида ўз вазифаларини бажаришга шай ҳолатга келтирди, дея маълум қилди РФ Қуролли кучларининг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов брифингда.

Россия Мудофаа вазирлиги гўёки Украина расмийлари томонидан «ифлос бомба» (оддий портловчи элементлар билан радиоактив материал аралаштирилган паст қувватли ядровий ўқ-дори) портлаши билан боғлиқ провокацияни режалаштиргани ҳақида маълумотга эга.

Россия Мудофаа вазирлиги талқинига кўра, Украина бундай бомбадан «Украина ҳарбий ҳаракатлар театрида Россияни оммавий қирғин қуролларини қўллаганликда айблаш ва шу орқали дунёда Москвага нисбатан ишончни бузишга қаратилган кучли аксилроссия кампаниясини бошлаш учун фойдаланишни режалаштирмоқда».

«Радиологик портловчи қурилманинг портлаши муқаррар равишда бир неча минг квадрат метргача бўлган майдоннинг радиоактив ифлосланишига олиб келади», — деди Игорь Кириллов брифингда.

Украина, ўз навбатида, бундай қуролларга эга эканлигини ва улардан фойдаланиш режаларини рад этди.

«Россиянинг Украинанинг «ифлос бомба»дан фойдаланиш режалари ҳақидаги ёлғонлари хавфли бўлиши билан бирга бемаъни ҳамдир. Биринчидан, Украина Ядро қуролиги тақиқлаш тўғрисидаги шартнома тарафдори: бизда ҳеч қандай «ифлос бомба» йўқ ва уларга эга бўлишни режалаштирмаяпмиз ҳам. Иккинчидан, россияликлар кўпинча ўзлари режалаштирган нарсада бошқаларни айблашади», — дея маълум қилди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ўзининг Twitter-саҳифасида.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ, Буюк Британия ва Франциядаги ҳамкасбларига қўнғироқ қилиб, Россия Киев томонидан «ифлос бомба» қўлланиши мумкинлигидан хавотирдалигини, бироқ унинг сўзларига ишончсизлик билан қаралди.