Президентнинг 20 октябрдаги [ПҚ-407-сон] қарори билан «Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ундан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш белгиланди.

2023 йил 1 январдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Махсус ўқув курсларида кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар — бепул, қолган шахслар — пуллик асосда ўқитилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима, яширин субтитрлар ёки «югурувчи сатрлар» билан намойиш этилади.

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига фақат дарс ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.

2023 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида «Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон» танлови ўтказилади ва танлов ғолиблари қуйидагича тартибда пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:

  • 1-ўрин учун — БҲМнинг 100 баравари;
  • 2-ўрин учун — БҲМнинг 65 баравари;
  • 3-ўрин учун — БҲМнинг 50 баравари.

2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда сурдопедагогика ва тифлопедагогика йўналишлари бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25 фоизга оширилади.