23 октябрь куни соат 17:30 ларда Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Қўрғонча МФЙ ҳудудидан ўтган, А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобиль йўлининг 402 кмда Spark ва Cobalt автомобиллари бир-бири билан тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

Шундан сўнг, Соbalt хайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги бетон тўсиққа урилган ва йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган ҳамда ҳаракатланиб келаётган бошқа бир Cobalt автомобилига бориб урилган.

Оқибатда келиб урилган Cobalt русумли автомобилининг двигатель қисмида қисқа туташув содир бўлиб, автомашинада ёнғин келиб чиққан.

Келиб урилган Cobalt салонидаги йўловчиси турли даражада жароҳатлар олиб, туман ШТТЁБга юборилган.

Вазирликнинг хабар беришича, ҳодиса оқибатида халок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Андижон вилояти ЙҲХБ матбуот хизматининг 24 октябрь куни «Газета.uz»га берган маълумотида айтилишича, Cobalt йўлнинг қарама-қарши тарафига отиб кетганида иккинчи Cobalt билан тўқнашмаган. Иккинчи Cobalt биринчиси билан тўқнашувни олдини олиш учун рулни ўнгга бурганда бошқарувни йўғотиб, йўл ёқасидаги бетонга урилган.

Шунингдек, икки киши жароҳатлангани маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.