«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб бормоқда. Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг 1992 йилда айтган гаплари орадан 30 йил ўтсада ҳануз ўзининг долзарблигини йўқотмаган.

Муддат тугайди, лекин вазифа тўла бажарилдими — ҳамма гап шунда

Истиқлол учун кураш ўзбек (туркий) тилининг қадрини ошириш ва қаддини тиклаш учун курашдан бошланди. Мана, жумҳуриятимизда мустақиллик ўрнатилганига ўн тўрт ой бўлиб қолди.

Демак, тил учун эндиги кураш бошқача бўлиши керак. Чунки, мустамлака шароитида тил учун кураш ҳам ташқи мухолифларга — марказдагиларга, ҳам ички мухолифларга — ўзимиздан чиққан «иккитилчиларга», шовинистларга, она тилини унутганларга, лоқайдларга, бефарқларга, беғамларга ва шу кабиларга қарши олиб бориларди. Энди мустақиллик шароитида, марказнинг ўзи тарқаб кетган бир шароитда ташқи мухолифлар қолмади ҳисоб, бироқ ички мухолифлар онгида ўзгариш сезиларли даражада эмас: давлат тили ҳақида қонунни бажара бориб, уни ўрганганлар жуда оз, мустамлакачилик иллати билан оғриган калондимоғ шовинистлар ҳамон пинакларини бузишмайди, қоидамизни тан олишни истамайди ҳам. Бунга ўзимиз ҳам айбдормиз, қонун дини, миллати, дунёқарашидан қатъи назар барча фуқаро учун баравар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши чиқарган ва чиқарадиган ҳар бир қонун ва қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти имзо қўядиган ҳар бир қонун, фармон ва қарор барча учун баравар, улар ўзбек фуқароларига қанчалик дахлдор бўлса, жумҳуриятда яшовчи рус, украин, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб ҳамма фуқароларга ҳам шунчалик тааллуқлидир. Чунки жумҳуриятимиз барча фуқароларининг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди. Тенгҳуқуқлилик эса ўз навбатида жумҳуриятнинг ўзбек миллатига мансуб фуқаросига ҳам, рус миллатига мансуб фуқаросига ҳам бир хил масъулият юклайди. Фуқаро учун қонун, фармон, қарорларни бажариш зиммасидаги биринчи масъулиятдир. Ўзбекистон барча фуқароларига бирдек ватандир. Ватанни севмоқ, эъзозламоқ, қонун-қоидаларини муқаддас деб билмоқ ҳар бир фуқаро учун миллатидан қатъи назар ҳам қарз, ҳам фарздир.

«Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақида»ги қонун бажарилиши жиҳатидан 5 босқичли эди: 30 та модданинг 23 таси қонун қабул қилинган кун — 1989 йилнинг 21 октябридан, 22-модда 1991 йилнинг 1 январидан, 16-моддаси 1991 йилнинг 1 сентябридан кучга кириб бўлган. 5- ва 24-моддаларнинг тўла кучга кириб бўлиш муддати яна бир неча кундан кейин — шу йилнинг 21 октябрида тугайди. Муддат тугаб бўлади, лекин қонун тўла бажарилдими — ҳамма гап ана шунда…

Қонуннинг 4-, 7- ва 8-моддалари 8 йил давомида кучга кира бориши белгиланган эди. Мустамлакачилик шароитида собиқ марказ тазйиқи остида бундай узоқ муддат белгиланган эди. Энди давр ўзгарди, эркин замон келди, истиқлол қўлга киритилди, ўша моддаларда тилга олинган «Умумиттифоқ тасарруфидаги корхоналар» аллақачон мустақил жумҳуриятимиз ихтиёрига олинди.

Шундай қилиб, ўз пайтида прогрессив ҳисобланган «Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақида»ги қонун эндиликда маънавий жиҳатдан ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам эскирди, амалий жиҳатдан эса ижтимоий-сиёсий тараққиётга, тил равнақига тўсиқ бўлиб бораётир. Шу ҳолларни ҳисобга олсак, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессияларидан бирида Давлат тили ҳақидаги қонун кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Хуллас калом, ўзбек (туркий) тилимизнинг қаддини қонуний ўрнига кўтариш ва қадрини эса давлатимиз обрўйи даражасига етказиш учун ички мухолифларга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш лозим. Тўғри, ички мухолифлар доираси тобора торайиб бормоқда. Масалан, «иккитилчилар» икки тилликни тарғиб этувчи лойиҳалар эълон қилишни бас этдилар, пусиб қолдилар. Бироқ барибир, ички мухолифлар билан курашиш оғир ва узоқ кечса керак, чунки улар ўз одамларимиз, бироқ уларда космополитизм руҳи кучли, қон-қонларига сингиб кетган. Уларга қараганда фарзандлари эртароқ миллийлашсалар ажаб эмас.

Ички мухолифларга қарши кураш асосан тушунтириш йўли билан олиб борилишини мақбул деб биламиз. Бунда энг таъсирчан усул давлатимиз ҳудудида барча ташкилотлару, муассасаларда, корхоналару жамоат жойларида, ҳамма билан давлат тилида сўзлашишдир. Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан кейин ҳам ўзбек тили давлат тили мақомига тўла эриша олмаётганига асосан ўзимиз — ҳаммамиз айбдормиз. Мутлақ кўпчилигимиз овруполикни кўрдикми, Ўзбекистон ҳудудида эканимизни унутиб юбориб, дарҳол ўрисча мулоқотга киришиб кетамиз. Бошқа мамлакатларда, шу жумладан, Россияда сиз ким бўлишингиздан қатъи назар, ўрисча савол берадилар, жавобни ҳам ўрисча оладилар. Ўзбекистондаги кўпчилик европаликлар бу ерда ҳам шу одатга амал қиладилар, Ўзбекистонда яшаётганларини ҳамон тан олгилари келмайди. Улар тан олгилари келмаса, олмасинлар-да ўзимиз ўз қадримизга етайлик, қонун доирасида Давлат тили қонунига риоя этайлик. Шу давлатда яшаб туриб унинг қонунларига риоя қилиш ҳам фуқаролик масъулияти, ҳам инсонийлик бурчидир. Мен бир фуқаро ва адиб сифатида барча ўзбекистонликларни миллатлари, дин ва дунёқарашларидан ташқари давлат, жамоат ишларида давлат тилини қўллашларини таклиф этаман, ўзаро ва оилада ким қайси тильда сўзласа, унинг шахсий иши.

Энди иккинчи масалага ўтаман. Бу эса тилимизга шундан келиб чиқиб жумҳуриятимизга ўзининг асли номларини қайтариб бериш масаласидир.

Бугунги Ўзбекистоннинг ҳудуди қадимги Туроннинг маданий маркази — юрагини ишғол қилгани, бу муқаддас замин азалдан Туркистон деб келингани сабабли жумҳуриятимиз Туркистон Жумҳурияти деб қайта номланиши — асли номини олиши зарур. Амир Темурдан тортиб Алишер Навоийгача, Авлонийдан тортиб Айнийгача юртимизни Туркистон деб атаганлар. Тилимиз эса барча мумтоз муаллифлар томонидан туркий дейилган. Кимки бунга ишонмаса, истаган қўлёзма асарни варақласин…

Учинчи масала — бу лисоний муҳит масаласидир. Тилимиз давлат тили мақомига тўла ва ўз вақтида эга бўлиши кўп жиҳатдан шу муҳитга боғлиқ. Ахир тил қўлланилиши учун унда гаплашувчилар, уни она тилим деб билувчилар бўлиши, бўлганда ҳам камида муайян маҳалла, шаҳар, туманлар аҳолисининг 75 фоизини ташкил этиши зарур экан. Акс ҳолда тил ҳақидаги ҳар қандай адолатли қонун аскарсиз амирдек бетаъсир бўлиб қолаверади. Масалан, Давлат тили ҳақидаги қонун Тошкент ёки Чирчиқда жуда суст бажарилаётгани бу шаҳарларда ўзбек лисоний муҳити етишмаслигидир. Бу ҳақда илгариги мақолаларимда ҳам тўхталгандим. Яна сўз очишимга сабаб шуки, бир давлат ҳудудида иккинчи бир давлатнинг халқи тўпланиб қолиши мақбул эмас экан. Болтиқ бўйи, Днестрбўйи, Қорабоғ, Абхазия, Тожикистон фожиаларидан келиб чиқиб шу мулоҳазани айтмоқдаман.

Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати оқибатида ХVIII асрнинг тўртинчи чорагида Қрим хонлиги забт этилиб, 2 миллионга яқин қрим халқи Туркияга бош олиб кетгани ва Совет ҳокимияти йилларидаги қатағонлар, кўчириб юборишлар туфайли ҳозир бу диёр аҳолисининг атиги 5 фоизи қрим халқидир. Яқингинада Эстонияда ўтказилган президент сайловида 38 фоиз аҳолининг вакиллари қатнашиш ҳуқуқига эга бўлолмади, чунки улар 1940 йилдан кейин, мустамлакачилик даврида бу ўлкага кўчиб бориб қолган аҳоли ва уларнинг авлодлари экан. Демак, тарки ватан айлашда ҳам узоқни ўйлаб иш тутиш, фарзандлар тақдирини ўйлаб иш тутиш керак экан. Днестрбўйидаги жанжаллар Молдова давлатининг бу ҳудудида молдован тилини давлат тили мақомига қаршиликдан бошланиб кетди. Маълумки, Чор Россияси Кавказни забт этганида абхаз халқи қул бўлишни сира истамаган. Ўтган асрда 100 мингдан ортиқ абхаз казак аскарларидан жон сақлаб қолиш учун Туркияга бош олиб кетишга мажбур бўлган. Абхазлардан холи бўлиб қолган қишлоқларга чор ҳукумати грузинларнинг кўчиб келишига бош бўлган. Натижада бугунги кунга келиб ҳозирги Абхазия ҳудудида яшовчи аҳолининг 17 фоизи тубжой халқ — абхазлар, қолгани грузинлар ва бошқалардир. Амалда абхазлар ўзларининг тарихий ва бирдан-бир мамлакатида майда миллат даражасига тушиб қолишган. Бу ҳолни ўз ватанида майда миллат даражасига тушиб қолган, айниқса, кам сонли халқнинг вакилигина тўла ва теран тушуниши мумкиндир. Чунки танаси бошқа дард билмайди. Қиссадан ҳисса шуки, юртимизнинг ҳар бир гўшасида ҳам жумҳуриятда асосий миллат бўлмиш ўзбеклар аҳолининг 75 фоизини ташкил этишига эриша бориш керак. Чунки республика нуфусининг шунча фоизини ўзбеклар ташкил этадилар, бошқа эл ва элат вакилларининг бир жойга ғуж бўлиб олиши бир кунмас бир кун айрим ғаламисларнинг иғволари, қутқулари туфайли ёмон оқибатларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Масалан, бу ўринда мен (илгари ҳам айтганимдек) Тошкент ёки Чирчиқ, Самарқанд ёки Зарафшон, Фарғона ёки Олмалиқ шаҳарларидаги корхоналарда бўшаб қоладиган ва янги иш ўринларига қишлоқларимизда беиш юрган ёшларни жалб этишни, уларга касб-ҳунар ўргатишни мақбул йўл деб биламан. Хуллас, башорат қилишга ўрганайлик, узоқни кўзлаб иш тутайлик. Мустақиллик дегани — бу ўзинг учун қайғур, мустақил фикрла дегани ҳамдир.

Бу дунё бир неча дунёлардан иборат. Ҳар бир йирик халқнинг ўз дунёси бор. Араб дунёси, инглиз дунёси, испан дунёси, славян дунёси бўлганидек, турк дунёси ҳам азалдан мавжуд: Румодан Ёқутистонгача, Қозондан Кушкагача — жуда улкан ҳудудда турк эли яшайди. Бироқ турк дунёси бошқа дунёларга қараганда жуда тарқоқ. Бунга Туркияда бўлак турк давлатлари узоқ йиллар давомида аросатга тушиб қолгани ва ҳамон каттагина турк замини мустамлака ҳолатида экани ҳам сабабдир. Бироқ ўтган йили Туркистон жумҳуриятлари ва Озарбайжон истиқлолни қўлга киритгани ва бошқа турк элларида ҳам миллий уйғониш бошлангани кишини қувонтиради. Жаҳон тараққиёти яқин келажакда Ер юзида мустамлакалар ва тутқун халқлар қолмаслигини кўрсатмоқда. Миллий уйғониш суръатлари жуда тез. Бундан 50 йил аввал араб дунёсининг асосий қисми асоратда эди. Бугун араб дунёси деярли ҳур!

Турк дунёсидаги тарқоқликка чек қўйишда матбуот, радио ва ойинаи жаҳоннинг ўрни каттадир. Айниқса, бутун турк дунёси учун ягона ёзув қабул қилинса, ўзаро яқинлашиш кучайиши жуда тезлашиб кетиши турган гап. Ёзув бу халқни мустаҳкам боғлаб турувчи маънавий камардир. Ёзувга иши тушмаган, кунда ёзмаган, ўқимаган одам йўқ. Ўзи истамаган ҳолда ҳам ёзувга кўзи тушиши табиий ҳолдир.

Шуни унутмаслик керакки, кирилл ҳарфига ўтиш туфайли кўрилган маънавий зарардан кўра собиқ ССР ҳудудида яшовчи турк халқларининг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида алифболар жорий этилгани кўпроқ зарар келтирди. Агар бу ҳудудда яшовчи барча турк халқлари учун ягона нусха кирилл алифбоси қабул қилинганида турк миллати бу қадар парокандаликка учрамаган, унинг тушунган вакилидан «кимсан» деб сўраганда ҳозиргидек «ўзбекман», «қозоқман» демасдан, сира иккиланмай «турк бўламан» дерди, деб ўйлайман. Биргина кириллицадан йигирмадан ортиқ «кириллицача» ясаб, турк халқини бўлиб ташладилар.

Маълумки, ҳозир лотин ёки араб ёзувига қайтиш хусусида гап кетяпти. Қайси бирига ўтишини келажакнинг ўзи кўрсатади. Лекин қайси бирига ўтишимиздан қатъий назар барча турк халқлари учун (шу жумладан, туркиялик турклар учун ҳам) ягона турк ёзуви жорий этилиши шарт. Ҳозир, масалан, ўзбек ёзуви ҳам, қозоқ ёзуви ҳам кириллицага асосланган бўлса-да, уч-тўртта «ёт» ҳарф киритилганда (марказ томонидан атайин шундай қилинган), бу ёзувлар ўртасига тўсиқ қўйиб қўйилган. Шу тариқа ўзбек алифбоси, қозоқ алифбоси, қирғиз алифбоси ва шу кабилар «яратилган». Натижада, тошкентлик газетхон Олмаотада чиққан газетни ўқий олмайди ва аксинча ҳам худди шундай. Таклиф қилардикки, яна ягона бир араб ёки лотин ёзувларидан ўнлаб туркий «ёзувча»лар яратмайлик. Барча турк қардошлар ўзаро келишиб, ягона ёзувни ёқлаб чиқайлик ва қабул этайлик. Ана шундан кейин ҳақиқий турк дунёси вужудга келиши тайин ва аниқ. Барча турк ўлкалари (Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва бошқалар) ҳамда ҳамма турк халқлари (Гагауз, кўкўғўз, болқор, нўғой, уйғур ва бошқалар)нинг вакиллари қурултой ўтказиб, тил ва ёзув муаммоларини ҳал этиб олишларини тезкор замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.

Бу мақолада сўнгги сўзим шуки, Ўзбекистон Республикасининг қаерида ўзбек (туркий) тили қўлланилмаётган экан, ўша жойга ҳали истиқлол етиб бормабди, деб ҳисоблайман.

Энг сўнгги маълумотларга қараганда, Ер юзида 30 миллиондан ортиқ ўзбек (туркий) тилида сўзлашувчи халқ яшайди ва шундан 13 миллион аҳоли (ўз давлатида яшовчи халқ миллат дейилади, ўзга давлат ҳудудида яшовчи халқ аҳоли бўлади) ҳозирги Ўзбекистон Республикаси доирасидан ташқарида қўшни жумҳуриятларда Афғонистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, АҚШ, Олмония, Россия ва бошқа жойларда кун кечиради. Бу ҳол жумҳурият ҳудудидан ташқарида яшовчи ўзбек (туркий) халқ муаммолари ва уларни еча бориш хусусида Ўзбекистон Республикасининг дастурини тузиб, парламентда тасдиқлатиб олиб ишга киришишни тақозо этади. Бу ҳам миллатлик бурчимиздир. «Эл» халқаро ўзбеклар (туркистонликлар) жамиятининг бир ярим йиллик фаолияти — нима ишлар қилинди — хусусида кенг жамоатчилик иштирокида давра суҳбати ўтказилса яхши бўларди. «Ўзбек тили» жамияти йиллик фаолиятидан ҳам жамоатчилик воқиф бўлиши лозим. Чунки мазкур муассасалар ўзбек (туркий) тилининг ҳолати ва равнақи учун бевосита ва билвосита масъулдир.

Абдуқаҳҳор Иброҳимов

Ушбу мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1992 йил 16 октярбдаги 42-сонидан олинди.