Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит»ни шакллантириш борасида етарлича муаммолар мавжуд. Уларни бартараф этиш давлат ислоҳотига кирмайди, аксинча, мажбуриятдир. Бу ҳақда 21 октябрь куни Сенат Кенгаши мажлисида юқори палата раиси Танзила Нарбаева маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Сенат раисининг айтишича, мамлакатда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ишлари мутлақо янги босқичга олиб чиқилмокда. У мисол тариқасида президент томонидан имзоланаётган қарор ва фармонлар, 2021 йили Ўзбекистонда «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг ратификация қилинганини қайд этди.

Фото: Сенат матбуот хизмати.

«Биринчи навбатда бундай шахслар, уларнинг сони, ногиронлик даражаси тўғрисида аниқ маълумот ва тасаввурга эга бўлдик. Шунингдек, ногиронликни қайд этиш билан боғлиқ мураккаб бюрократик жараёнлар бартараф этилмоқда. Ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилиш бўйича сезиларли ишлар қилинмоқда. Шу билан бирга, мазкур соҳада, айниқса, халқаро мезонлар талабларидан келиб чиқиб, мамлакатда «тўсиқсиз муҳит»ни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада етарлича муаммоларимиз бор», — деди сенат раиси.

Унга кўра, транспорт, овқатланиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар муассасаларда ногиронлиги бор шахслар учун шароитлар яратилмаган. «Албатта, бу вазифа ҳам бир-икки кунда қилинадиган иш эмас. Лекин бу йўналишда амалий ҳаракатларни бошлаш вақти аллақачон келган», — дея қўшимча қилди у.

Танзила Нарбаеванинг айтишича, Ўзбекистонда бугунги кунда 800 мингдан зиёд ногирон инсонлар яшайди. Улар юқорида қайд этилган муаммолар билан ҳар куни ўз ҳаётида дуч келмоқда.

«Жорий йилининг февраль ойида Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси мажлиси доирасида ҳам мазкур муаммоларга тўхталиб ўтгандик. Айниқса, жамоат транспортидаги ноқулайликлар, жумладан, метрополитендан эркин фойдаланишдаги тўсиқлар, унинг қайси бекатлари мослаштирилгани тўғрисида маълумотлар етишмаслиги ва бошқа қатор муаммолар муҳокама қилинганди. Лекин яқинда якунланган ўрганиш ишлари ҳам мазкур масалалар ҳалигача долзарб бўлиб турганини кўрсатмоқда», — деди у.

Сенат раиси Кенгаш йиғилишидан ҳар бир вазирлик ва идора хулоса чиқариши, муаммоларни бартараф этиш учун зарур барча имкониятларни ишга солиши зарурлигини айтди.

«Менга тааллуқли масала эмас экан, деган фикр билан кетиш керакмас. Ҳар бир ташкилот бу борадаги ўзига тегишли масалаларни режа асосида амалга оширмаса, ҳар йили йиғилиш ўтказиб, муаммони қайд этиб ўтираверамиз. Асосий мақсадимиз ногиронларни чеккага чиқариб қўйиш эмас, уларга давлат сифатида шароит яратиб бериш. Аслида ногиронлар учун шароитлар яратиш ислоҳотга кирмайди, бу — бизнинг мажбуриятимиз. Агар уларнинг салоҳиятини ошириши, қизиқишлари билан шуғулланиши, ўқиши, яшаши, эркин ҳаракатланишига имкониятлар яратсак, жамиятда ўз ўрнини топади», — деди Танзила Нарбаева.

Аввалроқ мазкур йиғилишда Тошкентдаги ижтимоий соҳаларга тааллуқли объектларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмагани ҳақида сўз борганини маълум қилган эдик.