Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 22 октябрь куни соат 04:55 да Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлгани ҳақида хабар барилганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур воқеа оқибатида жабрланганлар ҳолати юзасидан маълумот берди.

Хабар қилинишича, ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинди.

Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олган, дейилади хабарда.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, шикастланганларнинг 11 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига жўнатилган, уларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган. 6 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилиб жавоб берилган.

Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи куч ва воситалар жалб қилинган ҳолда ҳарбий қисм атрофида жойлашган маҳаллалар қамраб олиниб, фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, корхона, муассаса ва ташкилотларга етказилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.