Сенат Кенгашининг 21 октябрь кунги мажлисида Фан, таълим ва соғлиқни сақалаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари маълум қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларидан монеликсиз фойдаланишлари учун мослаштириш мавзусидаги йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда кечди.

Қўмита раиси Одилжон Иминовнинг айтишича, ўрганиш давомида Хоразмда 4 та мактаб ва 1 та ОТМнинг кириш қисмида пандуслар ўрнатилмагани аниқланган. «Ногиронларнинг бино ичида ҳаракатланиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади», — деди у.

Таъкидланишича, «Камолот» МФЙдаги контейнердан қилинган тиббиёт пунктида 119 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатда туради, шундан 14 нафари 1-гуруҳ ногирони. Лекин уларга ойда бир мартагина патронаж хизмати кўрсатилиши маълум бўлган.

«Тиббиёт пунктига келиб-кетиш, мобил УЗИ, ЭКГ хизматлари умуман кўрсатилмайди. 25-мактабда 6 нафар ногирон ўқувчига фақат уйида дарс ўтилади, уларга инклюзивликни таъминлаш чоралари кўрилмаган. Тумандаги 1-мактабда пандус ердан юқорида жойлашган, кириш эшикларининг остоналаридаги плинтуслар аравачаларнинг харакатланишига тўсқинлик қилади», — деди сенатор.

Унинг қўшимча қилишича, Урганч давлат университети кутубхонасидаги лифт ишламайди. Ўрганиш мобайнида ногиронлиги бўлган аравачадаги талаба қиз лифт йўқлиги боис бирор марта иккинчи қаватдаги мазкур кутубхонанинг ўқув залига кира олмаганини, брайл ёзувидаги барча адабиётлар ўша ерда жойлашганини билдирган.

«Урганч шаҳрида кўзи ожизлар учун кутубхона ташкил этилган. Ногиронлиги бўлган шахслар кутубхона олдида овозли светофор ва бекатлар йўқлиги, автобусларда махсус мосламалар ўрнатилмагани ва ҳайдовчи томонидан бекатлар эълон қилиб борилмаслиги оқибатида манзилларидан адашиб қолишларини айтган», — деди Одилжон Иминов.

Сенаторнинг қайд этишича, таълим даргоҳларида ногиронларнинг эркин ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар етарлича эмаслиги, инклюзивлик таъминланмаганлиги бундай шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларидан фойдаланишларига энг катта монелик қилмоқда.