Қарши шаҳар собиқ ҳокими Жамшид Фозиловга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти прокуратураси маълум қилди.

Аниқланишича, Ж.Фозилов 2016 йил 09 июль кунидан 2019 йил 26 октябрь кунига қадар Қарши шаҳар ҳокими мансабдор шахс лавозимида ишлаб келган. Шу вақт давомида ўзига берилган мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни содир этган.

Хусусан, у Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссия аъзолари, шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш. Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган.

Оқибатда 2018−2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд 512 млн сўм бўлган жами 463 212,13 м² ер участкаларини жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ўз кучини йўқотган Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ноқонуний ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилинишига сабабчи бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 20 октябрдаги ажримига кўра, Жиноят процессуал кодексининг 242−2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суднинг мазкур ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг якуний тўхтамидан кейин жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилиши маълум қилинди.