Давлат статистика қўмитаси ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган мултииндикатор кластер кузатувлари (MICS)нинг дастлабки натижалари қонунчиликни янгилаш учун асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда пайшанба куни MICS-2022 якунлари тақдимотида иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришда халқаро ташкилотлар ва миллий институтлар ёрдамида олиб борилаётган тадқиқотлар фаол қўлланилмоқда. Ушбу таҳлил ўтказилиб, барча кўрсаткичлар бизга топширилгач, биз эътимол, амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишимиз мумкин. Яъни, бу ҳатто қонунларга ўзгартириш киритишни ҳам талаб қилади», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

«Ҳозир барча давлат органлари ва нодавлат секторда 2023 йилга мўлжалланган Давлат дастурига киритиш бўйича таклифларни шакллантириш устида иш олиб борилмоқда. MICS натижалари, албатта қўлланилади, биз барча кўрсаткичларни кўриб чиқамиз. Биринчи навбатда, булар — соғлиқни сақлаш, таълим масалалари, болаларни тарбиялашда оталарнинг иштироки, болаларни иқтисодий фаолиятга жалб қилиш масалалари — гарчи энг ёмон кўринишдаги болалар меҳнатига барҳам берилган бўлса-да, бу ҳали ҳам қўшимча чора-тадбирлар талаб қилади. Бу давлат, вазирлик ва идораларимиз учун катта фаолият соҳаси. Биз эса бунга албатта фуқаролик жамиятини жалб қиламиз», — деди Сенат раиси.

Баҳодир Бегалов. Фото: Статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегаловнинг сўзларига кўра, кластер кузатувлари натижасида мамлакатда оналар ва болалар турмуш тарзига оид статистик маълумотлар янгиланади ва халқаро маълумотлар базаларида ўз аксини топади.

«Албатта, MICS натижалари бизга сўнгги йилларда аёллар ва болаларнинг аҳволини яхшилаш бўйича сўровларда Ўзбекистон қандай ютуқларга эришганини яхшироқ тушуниш имконини тақдим этади ва шунга мос равишда биз келажакда ишлашимиз керак бўлган муҳим йўналишларни белгилаб беради», — деди Статистика қўмитаси бошқармаси бошлиғи Одил Мамадалиев.

Одил Мамадалиев. Фото: Статистика қўмитаси матбуот хизмати.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ҳам MICS-2022 маълумотларини амалиётда қўллаш ҳақида гапирди.

«MICS учун энг катта босқич бугун бошланади — бу ушбу маълумотлардан қандай фойдаланишни хоҳлашимизни билдиради. Айни пайтда 2022−2024 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон стратегияси тайёрланаётганидан хабаримиз бор. Умид қиламизки, барча вазирлик ва идоралар ўз вазифалари ва дастурларини амалга оширишда MICS натижаларидан фойдаланади», — деди у.

Мунир Мамедзаденинг қўшимча қилишича, MICS натижаларини бошқа тадқиқотлар учун асос сифатида олиш ҳам муҳим. ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари умумий сўров натижаларини шарҳлар экан, уларда қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш учун нафақат давлат, балки жамиятни ҳам сафарбар қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Чунки маълум даражада бу қайта ишлаш кераклигини кўрсатидиган маълумотлар бўлиб, уни таҳлил қилиш ва тушуниш керак. Уларнинг тўғри талқин қилиниши эса жуда муҳим. Сўровноманинг натижалари тўғри қарорларни қабул қилишда фойданланилиши лозим. Биз икки йил давомида жуда кўп куч ва вақт сарфладик, шунчаки нашр қилиш ва уни жавонга жойлаштириш учун эмас. Асосийси, ундан кундалик ишимизда қандай фойдаланишимиздир», — деб таъкидлади у.

Мунир Мамедзаде. Фото: Статистика қўмитаси матбуот хизмати.

«Менда шундай тушунча шаклланганки, биз кўп жиҳатдан хулқ-атвор меъёрлари, жумладан, болаларни тарбиялаш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳақида гапирамиз. Ахир, бу ерда давлат бизни мажбурлай олмайди, биз ўзимиз бунга қарор қилишимиз ва фарзанд тарбиясида оталар иштирокининг муҳимлигини тушунишимиз керак. Кўкрак сути билан боқиш амалиёти ёки оиладаги зўравонликнинг олдини олиш каби кўплаб бошқа масалалар бутун жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни талаб қилади. Шунинг учун биз умумий сафарбарлик — одамларнинг бу жараёнларда иштирок этишига умид қиламиз», — деди Мунир Мамедзаде.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, шунингдек, сўровнома янги муаммоларни кўрсатаётганини ҳам таъкидлади.

«Илгари биз [болаларнинг] тўйиб овқатланмаслиги ёки бўйи пастлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўпроқ гапирган бўлсак, энди ортиқча вазн ҳақида гапирамиз. Биз овқатланишни диверсификация қилиш ҳақида гапирамиз, ўсмирларнинг руҳий саломатлиги ҳақида гапирамиз — бу бизнинг алоҳида эътиборимизни талаб қиладиган янги тушунчалар ҳисобланади. Шунингдек, маълумотлар тўплаш нуқтаи назаридан [болалар ногиронлиги] ва ногиронликнинг тизимли даражада қамраб олиниши муҳимлигини таъкидламоқчиман. Чунки бизда ногиронлик масалалари бўйича тўлиқ маълумотлар йўқ. Шунга кўра, давлатнинг бу йўналишдаги сиёсатини тўлиқ амалга ошириб бўлмайди», — деди у.

Мунир Мамедзаде аҳолини рўйхатга олиш ва юқори сифатли маълумотларнинг тизимли тўпланиши юқоридаги камчиликларни тўлдириш учун яхши имконият эканлигини қўшимча қилди. «ЮНИСЕФ [Ўзбекистон билан] бу соҳаларнинг барчасида ҳамкорлик қилади», деб ишонтирди у.