Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев президент Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 20 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Аввалроқ хабар қилинганидек, ташриф доирасида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади.

Асосий эътибор Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янги босқичда янада мустаҳкамлаш, саноат, энергетика ва кимё тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни кенгайтириш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларига қаратилади.

Ташриф якунида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ташриф давомида Ашхобод шаҳрида «Тошкент» боғини очиш ва Чегараолди савдо марказини қуриш бўйича лойиҳани биргаликда бошлаб бериш режалаштирилган.