20 октябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига тегишли давлат рақами 01 978 LGA бўлган Lacetti автомашинаси йўл қоидасини қўпол бузгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати расмий баёнот берди.

Машина ҳайдовчиси йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этган ва бу ижтимоий тармоқда тарқалган.

Бошқарма ходимлари ҳолат юзасидан суриштирув олиб борганда, ҳуқуқбузарликни ҳайдовчи Б.К. томонидан содир этилгани аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−5-моддасининг 2-банди (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Бу БҲМнинг ўн баравари миқдорида — 3 млн сўм жарима солишга сабаб бўлади. Ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказилди.