Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича, Қибрай туман бўлими ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, 90 гектар ер майдонини 30 000 АҚШ доллари эвазига сотишда гумонланаётган шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, фуқаро Б.Т. фуқаро Н. га ерни аукцион орқали 49 йил муддатга фойдаланиш учун ютиб беришни ваъда қилган. Гумонланувчи «Истиқлол» МФЙ ҳудудидаги ушбу ер майдонини Ўрта Чирчиқ тумани қурилиш бўлимида ишловчи танишлари орқали расмийлаштирмоқчи бўлган.

Шунга ўхшаш ҳолат департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, фуқаро З.С. бошқа бир фуқаро С.нинг ишончига кириб, Бухоро тумани, «Кулонхона» МФЙ ҳудудидаги ўзи ноқонуний фойдаланиб келган захирадаги 8 сотих ер майдонини танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 7 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.