Пайшанба куни кечқурун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкилотнинг хизмат машинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузганига расмий изоҳ берди.

Хабарда айтилишича, 01 978 LGA рақамли машина раҳбар ўринбосарига бириктирилган бўлиб, ҳодиса содир бўлган вақтда ҳайдовчи оила аъзоларидан бирининг соғлиги ёмонлиги туфайли машинани тез ҳайдаган.

У ўз ҳаракати билан бошқа машинага ҳалақит берганлиги учун ўша вақтнинг ўзида узр сўраган. «Айни вақтгача ЙҲХБ томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига олиб кетилган», — дея таъкидлади матбуот хизмати.

Видеода ҳайдовчи ойнани тушириб, қўлини кўтарганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, у бурилиш чироқларини ёқмай машиналарни қувиб ўтган, бу ҳаракатлар эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди.

Қайд этилишича, СЭС раҳбарияти ҳайдовчи билан «тушунтириш-тарғибот ишлари» олиб борган. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳам «профилактик суҳбат» ўтказгани ва машина хайдовчисига 3 млн сўм жарима қўллагани ҳақида хабар берди.