19 октябрь куни Бокуда Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Озарбайжон мудофаа вазири Зокир Хасанов учрашувида 2023 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режаси имзоланди.


Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га берган хабарига кўра, учрашувда ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий-таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.


Баҳодир Қурбонов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат армиясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Озарбайжонга ташрифидан мамнунлигини қайд этиб, самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва яқинлашиб келаётган Ғалаба байрами (Иккинчи Қорабоғ урушидаги ғалаба муносабати билан 8 ноябрда нишонланадиган кун) билан табриклади.

Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Марказий қўмондонлик пунктида бошқарувининг техник имкониятлари билан ҳам танишди.