Энергетика вазирлиги электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Вазирлик матбуот хизмати вазият бўйича мутахассисларнинг прогнозларини маълум қилди.

Унга кўра, атмосфера ҳавосининг майда чанг зарралари билан ифлосланиши, яқин кунларда Ўзгидрометеорология маркази маълумотларига кўра, ойлик ёғингарчиликнинг 70−90 фоизини ташкил этадиган ёмғирлар туфайли электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин.

Бунинг сабаби, электр узатиш линияларида тўпланган чанг ва ифлосланиш, шунингдек, кўп ёмғир ёғиши электр энергиясини узатишда носозликка олиб келади.

Хусусан, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим туманларида қисқа муддатли электр таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин. Ҳозирда бу борада тезкор ишчи гуруҳлар тузилди. Вазирлик электр таъминотидан узилиш ҳолатлари кузатилса, маҳаллий электр таъминоти бўлимларига хабар беришни сўради.