Вьетнамнинг VietJet Air авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни режалаштирмоқда, дея хабар қилмоқда Uzbekistan Airports.

Аавиакомпания Хошимин ва Тошкентни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлайди. Биринчи йўловчи рейси 15 декабрга белгиланган. Парвозлар Airbus А-330 самолётларида 10 кунда 1 марта амалга оширилади.

VietJet Air — халқаро арзон (лоукостер) авиакомпания бўлиб, Вьетнамда ташкил этилган ва штаб-квартираси Хошимин шаҳрида жойлашган биринчи хусусий авиакомпаниядир. VietJet Air беш йил давомида (2017−2021 йиллар) AirlinesRating томонидан энг яхши ультра арзон авиакомпания сифатида эътироф этилган.

Бундан аввал яна бир лоукостер — WizzAir Abu Dhabi авиакомпанияси 13 декабрдан Самарқандга парвозларни амалга ошириши ҳақида хабар берилганди. Чипталар нархи 40 доллардан бошланади. Компания веб-сайтида дастлабки рейсларнинг нархи 90 доллар эканлиги кўрсатилган.